Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Туркия президенти россиялик ҳамкасби билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилмоқда


Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия президенти Владимир Путин билан Кремлда учрашди. 2020, 5 март.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия президенти Владимир Путин билан Кремлда учрашди. 2020, 5 март.

5 мартда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия президенти Владимир Путин билан Кремлда учрашди.

Учрашув арафасида музокараларнинг асосий мавзуси Суриянинг Идлиб вилоятидаги вазият муҳокамаси бўлиши айтилди.

Кейинги кунларда ушбу вилоятда Туркия армияси билан Сурия президенти Башар Асад қўшинлари ўртасидаги қуролли тўқнашувлар юз бермоқда. Россия Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватламоқда.

Путин Эрдўғонга мурожаат қилиб, “бугунги кунда вужудга келган вазиятни бошдан-охир муҳокама қилиб олиш” зарурлигини билдирди. Бундан мақсад “Идлибда рўй бераётган” воқеалар “такрорланиши” ва Россия билан Туркия муносабатлари” бузилишига йўл қўймасликдир. Россия президенти Сурияда турк ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди ҳамда Сурия қўшинлари уларга атай зарба бермаганини айтди.

Туркия президенти Путин билан музокараси “Идлибдаги вазиятни енгиллатиши”га умид билдирди. Унинг сўзларига кўра, учрашувни Истанбулда ўтказиш режалаштирилган эди, бироқ Туркия томони Россия конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича ишлар сабаб уни Москвага кўчиришга розилик берган.

Қайд этиш лозимки, Туркия билан Россия Сурияда бир-бири билан урушаётган томонларни: Туркия қуролли мухолифатни Россия эса, Асад ҳукуматини қўллаб-қувватламоқда. Туркия Асад қўшинларииннг Идлибдаги ҳужумини Россия билан эришилган сулҳ ҳақидаги келишувларни бузиш деб ҳисобламоқда. Президентлар учрашуви олдидан томонлар кескин баёнотлар берди. Бироқ Туркия аскарлари ўлимида бевосита Россияни айбламади.

Сўнгги кунларда Суриядаги жанглар давом этмоқда. Туркия ҳарбийлари Асад қўшинларига қарши курашаётган қуролли мухолифатга артиллерия ва авиация билан кўмак бериб турибди. Хусусан, турк қўшинлари Сурия ҳарбий-ҳаво кучларининг бир неча учоғини уриб туширди.

27 февралда Анқара Сурияни ҳаводан ҳужум қилиб, 34 ҳарбий хизматчисини ўлдирганликда айблади. Туркия эса қасос олиш мақсадида 1 мартда 19 суриялик аскарни дрондан зарба бериб ўлдирди ва ҳукуматнинг иккита ҳарбий учоғини уриб туширди.

Шу пайтгача Туркия билан Россия очиқча зиддиятга бормаган эди, аммо сўнгги воқеалар НАТОга аъзо Туркия билан Россия ўртасида бевосита можаро келиб чиқиши мумкинлиги сабаб хавотирлар пайдо бўлди.

Эрдўғон 1 мартда Путин билан учрашуви олдидан “Идлибда тез орада оташкесимга эришилиши”га умид билдирди.

Анқара Асад қўшинларининг 2018 йилда Москва воситачилигида Идлиб бўйича эришилган келишувда белгиланган чизиқдан орқага тортилишини истайди.

Путин билан музокара осон бўлмаслиги турган гап. Эрдўғон февраль охирида Россия Сурияда четга чиқиб туриши кераклигини ва ушбу мамлакат қўшинлари билан “ора очди” қилиб олмоқчи эканини айтган эди.

Лекин Москва Сурия ҳукумати 2011 йил бошланган фуқаролар урушидан сўнг бўлакларга бўлиниб кетган мамлакатни тўлиқ назорати остига олишини истайди.

Шунинг учун экспертлар Путин Туркия билан уришишни ҳам, ортга чекинишни ҳам истамаслигини айтмоқда.

Яна Ғарб оммавий ахборот воситалари Россия февраль охирида Сурияга кўпроқ денгиз ва ҳаво аслаҳа-анжомларини етказиб бера бошлаганини ёзди.

Қайд этиш жоизки, АҚШ ҳукумати февраль охирида турк қўшинларига ҳужум уюштирилгандан сўнг “НАТО бўйича иттифоқчимиз Туркияни қўллаб-қувватлаймиз”, деб баёнот берди ҳамда Сурия билан Россиядан Идлибдаги “разил” ҳужумини тўхтатишни талаб қилди.

XS
SM
MD
LG