Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:49

Чустдаги тўйда элликдан ортиқ одам заҳарланиш белгилари билан докторларга мурожаат қилди


Чуст туманидаги (Наманган вилояти) тўйда иштирок этган элликдан зиёд меҳмон овқатдан заҳарланиш белгилари билан шифохонага 22 сентябрда ётқизилди.

25 сентябрда 10 дан зиёд бемор касалхонада қолмоқда.

Туманнинг Қирғизистонга чегарадош "Юқори" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган тўйда заҳарлангани айтилаётганлар орасида тўй эгаси ва унинг ўғли ҳам бор.

Чуст тумани Тиббиёт бирлашмаси врачи барча беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилгани, аҳволи қониқарли бўлганларга уйларига кетишга рухсат берилганини Озодликка айтди.

Чуст туман Соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Насиба Бозорова Озодлик билан суҳбатда вазият назоратга олингани, беморларда заҳарланиш эмас, ич кетиш қайд этилганини маълум қилди.

Чуст туман Санитария-эпидемиология назорат маркази мутахассиси эса, 25 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда тўйда тортилган озиқ-овқатлар ва беморлардан олинган биологик намуналар текшириш учун Тошкентдаги лабораторияга юборилгани, натижалари ҳозирча маълум эмаслигини билдирди.

22 сентябрь куни Чуст туманининг "Юқори" маҳалласида бўлган "қиз базми"да икки юздан ортиқ меҳмон қатнашган.

Базмда қатнашган аёллардан бири Озодликка тўйнинг эртасига ҳолсизлик, кўнгил айниши, ич кетиши каби белгилар билан шифохонага мурожаат қилганини айтди:

- Стафилококк инфекцияси дейишяпти. Мен билан бирга элликдан зиёд одам шифохонага борган. Уларда ҳам шу ҳолат. Тўйда тортилган холодецдан деб гумон қилаётган эдим. Лекин холодец емаганлар ҳам заҳарланган. Кимдир ош едик дейди, бошқалар шўрва ичдик, дейди. Тўйда ғунажин сўйилган, камига тайини йўқ, қаердан келгани номаълум гўшт ҳам қўшилган экан. Шу гўштдан заҳарланиш бўлган деган гумонлар ҳам бор.

Озодлик тўй бўлган хонадон эгасининг ўзи билан суҳбатлашди. (Унинг илтимосига кўра исмини очиқланмаяпти.)

Унинг айтишича, тўйдан кейин ўзи ва ўғли ҳам ҳолсизланиб шифокорга мурожаат қилган:

Тўй қилиб, халқни едириб-ичираман дейсиз, одамлар бунақа бўлиб қолганидан кейин ҳижолат бўлар экансиз, худди атайлаб қилганга ўхшаб. Лекин мени ўзимда ҳам, ўғлимда ҳам кўнгил айниш бўлди

- Тўй қилиб, халқни едириб-ичираман дейсиз, одамлар бунақа бўлиб қолганидан кейин ҳижолат бўлар экансиз, худди атайлаб қилганга ўхшаб. Лекин мени ўзимда ҳам, ўғлимда ҳам кўнгил айниш бўлди. Тўйда калла гўшти еганман, молнинг калла гўштини, кечаси билан безгак тутиб, эртаси шифокорга бордик. Тўртта системани қўйдирдим, ҳозир яхшиман.

Тўй эгасининг айтишича, "қизлар базми" ўз ҳовлисида ўтказилган, таомларни маҳалла ошпази қозон-ўчоқда тайёрлаган. Маҳалла аҳли унга ёрдам қилган:

- Бизнинг қишлоқчиликда тўйда овқат шундай тайёрланади-да, маҳалламизнинг ошпази тайёрлайди. Ўзимизнинг ғунажинни сўйдирганмиз. Нимага бунақа бўлганига ҳайронмиз. Шунча пайтгача бунақа заҳарланиш бўлмаган. Кеча РайСЭС (туман санитария эпидемиология назорат маркази)дан келиб ҳамма нарсадан намуналарни олиб кетишди. Кўрамиз, қанақа натижа чиқар экан.

Чуст туман Санитария-эпидемиология назорат маркази мутахассиси эса, 25 сентябрь куни Озодликка тўйда тортиқ қилинган озиқ-овқатлар ва беморлардан олинган биологик намуналар текшириш учун Тошкентдаги лабораторияга юборилгани, натижалари ҳозирча маълум эмаслигини билдирди:

- Тўйда иштирок этганларнинг ҳаммасининг рўйхати тузилиб текширилди. Тўй бўлган хонадондаги ҳамма маҳсулотлардан намуналар олинди. Ҳамма намуналарни Тошкентга жўнатганмиз. Натижаси чиқиши билан маълум қиламиз.

Чуст туман Соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Насиба Бозорова Озодликка вазият назоратга олингани, беморларда заҳарланиш эмас, ич кетиш қайд этилганини маълум қилди:

- Ортиқча ваҳимага сабаб йўқ. Кўпчилигида ич кетиш бўлган, бир кунда тузатиб, уйларига жавоб бердик. Сал оғир аҳволдагилари юқумли касалликлар шифохонасида. Ҳозир нимадан бунақа бўлганини ўрганяпмиз, бугун туман ҳокимлигида ҳам бу масала кўтарилди.

Ўзбекистонда тўйларда овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган йилнинг октябр ойида Қашқадарёнинг Қарши шаҳридаги тўйда 74 одам, ўша йилнинг март ойида эса Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги тўйда 55 киши заҳарлангани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Қаршидаги холатда тўй қилинган хонадонда икки юздан ортиқ кишига овқат қилиш учун умуман шароит бўлмагани, ошпаз эса тиббий кўрикдан ўтмагани, ушбу фаолият учун тегишли рухсатнома олмагани аниқланган эди.

Санитария-эпидемия талабларини бузганлиги учун тўй эгасига нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима солинганди.

XS
SM
MD
LG