Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:01

Андижонлик айрончи: ИИБ ходимлари мени ўғлимнинг кўзи олдида калтаклаб, қамаб қўйди


Сайдулло Сўфиев баданида лат еган жойлари бор.
Сайдулло Сўфиев баданида лат еган жойлари бор.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида салқин ичимликлар билан савдо қилувчи 40 яшар Сайдулло Сўфиев туман ИИБ нинг икки ходими уни ноқонуний савдо қилганликда айблаб калтаклагани, кейин қўлини қайириб, машинага босиб, қамаб қўйгани ҳақда Озодликка айтди.

Олтинкўл туман ИИБ навбатчиси Сўфиевнинг калтаклангани ҳақидаги иддаолари юзасидан Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ўз ташкилоти Олтинкўлда ИИБ ходимлари фуқарога куч қўллагани ҳолатини ўрганаётганини айтди.

Ташановга кўра, уларнинг мурожаатидан сўнг Олтинкўл туман прокуратураси хизмат текшируви тайинлаган.

Олтинкўлдаги воқеа мамлакат бўйлаб ИИБ ходимларининг фуқарога куч қўллагани билан боғлиқ сўнгги ҳафтада Озодлик ўрганган бешинчи ҳолатдир.

Озодлик бу ҳолатлар юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига изоҳ олиш учун ёзма мурожаат қилди, 18 июнь иш куни охиригача вазирликдан жавоб бўлмади.

Ўтган ҳафта Андижонда ИИБ ходимлари 33 ёшли фуқарога куч қўллагани ва оқибатда 11 кун беҳуш, кома ҳолатда ётиб, сўнгра 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ижтимоий тармоқларни ларзага солганди.

Олтинкўл туманида айрон, шарбат сотиб тирикчилик қиладиган 40 ёшли Сайдулло Сўфиевнинг Озодликка айтишича, воқеа 16 июнь куни эрталаб автомагистраль йўли четида салқин ичимликлар билан савдо қилаётган пайтда рўй берган.

ИИБ ходимлари унинг ҳужжатсиз, ноқонуний савдо билан шуғулланаётганига эътироз билдирган. Сайдулло Сўфиев бундай деди:

- Мелиса формасидаги иккита одам ўша куни мен томон келди. “Ноқонуний савдо қиляпсиз, биз билан юрасиз”, деди. "Йўл бўйида ҳамма савдо қиляпти, фақат меники ноқонунийми?", дедим. "Сиз налогданми ё СЭСдан? Менинг фаолиятимга нега аралашасиз? Вазифангиз тартибни сақлашку, мен бормайман", дедим. Кейин қўлларимни қайириб, ерга босиб уришди. Машинага солиб олиб кетди. Машина ичида ҳам уришди.Ўғлим у ерда қолди.

Олтинкўллик айрончи Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам салқин ичимликлар билан савдо қилишга рухсат берувчи ҳужжат унда йўқлигини яширмади:

- Ўн йилдан бери ўша йўл четида айрон, шарбат сотиб тирикчилик қиламан. Менда ҳужжат нима қилади?! Ҳамма қиладиган тирикчиликку! СЭСдан келади, Солиқдан ҳам келади, ҳужжатларни сўрайди, йўқ, деймиз. Лекин шу пайтгача ҳақоратлаб, калтаклаш ҳолати бўлмаганди.

Сўфиевнинг айтишича, уни туман Ички ишлар бўлимига олиб боришган, у ерда ноқонуний савдо фаолияти билан шуғуллангани юзасидан сўроқ қилишган. Лекин бирор ҳужжат расмийлаштирмасдан қамаб қўйишган. Эрталаб Сўфиевни уйига қўйиб юборишган.

Сўфиев уни урган ИИБ ходимларини танимаслиги, исмларини ҳам билмаслигини айтди.

Калтаклангани юзасидан у ҳуқуқ тизимларига арз ҳам қилмаган:

- Менга ҳеч қанақа қоғоз ҳам беришмади. Эрталаб кетавер, деб қўйиб юборишди. Ҳозир азойи баданим қақшаб оғрияпти, уйда ётибман, туман прокуратурасига шикоят қиламан, деб турибман уларнинг устидан.

