Фарғона вилоят, Тошлоқ туманида оила қурмоқчи бўлган бир гуруҳ куёв-қаллиқлар ўзлари билмаган ҳолда Халқ демократик партиясига аъзо бўлиб қолди.
Бу ҳақда ўзи гувоҳи бўлган воқеадан келиб чиқиб хабар қилган фарғоналик блогерга кўра, партияга аъзолик гувоҳномасини топшириш маросими “ҳисобот учун” фотосуратга ҳам олинган.
ХДП Тошлоқ туман кенгаши раиси 7 август куни куёв-қаллиқларнинг партияга қабул қилингани билан боғлиқ ҳолатни ўрганиб чиқажагини билдирди.
ХДП марказий қўмитаси аъзоларидан бири айрим идора раҳбарлари “маъмурий бошқарув ричагларидан” фойдаланиб, ўзлари аъзо бўлган партияларга одамларни жалб қилишини эътироф этди.
Фарғоналик блогер, “Тошкент овози” видеоблоги бошловчиси Бобур Мухторов ўзининг Фейсбук саҳифасида оила қурмоқчи бўлган бир гуруҳ ёшлар 7 август куни Фарғона вилоят, Тошлоқ туманида Халқ демократик партияси аъзолигига қабул қилинганига гувоҳ бўлганини ёзди.
Блогернинг Озодликка ҳикоя қилишича, унинг ўзи ҳам оила қуриш мақсадида ФҲДЁ бўлимига ариза топширган, у ердан эса, “оила мустаҳкамлиги тўғрисида маъруза тинглагани” тўғрисида сертификат олиш учун “Оила” марказига юборилган.
Бобур 7 август куни қаллиғи билан “Оила” марказига боради ва бу ерда қандайдир мажлиснинг устидан чиқади.
- Мажлислар залида биздан ташқари 4 жуфт куёв-қаллиқ бор эди. Мажлис Халқ демократик партиясиники экан, мажлисни бошлаб, тўрт томондан расмга олишни бошлашди. “Бу расм нимага керак?”, десам жавоб беришмади. Президент ислоҳотлари яхши кетаётгани, ХДП вазифалари ва ишлари тўғрисида гап кетди. Бирдан ХДПга аъзолик тўғрисидаги гувоҳномаларни олиб киришди ва шу ердаги ёш келин-куёвларга қарсаклар билан топширишди! Ёнимда гувоҳнома олган боладан “Хабарингиз бормиди гувоҳномадан?”, деб сўрасам, “Йўқ, мен бир қоғозга қўл қўйдиришга келганман, билмагандим”, деди, дейди ўзи ҳам партияга аъзо бўлишига сал қолганини гапирган блогер Бобур Мухторов.
Блогернинг айтишича, мажлисда Халқ демократик партиясига жами 6 нафар бўлажак эр-хотин қабул қилинган.
Мажлисдан кейин блогер Бобур Мухторовнинг “Бу расмлар нима учун керак?” деган саволига ХДП вакилидан “Бу расмлар бизнинг қилаётган ишларимизни кўрсатиш учун керак, файлларга қўямиз!”, деган жавоб олади.
Озодлик 7 август кунги мажлисда ХДПга қабул қилинган куёв-қаллиқлар билан боғлана олмади. Бобур Мухторов эса, партияга қабул қилинмаганини ФҲДЁга аризани кечроқ топширганидан деб билаётганини айтди.
Озодлик 7 августдаги йиғилиш масаласида изоҳ сўраб ХДП Тошлоқ туман кенгаши раиси Турсунбой Солиевга мурожаат қилди. Партия етакчиси блогер келтирган маълумотларни қатъиян инкор қилиб, деди:
- Йўқ. Бизда мажбурий партияга қабул қилинмайди. 7 август куни мен йиғилишда шахсан йўқ эдим, лекин ким уларни қабул қилгани масаласини ўрганиб чиқамиз. Бизда ўзимизнинг партия дастури ва Низоми бор – қабул қилишдан олдин тушунтирамиз, тарғибот-ташвиқот орқали ихтиёрини биламиз ва ўзларини аризаси билан партияга қабул қиламиз. Бошланғич партия ташкилотлари партияга аъзоликка қабул қилади. Тошлоқ туманида 2701 нафар ХДП аъзоси бор. Бизда “шунча аъзо йиғасан” деган план қўйилмайдику?!
Халқ демократик партияси Марказий қўмитасида ҳам Озодлик сўровига партияга қабул қилиш жараёни мутлақо ихтиёрий равишда ўтишини ва мажбурлаш ҳолатлари бўлиши мумкинлигини инкор этишди.
Турсунбой Солиев ХДП партиясида ҳозирда жорий йилнинг декабрида Ўзбекистон халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва вилоят кенгашларига сайловларда иштирок этишга тайёргарлик бошланиб кетганини айтиб ўтди.
ХДП марказий қўмитасининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган аъзоларидан бири айрим идора раҳбарлари “маъмурий бошқарув ричагларидан” фойдаланиб, ўзлари аъзо бўлган партияларга одамларни жалб қилишга уринади, дейди.
- Масалан, қайси ўқув юрти ёки корхонада раҳбар у ёки бу партия аъзоси бўлса, ўша ердаги аксар талабалар ёки ишчилар шу партия аъзоси бўлиб қолаверади. Кўп ҳолларда ўзлари билмаган ҳолда! Тошлоқда ҳам “Оила” маркази раҳбари ХДП аъзоси бўлса, келаётган ёшларнинг аксари шу партияга қабул қилинаверади. Ҳар бир партия Ўзбекистонда сайловларда иштирок этиш учун муайян сонга эга бўлиши керак. Масалан, президент сайловларида вакилни илгари суриш учун одам сони жуда муҳим роль ўйнайди. Ҳар бир партия янги ташкил топганида албатта аъзо йиғиш муаммоси олдида туради. Қолаверса, депутатликка номзод қўйган шахс ортида “Шунча одам бор!” деган гап, унинг келгуси сайловларда нуфузини оширади, деди ХДП марказий қўмитасининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган аъзоларидан бири
Айни дамда, Ўзбекистон Халқ Демократик партияси расмий сайтида партия аъзолигига қабул қилиш, аъзоликдан чиқариш шартлари ва тартиби аниқ белгилаб берилганини кўриш мумкин.
Унда “Ўзбекистон ХДПга аъзолик фуқароларнинг конститусиявий ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди. Унинг аъзоси бир пайтнинг ўзида бошқа сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши мумкин эмас”, дейилган.
Озодлик жорий йилнинг май ойида Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг айрим ходимлари “Ўзбекистон Экологик партияси” га аъзо бўлишга мажбурланганликлари борасида хабар қилган эди. Экология партияси ходимларидан бири партия “400 мингта аъзоси бўлмаса¸ тузилмас экан”, деб айтган.
Ўзбекистон Компартияси меросхўри бўлган Халқ демократик партиясига 1991 йил 1 ноябрдаги партиянинг Таъсис қурултойида асос солинган. Ҳозирда ХДП Ўзбекистон олий вакиллик органида “парламент мухолифати” вазифасини бажариб келади.