Хоразм вилоят, Янгобозор туманидаги 300 га яқин фермернинг 3 минг гектар ерга экилган шолиси сувсизликдан қуриб қолди.
Бу ҳақда Озодликка маълумот жўнатган янгибозорлик фермернинг иддао қилишича, туман ҳокимлиги шолига сув берадиган насослар электрини ўчиргани ортидан шоли сувсиз қолган.
"Хоразм ҳудудий электр тармоқлари" идорасининг Озодлик суҳбатлашган мулозимига кўра¸ электр қуввати таъминоти фермерларнинг қарздорлиги боис узилган.
Вилоят ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўйича мутасаддиси шоликор фермерларнинг насосларини электрдан узиш ҳақида вилоят ҳокимлиги буйруқ бермаганлигини айтди. Мулозимга кўра¸ “шоликорларни электрдан нега узилганини туман ҳокимлиги билади”.
Янгибозор туманилик 38 яшар шоликор фермер Мансурбекнинг Озодликка айтишича, у бу йил 9 гектар ерга шоли эккан ва униб чиққан шоли кўчатлари ярим қарич бўлганида қуриб қолган.
Мансурбек Озодликка ўз шолипоясининг 3 июль кунги ҳолати акс этган видео ва фотосуратларни жўнатди.
Тасвирларда қуриб-қақшаган шолипоя ва ишламай ëтган сув насослари акс этган. Фермер вилоят ҳокимлигининг шоликорларга "ўгай кўз" билан қарашидан норози:
-Ўзи бу йил шолини кечикиб экдик. Мен, масалан, 22 майда экиб бўлувдим. Бу жуда кеч. Чунки ҳоким шоли экмайсан деб оëқ тираб туриб олди. Прокурор қамайман шоли эксанг деди. Биз Бош вазирга шикоят қилганимиздан кейин экишга рухсат берди. Бош вазир селекторда экавер шолини, деб айтди. Бундан қувониб кетиб, туманда 280 фермер шоли экди. Бошида сув ҳам бўлди. Аммо ҳокимликдан одам келиб сув насосларни электрдан уздириб ташлади. Сувсизликдан шоли қуриб қолди.
Айни масала юзасидан Хоразм вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктамбой Қурбоновга қўнғироқ қилдик.
Ўзини ўринбосарнинг ëрдамчиси деб таништирган мулозим “вилоят ҳокимининг фермер насосини ўчиришдан бошқа иши йўқми?! Нега шоликорларнинг электри ўчириб қўйилганини Янгибозор туман ҳокимлигидан сўранг. Нима сабабдан ўчирилганини улар билади”, деб жаҳл қилди.
Туман ҳокимлиги мулозимлари эса воқеани изоҳламади.
Фермерлар электрдан қарзми?
"Хоразм ҳудудий электр тармоқлари" идорасининг Озодлик суҳбатлашган мулозимига кўра¸ сув насослари электрдан фермерларнинг қарздорлиги боис узилган.
Нега пахта далаларига сув берадиган насослар эмас балки айнан шолига сув берадиган насослар электри ўчирилди, деган саволга мулозим аниқ тиниқ жавоб бера олмади.
Мулозимнинг айтишича, “пахта бўйича кўрсатма бўлмаган”:
- Электрни асосан шоликорлар оляпти. Насослар асосан шолига ишлаяпти. Шоликорларни электр олиш бўйича лимити тугаган. Фермерларда пул йўқ. Банклар ҳам бу йил кредит бермади. Шунақа бир-бирига боғлиқ муаммо.
Шоли эккан "онасини кўради"
Озодликнинг ўрганишича¸ Хоразм вилоятининг бошқа туманларида ҳам шоликорларга давлат мулозимлари тарафидан босим ўтказилган.
Масалан, Шовот туманидаги ўзини Маримбой деб таништирган фермер¸ ҳоким буйруғи билан туман прокурорининг шоли эккан фермерларни текшир-текшир қилиб чарчатаëтганидан Озодликка шикоят қилди:
- Олдин экмайсан деб устимга участковойни юборди. Селекторда Бош вазир экавер деганидан кейин эксам, яна устимга келишди. Бу ерга режа бўйича мош билан кунжут экиш керак эди, деб. Ўзи ботқоқ бир жой бу. Мош битмайди¸ кунжут нималигини ҳам билмайман. Бу ерда фақат шоли битади.
Маримбойнинг айтишича¸ ҳокимлар учун пахта ва буғдой эккан фермер қадрли¸ шоли эккан одам душман:
- Инсоф йўқ ҳокимларда. 100 гектар жойга пахта экканман. 8 гектарга шоли экдим. Шу шоли ҳосилини сотиб қаддимизни ушлаймиз. Бу шолидан давлатга ҳам топширардик, пахтага ишлайдиган одамларимизга ҳам берардик. Агар ҳокимлар тушунса, шолидан тушган даромад пахтага спонсор бўлиб турибди.
Мош экиш ҳақида кўрсатма
Озодлик шоликорларга ўгай муносабат ҳақида Хоразм вилоят прокуратурасининг қишлоқ хўжалигига масъул бўлган ходими билан суҳбатлашди. Исми эфирга берилмаслигини сўраган прокуратура ходимига кўра¸ текширувлар Бош прокуратура талаби асосда режали олиб борилмоқда:
- Вазирлар Маҳкамасининг 29 мартдаги 259-сонли қарори асосида текширилмоқда (“2019 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарор - таҳр.) Вилоятдаги фермерларга сабзавот, полиз, картошка, кунжут, мош ва озуқа экинлари экиш бўйича кўрсатма берилган. Аммо улар шу экинлар ўрнига шоли экаëтганини аниқлаб, жазолаш бизнинг зиммамизга юклатилган.
Тошкентлик тупроқшунос олим Нозимжон Сувоновнинг Озодликка айтишича, Хоразмда шоли экиш масаласида раҳбариятда ягона сиëсат йўқ:
- Бир тарафдан прокуратура келиб, Хоразм иқлимига мос бўлмаган экинларни шоли ўрнига экасан, деб босим қилади. Иккинчи тарафдан Бош вазир Абдулла Ниғматович май ойидаги селектор йиғилишида шоли экинглар деб айтади. Ҳатто шу йилнинг 17 апрелида Бош вазир имзоси билан Вазирлар маҳкамаси қарор чиқариб Шоличилик илмий-тадқиқот институти Хоразм филиалини ташкил қилди. 327-сонли қарорда ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитлари шоли етиштириш учун мос эканлиги айтилади.
Тупроқшунос олим Нозимжон Сувоновга кўра¸ Ўзбекистонда сув танқислиги сабабли шоли экиладиган майдонлар 162 мингдан 94 минг гектаргача қисқартирилган.
- Бу қисқартириш оқибатида Ўзбекистонда гуруч нархи кўтарилди. Нархлар кўтарилишининг асосий сабаби сув танқислиги, ўтган йилга нисбатан суғориш сувининг етишмаслиги ва экин майдонлар камайиши билан боғлиқ.