Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:07

Халқаро блогерлар куни: Ўзбек блогерлари мустақилми?


Блогерлар орасида фаолияти учун ҳибсга олинганлар, қамалган ва жазо муддатини ўтаётганлар бор.
Блогерлар орасида фаолияти учун ҳибсга олинганлар, қамалган ва жазо муддатини ўтаётганлар бор.

Халқаро блогерлар куни нишонланаётган бир пайтда Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида фаолият юритаётган блогерлар ўзларига босимлар кучайганидан хавотир билдирмоқда.

Ўтган йили халқаро матбуот ташкилотларининг сўз эркинлиги рейтингида пастлаган Ўзбекистонда Озодлик “блогерлар мустақилми?”, деган савол билан уларнинг ўзларига мурожаат қилди.

14 июнь куни Халқаро блогерлар куни нишонланди.

Жаҳонда профессионал блогерлар куни 2004 йилдан бери нишонланади. 40 давлатдан бўлган 500 нафар интернет блогери ўзаро дўстона муносабатларни ўрнатиш мақсадида бу кунни ўзининг касбий куни деб эълон қилган.

31 августда эса Блог куни нишонланади.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига кўра, бугунги кунда мамлакатда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22,1 миллиондан ошган, шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони 19 миллион одамни ташкил этмоқда.

Юз минглаб обуначиларига эга ўзбек блогерлари YouTube, Facebook, TikTok, Instagram, Одноклассники, ВКонтакте ва бошқа ижтимоий тармоқлар, Telegram, WhatsApp, IMO ва бошқа мессенжерларда фаолият олиб боради.

Россия, Қозоғистон, АҚШ, Туркия, Европа давлатлари, Жанубий Корея, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлардан интернетнинг ўзбек сегментида ишлаётган блогерлар сони кўпайиб бормоқда. Ўзбекистоннинг ўзида эса, охирги 3-4 йилда фаоллашган блогерлар маҳаллий ҳоким ва амалдорларнинг танқидчисига, жамиятда бўлаётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисаларни ёритувчи ва таҳлил қилувчи жиддий қатламга айланди.

Озодлик суҳбатлашган бир неча блогер бугунда турли маблағ эвазига “троллик” қилаётган ёки “буюртма” мақола ва блогпостларни чиқараётган блогерлар йўқ эмаслигини тасдиқлади.

Улар турли инъомлар, туҳфа ва моддий рағбатлантириш эвазига ҳамкорлик қилишга кўнишганини айтишди.

Айни дамда охирги 1-2 йилда Ўзбекистонда Россиядан қайтиб келган бир гуруҳ блогерлар фаоллашгани кузатилади. Бу блогерлар, айниқса Ўзбекистон ичкарисидаги мавжуд ҳокимият танқидчилари, сиёсий фаоллар, хориждаги мухолифат вакилларига қарши блоглари ва постлари билан танилмоқда.

Шу йилнинг 10 июн куни Москвадан Қарши шаҳрига учиб борган влогер Искандар Македонский мамлакатга киритилмади.

Бундан олдинроқ, 24 январь куни қирғизистонлик блогер ва ижтимоий фаол Баҳром Раҳмон Андижоннинг “Дўстлик” чегара пунктидан Ўзбекистонга киритилмаган эди.

Иккала блогер ҳам киритилмагани ҳеч қандай изоҳланмаган бир парча қоғоз билан чегарадан ортга қайтарилди. Ўзбекистонлик бўлмаган бу блогерлар Ўзбекистонга киришга тақиқни ўзларининг фаолияти билан боғлайди.

Озодлик суҳбатлашган бир неча блогер охирги пайтларда ҳатто Россиядан ташқарида ишлаётганларга турли йўллар билан босимлар бўлаётганини хабар қилган.

Хўш, Ўзбекистон ичкарисидаги блогерлар қанчалик мустақил? Қайси блогер ўзининг касбий байрами кунида ҳеч қандай тўсиқлар ва цензурасиз фикр билдира олади, танқид қила олади?

“Блогерларнинг майда ишларга таъсири катта, йирикларига – йўқ!”

Жамоатчилик фаоли ва блогер Фарруҳ Самарқандий фикрича, Ўзбекистон ва ташқарисида фаолият юритаётган блогерларга “нимани гапириш мумкин – нимани мумкин эмас”лиги тушунтириб қўйилган.

У танқидий блогерликни бошлаш истагида бўлган интернет фойдаланувчиларига “аноним” тарзда фаолият юритишни тавсия қилди.

