Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:30

Ўғли ИШИДга қўшилгани учун айбланган ота Мирзиёевдан ёрдам сўради (ВИДЕО)


Жамол Аҳмедов набираси билан, Истанбул, 18 июль, 2018 йил
Жамол Аҳмедов набираси билан, Истанбул, 18 июль, 2018 йил

Бир ўғли ИШИД ("Ислом давлати" экстремист гуруҳи) сафига қўшилиб кетгани учун сиртдан қақмоққа ҳукм қилинган қўқонлик Жамол Аҳмедов президент Мирзиёевдан ёрдам сўрамоқда. Шу кунда Истанбулда яшаётган Аҳмедов 2014 йилда вояга етмаган бир ўғлини жангарилар ИШИД сафига ёллаб, яширинча Сурияга олиб кетганини даъво қилмоқда.

Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳодиса ортидан Аҳмедов, шунингдек, унинг хотини, ўғли ва келинини Жиноят кодексининг 223-моддаси асосида чегара тартибини бузиш ва 127-моддаси асосида вояга етмаган болани жиноятга жалб этишда айблаб, эҳтиёт чораси ўлароқ ҳисбда сақлашга сиртдан ҳукм қилган.

ЖКнинг оғир моддалари билан айбланган бу оила мисолида Озодлик, яна бир бор, қидирувда бўлган фуқароларнинг Ўзбекистонга қайтиши учун мавжуд қонуний тартиб ва бундай фуқароларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идораларининг амалдаги муносабатини ўрганишга уринди.

Ўзбекистондан кетиш

2014 йилдан буён, Туркиядан бошпана олиб яшаётган ўзбекистонлик Жамол Аҳмедов, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг хорижда юрган ватандошларни юртга қайтишга чақириғидан руҳланиб, Қўқонга қайтиш ҳаркатига тушганини айтади.

Айтишича, у “Ҳизбут Таҳрир” диний ташкилотига аъзоликда айбланиб, 2002 йилда 15 йилга қамалган ва амнистия акти билан 2003 йилда озод этилган. Аммо, озодликка чиққач, яна қамалиш хавфидан қўрқиб, оиласи билан аввал Қирғизистон, сўнг Туркияга чиқиб кетган.

- Кетганимнинг эртасига уйимни мелиса босган, мени қамашса, уларнинг қўлида соғ чиқмасдим. 1-2 ойдан сўнг оиламни ҳам чақириб олдим. Олдин Қирғизистонда БМТдан бошпана олиб юрдик. Сурияда уруш бўлаётгани учун БМТ бизга ўхшаганларнинг ишини тўхтатиб қўйди. Кейин Қирғизистондаги битта-иккита ўзбекларни Ўзбекистонга ўғирлаб олиб кетилганини эшитиб, бир қанча оилалар Туркияга келишди, биз ҳам улар билан бирга келдик. Ўшанда менинг ва катта ўғлимнинг паспортини муддати ўтиб қолган эди, - дейди Аҳмедов.​

Аҳмедовга кўра, Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари унга ва оиласига Кастамўну вилоятидан вақтинчалик бошпана берган.

Ўғилнинг ИШИДга ўтиши

Сўнгра кичик ўғли – ўша кезда 16 яшар бўлган Абдулаҳад Аҳмедовни Истанбулга ўқишга юборган.

- Ўшанда 2014 йил - Рамазон ойи эди ва футбол чемпионати бўлаётган эди, шунга аниқ эсимда қолган. Ўғлим қайсидир масжидга 10 кунлик эътикофга кетган ва шу бўйи ўқиш жойига қайтмаган. Кейин билсак, эътикоф бўлган масжидга ўша маразлардан (ИШИД аъзолари - таҳр.) ҳам одамлар келган экан. Иккита болани авраб олиб кетиди, шулардан бири бизнинг ўғил - Абдулаҳад бўлган. Ўшанда у 16 ёш эди. 10 кунлар ўтиб, унинг телефонидан “Шомдаман” деган смс келди-ю, яна 2 ойга йўқ бўлиб кетди. У ерда у каззоблар болаларни 2 ой сақлаб, ҳатто туққан онаси-отасига қараб қопадиган итга айлантириб, кейин гаплашишга рухсат бераркан. Шу билан, нима десак бефойда – қайтишга кўндиролмадик, - дея хотирлайди Аҳмедов.

Аслида бу бола Сурияга кетиб қолиб, уни бой бериб қўйганимиздан куйиб юрганимиз етмагандек, энди унинг касофатига қамоққа ташланадиган аҳволга ҳам тушиб турибмиз. Бу адолатданми!?
Жамол Аҳмедов

Айтишича, у ўша топдаёқ Туркия хавфсизлик хизматларининг Кастамўнудаги бўлимига бориб, аҳволдан уларни хабардор қилган ва ўғлининг ИШИДга ўтишига алоқадор кишиларни аниқлаб, уни қайтаришда ёрдам беришни сўраган, аммо ўғлини қайтара олмаган.

Мирзиёев чақириғи

2018 йилнинг май ойида АҚШга борган президент Мирзиёев хорижда юрган ватандошларни ортга қайтишга чақирди.

Сўнгра, Ўзбекистонда қилган бир неча чиқишлари давомида Ўзбекистонда ИИВ томонидан қидрувга берилгани боис, хориждан қайтолмай юрганларни қайтариш бўйича топишириқлар берганди.

Бундан ташқари 2017 йилнинг сентябрида президент Ўзбекистонда "қора рўйхат"да турган 17 минг мусулмондан 16 мингтаси ундан чиқарилганини ҳам эълон қилганди.

Бу чиқишларни кузатиб борган Жамол Аҳмедов, Мирзиёев чақириғидан сўнг, унда юртга қайтишга уриниш истаги туғилганини айтади.

Айтишича у, биринчи бўлиб, президент порталига мурожаат қилган.

Натижада, ИШИДга қўшилиб кетган кичик ўғли боис, 2015 йилнинг сентябрида ўзи ва оиласининг 3 аъзоси устидан жиноят иши очилгани, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга сиртдан ҳукм қилинганидан хабар топганини айтмоқда.

- Қўқон шаҳар ИИБ мурожаатимни кўриб чиқиб, қоғоз берибди. Унда мени, катта ўғлимни, ҳатто аёлим ва келинимга 127, 223-моддани қўйиб қўшибди. Уларнинг фикрича, вояга етмаган ўғлимни биз Сурияга жўнатибмиз. Қаранг энди?! Аслида бу бола Сурияга кетиб қолиб, уни бой бериб қўйганимиздан куйиб юрганимиз етмагандек, энди унинг касофатига қамоққа ташланадиган аҳволга ҳам тушиб турибмиз. Бу адолатданми!? – дейди Жамол Аҳмедов.

Айблов

У Қўқон шаҳар ИИБ, Фарғона вилоят ИИББ томонидан берилган ҳужжатлардан баъзиларининг нусхасини Озодликка тақдим қилди.

Ҳужжатларда, Жамол Аҳмедов (ҳужжатда Джамал Аҳмедов, деб кўрсатилган) билан бирга унинг рафиқаси Раҳима Аҳмедова, катта ўғли Жалолиддин Жамолиддин ўғли, келини Раънохон Исанбоевалар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми билан вояга етмаган болани жиноятга жалб этиш ва 223-моддаси 2-қисми “б” банди билан чегара тартибини бузишда айбланиб, қидирувга берилгани айтилган.

Жумладан, Қўқон шаҳар ИИБ Тергов бўлими томонидан берилган ҳужжатларда қайд этилишича, 2012 йилда Аҳмедовлар оиласи “олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиб, белгиланган тартибни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан қонунга хилоф равишда чиқиб”, “оғир турдаги жиноят”ни содир этган.

Қидирув қарори

Аҳмедовнинг 4 фарзанди – 2 қизи ва 2 ўғли бор. 2 катта қизи оиласи билан Ўзбекистонда қолган.

“Олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиб, белгиланган тартибни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан қонунга хилоф равишда чиқиб”, “оғир турдаги жиноят”ни содир этган".
Қўқон шаҳар ИИБ тергов бўлими

Айтишича, ИШИД сафига ўтиб кетган Абдулаҳад опаларига телефон орқали боғланиб, уларни Сурияга чақирган ва Фарғона вилояти махсус хизматлари, бу оила мунтазам кузатув-эшитувда бўлгани учун, ҳодисадан хабар топган.

- Биз ҳанафийлик мазҳабига эътиқод қиламиз ва бутун оиламиз билан ҳамиша бунақа оқимларга қарши бўлганмиз. Бу ердагилар мени жуда яхши танишади, суриштиришингиз мумкин. Қизларим ҳам укасини қайтаришга уриниб роса ёзишган экан, яхшиямки. Шунақа бўлса ҳам уларни роса қийнашди, чақириб, - дейди Аҳмедов.

Айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг икки қизи мобил телефонларини текширган ва шу орқали, Сурияга кетиб қолган Абдулаҳаднинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига кирган.

Тергов материалларида айтилишича, Абдулаҳад ўз саҳифаларида ИШИД экстремистик гуруҳини тарғиб қилувчи ва кишиларни бу гуруҳга қўшилишга ундовчи материалларни чоп этган.

Ҳуқуқий ҳимоя

Шу кунда Аҳмедовлар оиласи ҳуқуқларини тошкентлик адвокат – APRIORI LIBERUM адвокатлар коллегияси аъзоси бўлган Бахтиёр Ғуломов ҳимоя қилмоқда.

Унинг Озодликка айтишича, Аҳмедовларники каби аҳволга тушиб қолиб, юридик ёрдам излаган фарғоналик яна икки оилага адвокатлик қилган.

- Қидирувга берилганларнинг кўпчилигига 223-модда қўйилган. Чегара тартибини бузиш. Бунинг устига, кўпчилик мамлакатни қонунан тарк этган – чиқиш визаси стикери бўлмасдан Қозоғистонга чиққан. Лекин, у ердан Туркия ёки Россияга кетган – бу эса қонун бузилиши. Бизда қонунни билмаслик, жазони бекор қилмайди. Мен клиентларга шуни тушунтираяпман ва улар айбини тан олаяпти. Аҳмедовлар ҳам шундай, - дейди Ғуломов.

Унинг айтишича, Аҳмедовлар оиласи, тартибни бузганига иқрорлиги, пушаймонлиги ва давлат тузумига қарши ҳеч бир оғир жиноятга қўл урмаганини айтиб, жиноят иши бир қисмини дастлабки терговда тугатишни сўраб, ариза ёзган.

- Мирзиёев ташаббуси билан 1 июлдан жуда гўзал ўзгартиш ишга тушди. ЖКнинг 90-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, ижтимоий хавфлилик даражасини йўқотган жиноятлар учун айбловни бекор қилиш. Аҳмедовларга ҳам 2012 йилдаги ҳаракат учун айблов қўйилган ва бу ижтимоий хавфлилиги даражасини йўқотган. Шунинг учун мен 6 июнь куни илтимоснома киритиб, жиноят ишининг бир қисмини тергов пайтида тугатишни сўрадим, аммо ҳозирча илтимосим қондирилгани йўқ, - дейди Ғуломов.

Хусусан, Қўқон шаҳар ИИБ томонидан 29 июнь куни берилган ҳужжатда бу оилага эълон қилинган айблов “оғир турдаги жиноят ҳисобланганлиги” сабабли “қамоқ” эҳтиёт чораси бу шахсларнинг ўзи терговга келганидан сўнг қайта кўриб чиқилиши айтилган.

Президентга мурожаат

Аҳмедовлар эса бундай аҳволда Ўзбекистонга борса, ноҳақ қамоққа олиниши ва панжара ортида қоларкан, ўз ҳақларини ҳимоя қилиш имконидан маҳрум бўлишидан хавотир қилмоқда.

Шу боис, улар президент Мирзиёев номига йўллаган мурожаатида:

“Аллохга шукрлар бўлсинки, ҳозирги кунда Ўзбекистонда мусулмон одам ҳам тинч хотиржам ибодатини қиладиган замонлар келди. Шу вактда Қўқонда бешта, Истанбулда уч дона бир-биридан ширин набираларим бор. Бир-биримизга етишолмай армондамиз. Сиздан илтимосимиз ноҳақ тергов ҳаракатини тўхтатиб ватанимиз Ўзбекистонда тинчлик хотиржамликда яшашимиз учун имкон берсангиз”, деб сўрайди.

“Аҳмедовлар иши”

Аслида Аҳмедовлар оиласи каби ҳолатга тушиб қолганини айтиб, ўнлаб ўзбекистонликлар Озодликка мурожаат қилмоқда.

Адвокат Бахтиёр Ғуломов бундай кишиларга ортга қайтиши учун қилиши зарур бўлган ҳуқуқий процесс ҳақида юридик маслаҳат беришга ҳам рози бўлди.

Қуйида у киши билан суҳбатни тинглашингиз ва қидирувда бўлган шахсларнинг ўз хоҳиши билан Ўзбекистонга қайтишининг қонуний тартибига оид юрист маслаҳати билан танишишингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:01 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG