Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:49

Қирғизистон: Президент ҳокимиятини кучайтирувчи конституция маъқулланди


Ўшдаги сайлов участкаларидан бири.
Ўшдаги сайлов участкаларидан бири.

Қирғизистонда 11 апрель куни бўлиб ўтган референдумда сайловчиларнинг кўпчилиги, дастлабки натижаларга кўра, президент ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирадиган конституциянинг янги таҳририни ёқлаб овоз беришган.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, бюллетенларнинг 90 фоизи саналган пайтда янги Конституцияни ёқлаб овоз берган сайловчилар 79 фоизни ташкил қилган. МСК референдумда сайловчилар давомати 35 фоизни ташкил қилганини билдирган. Референдум “бўлиб ўтди” дея тан олиниши учун, Қирғизистон қонунчилигига кўра, унда 30 фоиз сайловчи иштирок этиши кифоя.

Конституциянинг янги таҳририда парламент депутатлари сони 120 нафардан 90 нафарга туширилган, президентга судьялар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларини тайинлаш ҳуқуқи берилган. Конституция лойиҳасига президент томонидан чақириладиган янги институт – Халқ қурултойи киритилган.

Танқидчилар “мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат органи” бўлган Қурултойнинг парламент функциясини қайталайдиган орган бўлиши ва президентга катта ваколатлар бериши мумкинлигини айтмоқдалар.

Референдум Садир Жапаров президент этиб сайланганидан уч ой ўтгач бўлиб ўтди. Ҳокимият тепасига келишидан олдин Жапаров бир қатор бошқа сиёсатчилар билан биргаликда 2020 йил октябрида содир бўлган ғалаёнларда қамоқдан озод этилган. Ўша пайтда Жапаров одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган эди.

Ноябрь бошларида Садир Жапаров мавжуд сиёсий бошқарув тизими самара бермаганини айтиб, президент давлат ва ҳукумат бошлиғига айланадиган конституция лойиҳасини тақдим этган эди.

Айни пайтда референдум билан биргаликда маҳаллий кенгаш депутатларининг сайлови ҳам ўтказилди.

Сайловдан сўнг Ўш шаҳар кенгашига ўз номзодларини кўрсатган 6 партия овоз бериш натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва 12 апрель куни Ўш шаҳар бош майдонида норозилик митинги ўтказди.

Ўш шаҳар кенгаши депутатлигига жами 9 партия номзодлари кўрсатилган эди. Мазкур кенгашда 45 депутатлик ўрни бор.

Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, Ўшдаги сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 48 фоизи қатнашган.ъни 151 минг 960 сайловчидан 72 минг 841 нафари овоз берган.

Дастлабки маълумотларга қараганда, “Ата -Журт Қирғизстан” партиясига 48,8%, “Улуттар биримдиги” партиясига 18,0%, “Иймон нури” партиясига 8,1 фоиз, “Интимоқ” партиясига 7, 5% овоз берилган. Бу партиялардан номзодлар Ўш шаҳар кенгашидан ўрин олиш ҳуқуқига эга бўлган.

Айни пайтда норозилик митинги уюштирган партиялар орасида “Ата -Журт Қирғизстан”дан ташқари Ўш шаҳар кенгашига сайланган партиялар ҳам бор.

Жумладан, “Улуттар биримдиги” партияси раиси, Ўшга 2010 йилдаги миллатлараро низо пайтида мэр бўлган Мелис Мирзақматов президент Садир Жапаровга мурожаат йўллаб, Ўшда ўтган сайловни “Қирғизистон тарихидаги энг бандитча сайлов”, дея сифатлади.

Ўш шаҳар ҳуқуқ-тартибот органлари эса Ўшдаги сайлов пайтида содир этилган қонунбузарликларга ҳуқуқий баҳо берилишини билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG