Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:32

Ўзбекистон чегарачилари қўлга олинган қирғизистонликни 200 та қўйи билан ватанига қайтарди


Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги огоҳлантирувчи ёзув.
Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги огоҳлантирувчи ёзув.

Ўзбекистонлик чегарачилар қирғизистонликни 200 та қўйи билан 8 январда ватанига қайтаргани тўғрисида Қирғизистоннинг Олабуқа туман ҳокими Эмил Исақулов хабар қилди.

Исқауловга кўра, икки давлат ўртасидаги аниқланмаган ҳудудга қўйлари билан ўтиб кетган чўпон ўзбек чегарачилари томонидан 8 январда қўлга олинган эди.

6 январь куни ҳам айни шу туман аҳолиси билан ўзбек чегарачилари орасида низо чиққан эди. Натижада Ўзбекистон чегарачилари ҳавога қарата икки марта ўқ отишга мажбур бўлган.

Олабуқа туман ҳокими Эмил Исақулов 8 январда юз берган воқеа тафсилотларини айтиб берди:

- Туманнинг Қумдақ қишлоғида яшайдиган чўпон чегаранинг аниқланмаган қисмида қўй боқаётганида ўзбек чегарачилари ушлаб олган. Қирғизистон чегара хизмати вакиллари телефон орқали музокаралар олиб боргани натижасида, кўп ўтмай ўша фуқаро қўйлари билан бирга Қирғизистонга қайтарилди. Мен ўзим у йигит билан учрашиб, хол-аҳволини сўрадим.Бундан ташқари, Чўнгсой қишлоғи аҳолиси билан учрашиб, тушунтириш ишларини олиб бордик, – деди Исақулов.

6 январь куни ҳам айни шу туман аҳолиси билан ўзбек чегарачилари орасида низо чиққан эди. Вазият жиддийлашгач, Ўзбекистон чегарачилари осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узган. Ҳеч ким жабрланмаган.

Бу воқеа Олабуқа туманининг Кўктош қишлоқ ҳудуди Аққурча деган жойида содир бўлган. Қирғизистонликларнинг 520 та қўй - эчкиси икки давлат ўртасидаги аниқланмаган чегара ҳудудига ўтиб кетгани учун ўзбек чегарачилари уларни олиб қўйган. Шундан кейин қўшни давлат чегарачилари билан қўй-эчки эгалари ўртасида можаро чиққан.

Олабуқада Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги баҳсли ҳудуд деб ҳисобланган 19 минг гектар ер бор. Бу каби воқеалар, мутахассисларнинг айтишларича, айнан мана шу каби аниқланмаган ҳудудларда тез-тез содир бўлиб турибди.

Чегара масалалари бўйича ҳукуматнинг махсус вакили Қанибек Бўтўбаевнинг айтишича, аниқланмаган ҳудудлар масаласини ҳал қилиш борасида Ўзбекистон билан музокаралар олиб борилмоқда. Лекин бу сўзлашувлар суст кетаяпти.

- Аниқланмаган ҳудудлар масаласида музокаралар бўлаяпти. Ҳар бир учрашувда бу масала биринчи навбатда муҳокама қилинмоқда. Охирги марта 2019 йилнинг май ойида чегара бўйича музокараларни ўтказганмиз. Энди январь ойида бўлади дейишаяпти. Бўлиб қолса керак. Биз бу масалани муҳокама қилишга тайёрмиз, - деди Бўтўбаев.

Жалолобод вилояти ҳудудида Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида аниқланмаган 5 участка бор. Талаш ернинг иккитаси Ахси туманида, қолгани Олабуқа туманида жойлашган.

Аниқланмаган ерларнинг умумий майдони 19 минг 600 гектарни ташкил этади. Ўзбекистон хозирча Олабуқада бўлган воқеалар юзасидан бирон бир маълумот тарқатмади.

Икки давлат ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрга тенг. Унинг 85 фоизи аниқлаб бўлинган.

XS
SM
MD
LG