Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:00

"Ҳожатхонасиз ва чаён босган камера". БМТ қамоқдаги собиқ ўзбек дипломатини озод этишга чақирди


Истеъфога чиққан собиқ дипломат Қодир Юсупов давлатга хиёнатда айбланиб, 5 ярим йилга қамалган.
Истеъфога чиққан собиқ дипломат Қодир Юсупов давлатга хиёнатда айбланиб, 5 ярим йилга қамалган.

БМТнинг Ноқонуний ҳибсларни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи Ўзбекистонда қамоқда сақланаётган собиқ дипломат Қодир Юсуповга оид хулосасини эълон қилди.

15 саҳифалик хулосада Юсуповнинг ноҳақ қамалгани, ўта оғир шароитларда сақланаётгани ва ҳуқуқлари топталаётгани қайд этилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан 10 йил аввал истеъфога чиққан 68 яшар Қодир Юсупов давлатга хиёнатда айбланиб, 2018 йил декабрида 5 ярим йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Оиласи ва ҳимоячилари кекса ва хаста собиқ дипломатга нисбатан чиқарилган ҳукм ва қамоқхона шароитларидан шикоят қилиб, БМТга мурожаат қилган.


Собиқ дипломат ҳимояси учун киритилган ҳужжатларни ўрганиб чиққан БМТ Ишчи гуруҳи хулосасида қайд этилишича, Қ. Юсуповга нисбатан ҳибс, судлов ва қамоқда сақлаш жараёнида:

  • Халқаро Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3,8, 9,10,11-моддалари,
  • Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари халқаро пактининг 2(3),9,14-моддалари бузилган.

Ҳужжатда, айни пайтда маҳкумнинг Навоий вилоятидаги қамоқхонада ўта оғир шароитда жазо ўтаётгани, шу йилнинг апрель ойида эса у 14 кунга жазо камерасига ташланиб, ўта ноинсоний муҳитда сақлангани қайд этилган:

“Жаноб Юсупов сақланган жазо камераси атиги 1.5 x 2 квадрат метр ҳажмда бўлиб, унда фақат темир стол, каравот ва йиртилиб кетган кўрпа бўлган. Камерада ҳожатхона йўқ, фақатгина ерда бир тешик бўлган. Манбанинг қўшимча қилишича, кўрпа ҳам кундузи олиб қўйилган, фақат оқшом соат 10 дан тонгги соат 6 га қадар берилган”.

Ҳужжатда, маҳкум ҳашорат ва кичик чаёнлар босган камерада сақлангани ҳақидаги иддаолари ҳам келтирилган.

Ҳужжатда айтилишича, БМТ Ишчи гуруҳи бу даъволарга изоҳ беришини сўраб, шу йилнинг январида Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилган ва жавоб учун жорий йил 12 мартга қадар мухлат берган.

Аммо жавоб 23 апрель куни келиб тушган:

“Шу боис, бу жавоб кечиккан, деб қабул қилинди ва берилган муддат ичида тақдим қилинмагани учун Ишчи гуруҳи бу жавобни қабул қилолмайди. Белгиланган муддат ичида ҳукумат, жавоб учун берилган муддатни узайтириш сўровини ҳам киритмади”.

БМТ Ишчи гуруҳи ўз хулосаси якунида Ўзбекистон ҳукуматидан, Қодир Юсуповни у сақланаётган қамоқхонада ҳам COVID-19 касаллиги тарқалгани боис зудлик билан озод қилишга чақирган:

“Ишчи гуруҳи Ўзбекистон ҳукуматини жаноб Юсуповнинг ноқонуний озодликдан маҳрум қилиниши билан боғлиқ жараён тўлиқ ва мустақил тергов қилинишини таъминлаш ҳамда унинг ҳуқуқлари бузилишига масъул шахсларга қарши тегишли чораларни кўришга чақиради”.

АҚШ Конгрессининг Инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти, муқаддам HRWнинг Ўзбекистондаги вакили бўлган Стив Свердловнинг фикрича, БМТ Ишчи гуруҳининг бу хулосаси жуда жиддий ҳужжатдир:

- БМТ Ишчи гуруҳи Қ.Юсуповнинг ҳибсга олиниши ноқонуний бўлган, деган хулоса билдирган. Собиқ дипломатнинг касалхонага ётган пайтида қўлга олингани, касалхонада сўроққа тутилгани ва ДХХ қамоқхонасида 5 ойга яқин, адвокатига кўрсатмай сақланганининг ҳаммаси - ноқонуний, деб топилган. Буларнинг ҳаммаси Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин рўй бермоқда. Юсуповнинг масаласи БМТнинг турли идоралари томонидан бир неча бор кўтарилган ва бугун ушбу ташкилотнинг яна бир агентлиги, у сиёсий маҳкум ва барча ҳуқуқлари бузилган, деган хулосага қўшилди.

Яқинларининг айтишича, Юсупов узоқ йиллар руҳий хасталикдан азият чеккан. 2018 йилнинг 3 декабрь куни эса Тошкент метрополитенининг Пушкин бекатида ўзини поезд остига ташлаган, аммо тасодиф билан омон қолган.

Бошидан қаттиқ лат еган собиқ дипломат, оила-аъзоларига кўра, бу ҳодисадан кейин тушиб қолган руҳий транс ҳолатида “ўзининг Ғарб давлатларининг жосуси” экани ҳақида алжирай бошлаган ва касалхонага етиб келган ДХХ ходимлари ана шу “иқрор” асосида унга қарши жиноий иш очиб, собиқ мулозимни Жиноят Кодексининг 157-моддасида кўзда тутилган жиноятда айблаган.

68 ёшли собиқ дипломатнинг Британияда яшайдиган ўғли Бобур Юсупов БМТ Ишчи гуруҳи хулосасини 919 кундан буён қамоқда қолаётган отасига нисбатан “адолатли ҳукм” дея баҳолади:

"Қамоқда кечган 919 кундан сўнг, отам Қодир Юсупов, ва ниҳоят адолатга эришди. Аммо, ўз ватани Ўзбекистонда эмас, Женевада”, деб ёзди Бобур Юсупов ўзининг Twitter саҳифасида.


Бунга қадар бир неча бор Озодлик билан мулоқотда бўлган Бобур отасининг ўзбек дипломати ўлароқ ватани Ўзбекистон манфаатларига содиқ хизмат қилгани ва айбсизлигига ишонишини айтиб келган.

XS
SM
MD
LG