Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:07

Ҳужжат: “Ўзбекистон темир йўллари” қурилишларида бир ойда тўрт бахтсиз ҳодиса содир бўлди


"Ўзбекистон темир йўллари" вагон кузатувчилари ер усти метросининг Қўйлиқ ҳудудидаги курилишида ишламоқда.
"Ўзбекистон темир йўллари" вагон кузатувчилари ер усти метросининг Қўйлиқ ҳудудидаги курилишида ишламоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли объектларда сўнгги бир ой ичида камида тўртта “оғир бахтсиз ҳодиса” содир бўлган¸ улардан биттаси ўлим билан тугаган.

Бу маълумот жамиятнинг Озодликка сиздирилган ички ҳужжатларидан олинди.

Озодликка “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мулозимларидан бири томонидан тақдим этилган ҳужжатларда қурилиш объектларида рўй берган бахтсиз ҳодисалар тафсилоти келтирилган.

2021 йилнинг 18 мартига қадар бўлган бир ой даврни қамраган бу ҳужжатларда ишлаб чиқариш билан боғлиқ тўртта бахтсиз ҳодиса қайд қилинган.

Шулардан учтасининг оқибати ҳужжатларда “оғир” дея малакаланган, биттасининг оқибати эса ўлим билан тугаган.

Ҳужжатларда бахтсиз ҳодиса деб келтирилаётган холатларнинг иккитаси ўрта бўғин раҳбарларининг ўз вазифасига масъулиятсизлиги сабабли, биттаси эса технологик жараён талабларининг бузилиши туфайли содир бўлгани айтилади.

Ўлим билан тугаган яна бир ҳодиса эса, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши туфайли рўй берган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мулозими тақдим этган ҳужжатларда жамиятга қарашли қурилиш объектларида рўй берган бахтсиз ҳодисалар тафсилоти ëзилган.

"Ўзбекистон темир йўллари” АЖ корхонада ишлаб чиқариш билан боғлиқ содир бўлган бахтсиз ҳодисалар бўйича маълумот.
"Ўзбекистон темир йўллари” АЖ корхонада ишлаб чиқариш билан боғлиқ содир бўлган бахтсиз ҳодисалар бўйича маълумот.

Сардобадаги ўлим

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳужжатларидан маълум бўлишича, ўлим билан якун топган ҳодиса ўтган ой Сирдарё вилоятида Сардоба сув омбори яқинида рўй берган.

Ҳужжатларда йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши туфайли рўй бергани айтилаётган ҳодисада Сардоба сув омборида хизматни ташкил этиш бўйича бошлиқ ўринбосари 28 ёшли Дилшод Абдукаримов ҳалок бўлган.

Абдукаримов хизмат автомашинасида уч ҳамкасби билан Сардоба сув омбори ҳудудига хизматни ўташ учун бораётган пайтда йўл транспорт ҳодисасига учрагани айтилади.

Ҳалокат оқибатда Абдукаримов бош қисмидан оғир тан жароҳати олган ва воқеа жойида ҳалок бўлган. Фожиада омон қолган икки ҳамкасби эса оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Домкрат ағнаб, ҳайдовчини юк машина босиб қолган

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли объектда рўй берган яна бир ҳодиса ўтган ой Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида содир бўлган.

Янги темир йўл қурилиши объектининг “Қипчоқ” ишлаб чиқариш участкасида “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси ҳайдовчиси Қувондиқ Дўсчонов МАN русумли юк ташувчи автомашинасини рессорини алмаштириш учун домкратни тикиб, машина тагига ётган.

Чиқаётган вақтида домкрат сирғаниб кетиб, машина ҳайдовчини босиб қолган. Ҳужжатларда автомашинанинг тутун чиқиш мосламаси, яъни глушители ҳайдовчи қорнига урилгани, оқибатида талоқ эзилиши жароҳатини олгани айтилади.

Чилангар 8 метрлик крандан тушиб кетган

Яна бир холат Сурхондарёнинг Денов туманидаги “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли Йўл хўжалиги бошқармасининг 166 – сонли Йўл машина станцияси (ПМС-166) ҳудудида юз берган.

Чилангар Ҳусан Ўрозов юк кўтарадиган 8 метрли краннинг тепа қисмига махсус ҳимоя камари ва махсус ҳимоя каскасиз чиқиб ишлаётган вақтида 7,6 метр баландликдан йиқилиб тушиши оқибатида оғир тан жароҳати олгани айтилади.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳужжатларида тилга олинган бу ҳолатлар матбуотда ёритилмаган.

Мажруҳ бўлган ёки ўлган ишчиларнинг оилаларига иш жойида рўй берган бахтсиз ҳодиса учун товон пули тўланганига оид маълумотлар ҳужжатларда келтирилмаган.

Бу борада жамиятдан расмий жавоб олишнинг имкони бўлмади.

“Ўзбекистон темир йўллари” расмий сайтида келтирилган медиа марказ телефон рақамларига кун давомида қилинган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Озодликка ҳужжатларни тақдим этган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мулозимининг таъкидлашича¸ тилга олинган ҳолатлар жамиятга қарашли объектларда бўлаëтган бахтсиз ҳодисалардан айримларидир.

“Ёлланма ишчилар билан боғлиқ холатлар жуда кўп бўлади, лекин улар “ЎТЙ” таркибига кирувчи корхоналарнинг расман ишчиси ҳисобланмаслиги сабабли ҳисоботларга кирмай қолади”, - дейди мулозим.

“ЎТЙ” қурилишларидаги фожиалар

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ўзига қарашли қурилиш объектларида сўнгги йилларда рўй берган қатор фожиалар учун танқид қилиб келинади.

Ўтган йил декабрида Тошкентнинг Юнусобод метроси қурилишида тупроқ ўпирилиши оқибатида 6 киши ҳалок бўлган эди.

Экспертиза хулосасида фожиага туннелни очиқ усулда ковлашда техник хавфсизлик қоидаларининг бузилганлиги ва қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилганлиги сабаб қилиб келтирилган.

Ўтган йил май ойи бошида ёрилиб, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг минглаб аҳоли уйлари ва деҳқончилик далаларини ювиб кетган “Сардоба” сув омборини ҳам “Ўзбекистон темир йўллари” қурган.

Яқинда эса Оҳангарон туманига қарашли Шоввозсой ҳудудидаги, Озодлик суриштирувига кўра, давлат бюджетига юзлаб миллион долларга тушган яширин қароргоҳ ва сув омборининг ҳам бош буюртмачиси “Ўзбекистон темир йўллари”дир.

Озодлик “Ўзбекистон темир йўллари”нинг махсус қурилиш объектларида малакасиз ёлланма ишчилар, баъзи участкаларда мардикорлар ва вагон кузатувчилари ишлатилгани ҳақида ёзган эди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мулозими ҳам ёлланма ишчилар ишлатилганини тасдиқларкан, уларнинг кунлик меъёрдан ортиқча узоқ соатлаб ишлатилиши ҳолатлари ҳам бўлганини айтади.

“Жуда кўп ёлланма ишчилар ишлайди бизда. Сардобада ёки Тошкент метроси қурилишида, хабарингиз бор, проводниклар (вагон кузатувчилари)ни олиб келиб ишлатишди. Техника хавфсизлиги қоидаларини билмайдиган ишчилар. Вилоятлардан келган мардикорларни ишлатишди. Чунки арзон, айримлари бепул ишчи. Улар техника қоидаларини билмаганидан кейин фожиалар ҳам кўп бўляпти. Бундан ташқари, ишчилар 12 соатлар дам олишсиз ишлагани ҳолатлари ҳам кўп бўлган”, - дейди ЎТЙ мулозими.

“Ўзбекистон темир йўлллари” АЖ¸ қолаверса бутун Транспорт вазирлиги фаолияти Юнусобод метроси қурилишидаги фожиа ортидан президент Шавкат Мирзиëев танқидига учраганди.

Лекин “Ўзбекистон темир йўллари” қурган объектлардаги фожиалар юзасидан маҳкама жараёнлари "давлат сири" важидан ёпиқ ўтказилган. Хусусан, шу кунларда ёпиқ маҳкамада тергов қилинаётган Сардоба тўғонининг ўпирилиши билан боғлиқ кўпгина саволлар жавобсиз қолмоқда.

XS
SM
MD
LG