Озодлик Сўфиевнинг калтаклангани ҳақидаги иддаолари юзасидан Андижон вилоят Олтинкўл туман ИИБ га телефон орқали боғланди.

Телефон гўшагини кўтарган милиция навбатчиси матбуотга гапириш ваколати фақат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига берилганини айтди.

Озодлик 18 июнь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида келтирилган Ахборот хизмати телефон номерларига қўнғироқ қилди, лекин ҳеч ким телефонни кўтармади.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Олтинкўлда ИИБ ходимлари фуқарога куч қўллагани ҳолатини ўрганиб чиқаётганини айтди.

- Андижондаги бўлимимиз бу ҳолатни ўрганяпти. Ўрганиш жараёнида Олтинкўл туман прокуратурасига мурожаат қилдик. Прокуратура хизмат текшируви олиб бораётганини айтди. Бу ҳолат назоратимизда, - деди Ташанов.

Бир ҳафтада бешта ҳолат

Ўзбекистонда ИИБ ходимлари карантин қоидаларини бузган фуқароларга куч қўллаши билан боғлиқ сўнгги ҳафтада Озодлик ўрганган бешинчи ҳолатдир.

17 июнь куни Сирдарёнинг Гулистон шаҳрида яшовчи 41 ёшли Ўткир Бобораҳимов шаҳар Ички ишлар бўлими зобити уни дўппослаб икки қовурғасини синдирганини айтганди.

16 июнь куни Озодлик Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида юзига ниқоб тақмаган 22 ёшли йигитга куч қўллагани акс этган видеони эълон қилган эди.

15 июнь куни сурхондарёлик тадбиркор Довар Жўрақулов Озодлик карантин қоидаларини назорат қилиб юрган Миллий гвардия ҳарбийлари уни бўғиб, хушидан кеткизишгани ҳақида арз қилган.

Айнан шу куни Навоий шаҳрида яшовчи Дилшода Хўжамова исмли ўттиз ёшли аёл участка нозири дўппослагани ҳақда Озодликка маълум қилди.

Ўтган ҳафта эса Андижонда ИИБ ходимлари 33 ёшли фуқарога куч қўллагани ва оқибатда 11 кун беҳуш, кома ҳолатда ётиб, сўнгра 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ижтимоий тармоқларни ларзага солганди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфоси ва вазирликни қайтадан ташкил қилиш талаб қилинмоқда.

Олий мажлис депутати Расул Кушербаев ҳам Ички ишлар вазири Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилди, кейин "Адолат" партиясидан депутат Гулруҳ Агзамова Ички ишлар вазирлигини тугатиш таклифини билдириб чиқди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қийноқлар ва шафқатсиз муносабатини тақиқловчи “Ички ишлар вазирлиги тўғрисида”ги қонунни имзолаганди.

Шунга қарамай, ички ишлар ходимларининг қийноқ ва шафқатсизлиги ҳақида шикоятлар Озодликка келишда давом этмоқда.

"Жазосизлик"

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов қийноқ қўллаган ИИБ ходимларининг кўпгина холларда жазодан осонгина қутилиб қолаётгани сабаб қийноқлар муаммоси сақланиб қолаётганини айтади.

- Айнан жазосизлик сабаб қийноқлар ҳозир ҳам давом этиб келяпти. Президент ҳам қийноқларни таг-туби билан йўқ қиламиз деган, лекин қийноққа солувчилар жазосиз қолаётган экан ёки енгилроқ жазо билан қутилиб қолаётган экан бу муаммо давом этаверади. Биз билмаган холатлар қанча бўлиши, қанчадан - қанча ИИБ ходими жазосиз қолган бўлиши мумкин, буни билмаймиз, - дейди Ташанов.

Аммо, Ўзбекистон Бош прокуратураси Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган фуқаронинг ўлими ортидан шаҳар ИИБсининг уч нафар ходими мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, гумонланувчини қийноққа солиш ҳамда шафқатсиз муомала қилишда айбланиб, қамоққа олинганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG