Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:15

"Биз ҳам йўл тўсайликми?". Норози аҳолининг чироғи ёқиб бериляпти - бошқалар қоронғида ўтирибди (ВИДЕО)


Музработликларнинг айтишича, улар йўлни 2 соат давомида тўсиб қўйишган
Музработликларнинг айтишича, улар йўлни 2 соат давомида тўсиб қўйишган

28 декабрь куни Қўқонда газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози бир гуруҳ аёллар шаҳар ҳокимлиги олдидаги йўлни тўсиб қўйди.

26 декабрь куни Сурхондарё вилояти, Музработ тумани, “Оби ҳаёт” маҳалласи аҳли 2 соат давомида Музработ-Ангор йўлини тўсиб қўйиш ва шиналарни ёқиш билан ўз норозилигини изҳор қилган эди.

Расмийлар иккала ҳолатда ҳам “муаммо ечимини топганини” билдирди.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб электр ва газ тақчиллиги давом этмоқда.

Қўқонликлар: Газ, свет йўқлигидан тўйиб кетдик

28 декабрь куни эрталаб бир гуруҳ аёллар газ ва электр муаммосига норозилик сифатида Қўқон шаҳар ҳокимлиги биноси олдидаги йўлни тўсиб қўйди.

Воқеа жойидан олинган видеода ўндан зиёд аёлнинг йўлни тўсиб, машиналарни ўтказмасликка ҳаракат қилаётгани кўринади.

“Қўқон шаҳрида, ҳокимият атрофида яшовчи аёллар йўлни тўсяпти. Ҳокимият биноси олдидаги йўлни. Чунки уйларида газ йўқ, свет йўқ. Мутасадди ходимларни бир неча маротаба чақирдик, лекин улар бизни эшитишни истамади. Газ, свет йўқлигидан ҳақиқатан ҳам тўйиб кетдик", - дейди норозилик чиқиши иштирокчиларидан бири.

Аёллар йўлни бўшатишни сўраган ҳайдовчига қарата, “Уриб кетишингиз мумкин бемалол, тўйиб кетганмиз, барибир уй совуқ”, - дейди.

Қўқонликлар: Газ, свет йўқлигидан тўйиб кетдик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Озодлик Тошкент вақти билан соат 14:00ларда Қўқон шаҳар ҳокимлигига боғланди. Телефон гўшагини кўтарган ҳокимлик ходими норози аёллар муаммоси ҳал бўлганини билдирди.

“Мана ҳокимлик деразасидан қараб турибман, йўлда машиналар ўтиб-қайтяпти. Ҳеч ким йўлни тўсмаяпти. У аёллар эрталаб бир неча минут туришди, кейин раҳбарлар учрашиб, муаммоларини ҳал қилиб беришди”, - деди ўзини таништирмаган ҳокимлик ходими.

Озодлик норозилик чиқишида қатнашган аёллар билан боғланиш имконига эга бўлмади.

Шина ёққан музработликларнинг чироғи ёқиб берилди

26 декабрь куни кечқурун Сурхондарё вилояти "Музработ тумани "Оби ҳаёт" маҳалласида яшовчи аҳоли Музработ-Ангор йўлини 2 соатга тўсиб қўйди.

Бу ҳақда Озодликка норозилик чиқишида қатнашган музработликлардан бири маълум қилди.

“Газ умуман йўқ. Печка ёқилади. Лекин кўп қаватли уйларда печка ҳам йўқ, улар электр печка ишлатади. Ўзи кунига бир неча соат электр беришарди. Жума куни ўчган свет шанба ҳам ёнмади. Қор ёққани учун совуқ жуда қаттиқ бўлди. Кейин норозилик билдириб, шанба кечки соат 4ларда кўчага чиқдик. 200дан зиёд одам чиқди. 2 соатдан кўпроқ йўлни тўсиб турдик”, - деди исми очиқланмаслигини сўраган музработлик.

Озодликка воқеа жойидан жўнатилган видеода йўл ўртасида шиналарнинг ёнаётгани акс этган.

Музработдаги норозилик
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:24 0:00

“Жуда кўп баллон ёқилди. Сонини ҳам билмадим. Кейин Музарбот туман ҳокимлигидан мутасаддилар, ички ишлар ходимлари, электр ва табиий газ идораларидан вакиллар келишди. “Ҳал қилиб берамиз, тарқалинглар”, деб ваъда беришди. Одамлар “Агар светни ёқмасанглар, яна чиқамиз”, деб тарқалди”, - деди норозилик чиқиши иштирокчиси.

Музработ туман ҳокимлиги “Оби ҳаёт” маҳалласидаги норозилик чиқиши борасида эълон қилган расмий баёнотида электр таъминотидаги узилишга трансформаторнинг ишдан чиққани сабаб бўлганини билдирган.

“Ҳозирда муаммо бартараф этилган. 27 декабрь кунининг ўзида 630 кВА кучланишга эга янги трансформатор ўрнатилиб, аҳоли электр энергия билан таъминланган”, дейилади расмий хабарда.

Музработликлар кейинги бир сутка давомида чироқ ўчмаганини айтишди.

“Кеча ёқиб беришди. Шундан бери бир марта ҳам ўчмади”, - деди 28 декабрь Тошкент вақти билан тушдан кейин гаплашган музработлик.

Фақат йўл тўсганнинг чироғи ёнадими?

16 декабрда Навоий вилояти Кармана тумани Калавот маҳалласи аҳолиси катта автомобиль йўлни тўсиб қўйганидан сўнг маҳаллага электр берилди.

10 декабрда Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қоракўл туманларида газ таъминотидан норози аҳоли магистрал йўлни тўсиб қўйишидан бир кун ўтиб, ушбу туманларда газ таъминоти қисман тиклангани айтилди.

Сурхондарё вилояти Ангор туманида яшовчи муштарий “Нимага фақат йўл тўсганларнинг чироғи ёқиляпти?”, деган саволни Озодликка йўллади:

“Ангорда бир кунда атиги 4-5 соат свет берилади. Уни ҳам хоҳлаган вақтида беради, хоҳлаган вақтида ўчиради. Бу йил қиш қаттиқ келди. Ғамлаган ўтинларимизни аллақачон ёқиб ҳам бўлдик. Энди нима қиламиз, биз ҳам йўл тўсамизми? Чунки фақат йўл тўсганларнинг светини ёқиб беряпти. Демак, бор эканда, бу свети? Унда нимага халқни қийнаяпти булар?”.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси маълумотига кўра, нафақат Музработ ёки Ангор, балки Сурхондарёнинг бошқа туманларида ҳам электр энергияси чекланган миқдорда берилмоқда.

Федерация Сурхондарёда ўтказган мониторинги натижасида жами 9та туманда аҳоли электр таъминотидан ноқонуний равишда узилганини аниқлаган.

Жумладан, Чироқчи туманида 12-16 соатгача электр тармоқдан режасиз узилиш ҳолатлари кузатилган.

Федерация Сурхондарё вилояти “Ҳудудий электр тармоқлари” идорасини судга берганини хабар қилди.

Энергетика вазирлиги: Ҳамма саволга жавобни сайтимиздан топасиз!

Озодлик мухбири 28 декабрь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлигига қўнғироқ қилиб, мамлакатда давом этаётган энергетик бўҳронга изоҳ сўради.

Вазирликнинг Озодлик боғланган мулозими ҳар қандай саволга жавобни вазирлик сайтидан топиш мумкинлигини айтди:

“Сайтимизда истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича кундалик маълумотларни бериб боряпмиз. Қанча электр энергияси ишлаб чиқарилди ва қанчаси истеъмолчига етказилди- буларнинг ҳаммасини сайтимизда топасиз. Музработдаги воқеа бўйича туман ҳокимлиги изоҳлади. Қўқон бўйича ҳам расмий маълумот тез орада берилади”.

Вазирлик сайтига жойланган энг сўнгги маълумот 26 декабрь ҳолатига оид бўлиб, унда ёзилишича, шу куни иссиқлик электр станциялари ва гидро электр станциялари орқали 223 миллион 800 минг киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Шундан республика истеъмолчиларига 212 миллион 100 минг киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган.

Аслида мамлакат истеъмолчиларининг электрга талаби қанча экани мақолада очиқланмаган.

"Табиий газ етказиб бериш бўйича ишлар режага асосан амалга оширилмоқда. Навбатчиликнинг ўтган вақти давомида табиий газ таъминоти бўйича фуқаролардан мурожаатлар келиб тушмади", дейилади вазирлик хабарида.

Айни пайтда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергиясидан қарзи Ўзбекистон бўйлаб 3 триллион 500 миллиард сўмга етганини маълум қилди.

АОКАда 28 декабрь куни ўтган матбуот анжуманида гапирган Обиджоновга кўра, электр энергияси бўйича энг катта қарздорлик Самарқанд вилоятида бўлиб, унинг миқдори 655 миллиард сўмга тенгдир.

Мирзиёевнинг бажарилмаган ваъдаси

Мирзиёев 2016 йил декабрида президентликка келишидан аввал аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт ичида вазият ижобий томонга ўзгармади, бу йил эса ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши энергетика соҳасидаги жиддий бўҳронга сабаб бўлди.

Жорий йилнинг 16 декабрь куни ўтган видеоселекторда Шавкат Мирзиёев ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ берганини маълум қилди.

Бу жорий йилда Мирзиёевнинг айни муаммога биринчи бор эътибор қаратиши бўлди.

XS
SM
MD
LG