Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:20

Туркманистон коронавирус йўқлигини айтмоқда, бироқ ЖССТ текширувини истамаяпти


Туркманистон мамлакатда коронавирус юқтирганлик ҳолатлари борлигини инкор
қилмоқда (архив сурати).
Туркманистон мамлакатда коронавирус юқтирганлик ҳолатлари борлигини инкор қилмоқда (архив сурати).

Туркманистон ўзида коронавирус йўқлигини иддао қилмоқда, лекин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ЖССТ мутахассисларининг мамлакатга келиб вазиятни ўрганишини истамаяпти.

Туркманистон ҳукумати ҳеч қачон ҳафсалани пир қилишдан чарчамайди, унинг кейинги хатти-ҳаракати ҳам бунинг яна бир исботидир.

Ҳукумат 20 йилдан ошиқ вақтдан бери ўзининг БМТ эътироф этган бетараф мамлакат мақомини тарғиб қилишдан тинмайди.

Бу билан у ўзини ташқи дунёдан “яккалайди” ва ҳокимият идоралари мавжуд деб иддао қилаётган уйғунликни сақлайди гўё.

Ёрқин мисол: Туркманистон ҳукумати мамлакатда коронавирус юқтирганлик ҳолатлари йўқлигини айтмоқда.

Коронавирус йўқ деган иддао кўп томонлар, жумладан, вазиятни ўрганиш учун у ерга делегация юборишни истаган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) учун ҳам қизиқ.

Туркманистонда коронавирус хавфига қарамай оммавий тадбирлар ўтказилмоқда.
Туркманистонда коронавирус хавфига қарамай оммавий тадбирлар ўтказилмоқда.

ЖССТ делегацияси Тожикистонда бўлиб турибди, лекин Ашхобод расмийлари унинг мамлакатга келиши олдини олиш учун ҳар хил найрангларни ўйлаб топмоқда.

ЖССТ делегациясининг Туркманистонга сафари қолдирилиши хавотирли ҳолдир.

Агар Ашхобод чиндан ҳам коронавируснинг мамлакатга кириши олдини олган бўлса, Туркманистон ҳокимияти ЖССТ делегациясининг бу ерга келиб, вирус устидан эришган ғалабасини қайд этишидан хурсанд бўлиши керак эмасми?

Балки у ерда бошқа мамлакатлар ўрнак олишга арзийдиган ишлар
қилинаётгандир?

Бўлмаган гап

ЖССТ делегацияси келишига тўсқинлик қилишнинг яна бир сабаби бор.
Туркманистонга қўшни барча мамлакатларда коронавирус юқтирганлик ҳолатлари қайд этилган.

29 апрелгача яна Тожикистонда ҳам бунақа ҳолатлар қайд этилмагани иддао қилиниб келаётган эди.

29 апрелда 15 та коронавирус юқтирган киши аниқланган бўлса, 7 майга келиб, бу кўрсаткич 500 тага яқинлашиб қолди.

Кўпчилик Тожикистонда коронавирус юқтирганлар олдин ҳам бўлганини, расмийлар COVID-19 юқтирганлар ва ўлим ҳолатларини бошқа касаллик, масалан, "зотилжам деб кўрсатасан" деб врачларга буйруқ берганини айтмоқда.

Туркманистондаги аҳвол ҳам шундай, чунки февралдан бери у ерда
зотилжамдан ўлаётган беморлар сони жуда кўпайиб кетди.

Мабодо ЖССТ делегацияси Туркманистонга боришига рухсат берилса, улар ушбу мамлакат шарқидаги Лебап вилоятида ташкил қилинган карантин зонасини бориб кўришни талаб қилиши аниқ.

23 апрелда ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий директори Ҳанс Клуге Твиттерда Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари ЖССТ делегацияси ушбу мамлакатларга боришига қарши эмаслигини ёзгандан сўнг Лебап вилояти расмийлари карантин зонасидаги беморларни бошқа жойга кўчириш тараддудига тушиб қолди.

Айрим хабарларга қараганда, ўша карантин зонасидаги 7 киши коронавирус юқтириб олган.

27 апрелда Туркманистон шарқида рўй берган кучли шамол аҳоли пунктларига қаттиқ шикаст етказди, лекин расмий Ашхобод бу ҳақда ҳеч қандай хабар тарқатмади.

“Азатлик” радиоси ўша қаттиқ шамол вақтида камида 30 киши
ҳалок бўлганини маълум қилди. Лекин ҳокимият идоралари ушбу фалокатдан зарар кўрган минглаб оилаларга ҳеч қандай ёрдам бермаяпти.

ЖССТнинг гумон қилинган жойларга боришни талаб қилиш ваколати йўқ.

Ҳар бир ҳукумат ушбу ташкилот билан ҳамкорлик даражасини ўзи белгилайди.

ЖССТнинг Туркманистондаги вакили Паулина Карвовска май ойи бошида Лебап вилоятидаги карантин зоналарини бориб кўрди.

Биз Туркманистон соғлиқ сақлаш идораларининг коронавирус юқтирганлик ҳолатлари ҳақида хабар беришини кутяпмиз.

‒ Биз Туркманистон соғлиқ сақлаш идораларининг коронавирус юқтирганлик ҳолатлари ҳақида хабар беришини кутяпмиз, аммо ҳозирга қадар бирор вирус юқтирганлик ҳолати ҳақида бизга ҳеч қандай маълумот берилмади, ‒ деди у.

Туркманистон ҳукумати ҳалигача ЖССТ делегациясига мамлакатга ташриф буюриш учуун таклифнома юбормай турибди.

Шунинг учун бўлса керак, Клуге Россиянинг Роспотребнадзор ташкилоти раҳбари Анна Поповадан Тожикистон ва Туркманистонга мутахассисларини юборишни илтимос этгани хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG