Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:25

Бозорда пичоқланган аёлнинг "Тез ёрдам" кечиккани учун ўлгани айтилмоқда (ВИДЕО)


Наманганнинг Сардоба бозорида аёл пичоқлаб кетилган, гувоҳлар "Тез ёрдам" вақтида келмаганини айтишади.
Наманганнинг Сардоба бозорида аёл пичоқлаб кетилган, гувоҳлар "Тез ёрдам" вақтида келмаганини айтишади.

Наманган шаҳридаги "Сардоба" бозорида пичоқлаб кетилган аёлнинг қонга беланиб ётгани акс этган видео 23 июнь куни ижтимоий тармоқда тарқалди.

Видеода жасад устида ўтирган яна бир аёл "Тез ёрдам" келмади", деб йиғлайди.

18 июнь куни бўлган ушбу воқеага бевосита гувоҳ бўлганларнинг Озодликка айтишича, Сардоба бозоридаги газета дўконида ишловчи аёлни собиқ эри пичоқлаган.

Республика Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг Озодлик суҳбатлашган шифокорлари "Сардоба" бозоридан қилинган чақириқ бўйича вақтида "Тез ёрдам" жўнатилгани, аммо аёл пичоқланган пайтда кўп қон йўқотгани сабаб тиббий ёрдам келгунича жони узилганини айтди.

Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийси Озодликка "Сардоба" бозоридаги воқеа бўйича шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-моддасида кўзда тутилган "қасддан одам ўлдириш" жинояти бўйича тергов олиб бораётгани, қотилликда гумонланаётган 41 ёшли эркак ҳибсга олинганини билдирди.

Сардоба бозоридаги қотиллик. Гувоҳлар пичоқланган аёлга вақтида тез ёрдам кўрсатилмаганини айтишмоқда.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:57 0:00

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Наманганнинг "Сардоба" бозорида пичоқланган аёл атрофида тўпланганлар вақтида "Тез ёрдам" етиб келмагани иддао қилади.

Яна бир видеода қонга беланган жасад устида ўтирган аёл "Тез ёрдам "келмади", деб йиғлайди.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, "Сардоба" бозоридаги газета дўконида сотувчи бўлиб ишлайдиган аёлни собиқ эри пичоқлаган.

- Бу воқеа 18 июнь куни пешин пайти бўлди. Ўша аёл ишлайдиган газета дўконининг олдида бўлди. Эри пул сўраб келган, бермаган. Жаҳл устида ҳалиги эркак аёлнинг орқаси ўнг томонига пичоқ уриб қочган. Бир соат қонга беланиб ётди аёл, "Тез ёрдам" келмади. Келганида ўлиб бўлган эди, - деди гувоҳлардан бири.

Республика Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали шифокорлари аёлга вақтида тиббий ёрдам етиб бормагани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

Исми очиқланмаслигини истаган наманганлик шифокор "Сардоба" бозоридаги қотиллик бўйича 18 июнь куни соат 13:30 да чақириқ бўлгани, вақтида "Тез ёрдам" жўнатилганини айтди.

- Бозорларда бахтсиз ҳодиса рўй берса¸ бегона одамлар "Тез ёрдам" чақиради. Улар аниқ жойни кўрсатмайдилар. Натижада бемор топилгунча анча вақт йўқотилади. "Сардоба" бозоридаги ҳолатда ўша куни соат бир яримда чақириқ бўйича вақтида "Тез ёрдам" жўнатилди, аммо аёл пичоқланган пайтда кўп қон йўқотгани сабаб шифокорларимиз унинг ҳаётини сақлаб қололмади, - деди Республика Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали врачларидан бири.

Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийси Озодликка Сардоба бозоридаги воқеа бўйича шаҳар прокуратураси тергов олиб бораётганини айтди.

- Жиноят Кодексининг 97-моддаси, 1-банди бўйича иш очилган. Пичоқланган аёл билан шаръий никоҳ орқали турмуш қурган 41 ёшли эркак қотилликда гумонланиб, ҳибсга олинди, - деди Озодлик суҳбатлашган ИИБ ходими.

ИИБ мулозими тергов давомида "Тез ёрдам"нинг вақтида келмагани ҳақидаги фаразлар ҳам ўрганилишини қўшимча қилди.

Ўзбекистонда "Тез ёрдам" вақтида келмагани сабаб беморларнинг ҳаётдан кўз юмиши учраб туради.

Ўтган ой Андижонда номаълум шахс нинг велосипеддан йиқилиб, ҳушсиз ётгани акс этган видео ижтимоий тармоқда тарқалди.

Ўшанда тармоқда видеони тарқатганлар йигит "Тез ёрдам" вақтида келмагани сабаб ҳаётдан кўз юмганини иддао қилиб чиқишди.

18 июнь куни ўз маърузасида Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева сўнгги икки йилда "Тез тиббий ёрдам" машиналарининг ўз вақтида етиб келмаслиги оқибатида 48 мингдан ортиқ ўлим ҳолати юз берганини билдирди.

Айни пайтда Норбоева¸ бу ҳолатлар бўйича кимлардир жавобгарликка тортилган-тортилмагани ҳақида маълумот бермади.

XS
SM
MD
LG