- Йўлдаги бирор яма ёки очиқ ётган люкни чиқиб гапирсам, булар муносабат билдириб, ямани ямаяпти. Блогерларнинг мана шунақа кичкина, майда ишларга жуда таъсири катта! Аҳолининг катта дардлари, масалаларида ҳам блогер сифатида шахсий фикрингизни билдиришингиз мумкин, бунга ҳукумат очиқ. Аммо раддия беришдан нарёққа ўтмайди. Катта муаммолар очиқ қолаверади. Масалан, Самарқанд паркларидаги антисанитария, бузилаётган жойлар, дарахт кесишлар, Ургутдаги ўрмонзорда одамлар ташлаб кетган ахлатларни ёзсам, Экология бориб қоровулни штраф қилганини ёзибди. Хуллас, муносабат, раддия, реакция бор иш йўқ!

Қолаверса, мени синдириш қийин иш эмас. Яқингача ҳокимиятда ишлайдиган валломатлар отамга телефон қилиб, ҳар бир постимни муҳокама қиларди. Улар “уй цензураси”ни ташкиллаштирарди. Бизда танқидга тоқатсизлик бор. Мен жамиятдаги муаммоларни кўтариб чиқишга ҳаракат қиламан, холос. Ўзбекистонда табу бор: шахсан менга ҳам “мана бу-мана бу одамларни танқид қилмайсан, мана бу мавзуларни кўтармайсан” , дейишган. Бизда бу тақиқни ошиб ўтадиганлар бор, албата, лекин вақтинча бўлса керак. Шахсан мен мустақилман ва билган фикримни ёзиб юрибман.

“Блогерлар фаолиятини кескин чеклаб қўйилди"

Россияда фаолият юритаётган блогер Жўрабек фикрича, Ўзбекистонда ҳақиқатни гапирувчиларга халқ орасида “закончи” ва “сотқин” тамғаси босилган.

У Ўзбекистон ичкарисида саноқли блогер ўзининг мустақил эканини айта олади, деган фикрда:

- Халқ орасида блогерларга “терпила” ва “козёл”, деб ном қўйишган. Истаганини “подставка” қилиш мумкин. Ўзбекистонда “сўз эркинлиги” дейишадию, Сатторийга ўхшаганлар масаласида кўз юмади. Блогерлар бизда икки тоифага ажралди: биттаси фақат бизнес қилади; қолгани ҳокимиятдагиларни ё танқид қилади ё мақтайди! Мустақил блогерлар бор, лекин уларни кескин чегаралаб қўйишган. Мен гаплашган блогерларнинг жуда кўпи бу нарсани тасдиқлаб берган.

Ўзбекистон ичкарисида бир қанча блогер ҳукумат органларига ишлаши ҳаммага аён бўлиб қолди. Улар ўзларини сиёсий блогер сифатида кўрсатади, лекин аҳамияти бўлмаган нарсаларга одамларнинг эътиборини чалғитиш билан шуғулланади! 1 миллионлик аудиториясини “мен ватанпарвар-элпарвар” деб алдаб келаётгани ачинарли ҳолат: одамлар ҳам ёлғонга ишонаверади. Агарда мен сиёсат ҳақида гапиришни бошласам, “бу душман, кўролмаяпти, Россиядан туриб иғво қилмоқчи” деган гаплар билан оғзимни ёпади. Бизда сиёсий муаммолар, Ҳаво йўллари, ёғ-пахта масалалари, машина монополияси туриб, оч халққа яланғоч қизлар ва шайтонни томда кўрсатиш билан овора.

"Ҳамкорлик” таклифлари

Ўзбекистонда Шоввозсой тўғрисидаги шов-шувли материаллари билан танилган Алексей Гаршин мустақил блогер бўлиш хатарли, деган фикрда.

У махсус идоралардан ҳамкорлик масаласида тушган таклифларни рад этганини маълум қилди:

- Ўзбекистон ташқи бошқарувга ўтиб бўлди, мамлакат олигархларга сотилди, халқда ҳеч нарса қолмади, қонунлар амал қилмаяпти, амал қилганиям фақат уларнинг фойдасига ишлаяпти. Бундай вазиятда ўзгариш қилиш зарур. Ўтган бир йил ичида менга психологик босимлар, телефон ва интернет орқали таҳдидлар, болаларимга таҳдидлар бўлди. Айтишим мумкинки, менга “ҳамкорлик” қилишни анчадан бери таклиф қилишади. Иш топиб беришни таклиф қилишган. Улар мен бу таклифларни қабул қилмаслигимни тушуниб, бошқа йўлларга ўтишди. Улар менинг Ватанимни, мамлакатимни йўқ қилишаётган бир пайтда уларга қандай ишлашим мумкин?!

Албатта, кимдир бу таклифларни қабул қилгани кўриниб турибди. Одамлар кўр эмас. Масалан, кимдир депутатлар орасидаги блогерларни мақтаяпти. Менимча, бунинг ҳаммаси “ўзбек демократияси” деб номланган шоу, улар чизилган чизиқдан ўтолмайдиган кимнингдир қўлидаги қўғирчоқлар!

Сайлов арафасида босим кучайди

10 июнь куни Ўзбекистонга киритилмаган блогер Искандар Македонский Ўзбекистонда блог юритувчиларнинг аксарияти мустақил эмас, деган фикрда:

- Мустақил бўлган блогерларга ичкарида очилишга имкон беришгани йўқ. Қўрқади? десам хато бўлса керагу, ўзини-ўзи цензура қилиш мавжуд. Кўп блогерлар ҳукумат одамларига ишлашини албатта очиқламайди, аммо айтмаса ҳам бизнинг менталитетимизда “ўзини яхши кўрсатиш”, “пахта қўйиш” деган нарсалар бор. Ундай блогерларни махсус жалб қилиш ҳам шартмас – ўзлари мақтайверади!

Кучли ўғрилар туриб, кучсиз оппозиция вакилларига ташланишни энг ёмон иш, деб биламан. Айрим блогерларнинг қолган партия вакилларига фикр билдирмасдан, фақат мухолифатни танқид қилишини давлат, сўз эркинлиги ва инсон ҳақ -ҳуқуқларига тупуриш деб ҳисоблайман. Сайлов арафасида блогерларга босим кучайди, Мирзиёев командаси тўлиқ илдиз отиб, эндиликда одамларнинг миясига кириб бориш навбати келди. Ҳозир топдаги блогерларнинг бир қисми юқоридагилар билан муносабати борлигини ҳамма билади.

Менга бевосита хавфсизлик хизматидан чиқиб, ҳамкорлик таклиф қилишмаган бўлса-да, нотаниш аккаунтлардан таклифлар тушган. Албатта, мен бу таклифларни қабул қилмаганман.

Таҳдидлар

Ўзбек сегментида сиёсий шарҳлари ва Россияда профессор Хидирназар Оллоқулов партиясига овоз йиғиш билан танилган блогер Озодбек Қурбонов блогерларга босим кучайиб бораётганига қарамасдан, таҳдидларга эътибор бермай қўйганини айтади.

Озодбекнинг фикрича, Ўзбекистонда "барча блогерларга чегаралар чизиб берилган, ундан чиққанлар босим остида қолади":

- Чегарадан ошган блогерларга дарров телефон қилишади, “Ўчириб ташла!”, дейди. Акс ҳолда, босим қилади. Босим телефон қилишдан бошланади ёки тўғри уйга келади. Лекин, булар орасида пулгамас, текинга маддоҳлик қилиб юрганлари ҳам бор! Бошқалари босим туфайли ишлайди. Яна бир усули – ким мурожаат қилган бўлса блогда, ўшанга босим қилишади. Ўзбекистонда амалдорларни танқид қилиш мумкин эмас. Айниқса, президент билан ҳокимга тегиндингиз – тамом, тақиллатиб келишади! Бундан видеоларимдан бирида Хидирназар Оллоқулов суди куни блогда гапирган бир наманганлик акахон уйига борганида, маҳаллақўм “Бу ердан кетинг, сизни ушлаб олиб кетишади!”, деган. Ҳозиргача Тошкентда ҳимояга муҳтож бўлиб сарсон. Айрим блогерлар махсус хизматларга сотилгани аниқ! Шулардан биттаси менинг оилам тарихини олиб чиқиб, оммага тарқатиб юрибди. Отам-онамни гапириб, ўзича мени шарманда қилдим, деяпти. Бу маълумотларни ким беради унга? Албатта, ДХХ. Ўзини “мустақил” деб юрадиган яна биттаси эса, Хидирназар домла ва бошқаларни судга бергани экан, кейин билсак.

Улар менга ҳам таклиф қилишган “ҳамкорлик”ни: “кредит берамиз, ишини тўхтатсин, ажралсин партиядан, тинч юрсин” деб оила аъзоларимга борган, қариндошларимга айтиб кетишибди. Булар шахсан блогернинг ўзига чиқмайди -қариндошлари орқали босим қиларкан!

Бу йил Ўзбекистон Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида бир поғона пастлади.

Ташкилот эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистонни 180 давлат ичида 157-ўринга қўйган.

2020 йилдаги рейтингда Ўзбекистон 156-ўринни эгаллагани эътиборга олинса, бу йил мамлакатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ ҳолат ёмонлашгани англашилади.

Халқаро блогерлар куни нишонланган 14 июнь куни сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг ўтган ой чиқарилган қамоқ ҳукми устидан аппеляция шикояти Самарқанд вилоят судида кўрилиши маълум қилинди.

Шу йилнинг 10 май куни Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди 40 ёшли Отабек Сатторийни 6 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарганди. У маҳкамада айбсизлигини айтиб, маҳаллий ҳокимият коррупцияга қарши чиқишлари учун ўзидан қасос олаётганини иддао қилган.

XS
SM
MD
LG