Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:40

Хитой уйғур фаолларини таъқиб қилишда давом этяпти


Хитой ҳукумати уйғурлар ҳуқуқлари учун толмас курашчи, нафақат Шинжон-Уйғур мухтор туманида, балки дунёда таниқли сиёсий арбоб Робия Қодирнинг оила аъзоларига таъқиб-тазйиқларни давом эттирмоқда.

Р.Қодир Хитойда судга тортилгандан кейин мамлакатдан қочиб чиқиб, АҚШга кетишга мажбур бўлган эса-да, унинг уч ўғли юртда қолган эди. Яқинда улардан бири солиқдан бўйин товлашда айбланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Яна бир ўғилга ҳам шу ва қўпорувчилик билан шуғулланганлик айби қўйилди.

Уйғурлар ҳимояси йўлида тинимсиз кураш олиб бораётган, шу фаолияти учун 2006 йилда Нобел мукофотига номзод қилиб кўрсатилган Р.Қодир кўп бор Хитой ҳукумати тазйиқига учраган ва давлат сирини сотишда айбланиб, беш йилдан ортиқ қамоқда ўтирган. Ўтган йили қамоқдан озод қилинган Робия Қодирга турмахона остонасидаёқ уйғурлар озчилиги ҳимояси билан бошқа шуғулланмаслик, агар шуғуллангудек бўлса, дарҳол панжара ортига қайтарилиши айтилиб, таҳдид қилинган. У ўз ишини тўхтата олмаслигига ишончи комил бўлгани боис, мамлакатни тарк этиб, АҚШдан бошпана олди.

Хитойдаги Шарқий Туркистон ҳаракати етакчиси Абдулла Қорақош Р.Қодирнинг ўғиллари сиёсий сабабларга кўра қамалганини билдирди.

“Бу ҳисблар сиёсий сабабга кўра амалга оширилган. Ҳозир ҳукумат вакиллари бу ўғилларнинг онасига азоб бериш ва шу билан унинг фаолиятини чеклашга ҳаракат қилмоқда”, - деди Абдулла Қорақош.

“Amnesty Internatinal” ташкилоти ҳам Р.Қодирнинг ўғли солиқдан бош тортганликда айбланиб, 7 йиллик қамоққа ҳукм қилинганини кескин қоралади.

Ташкилотнинг Шарқ давлатлари бўйича вакиласи Коринна-Барбара Фрэнсис сўзларига кўра, сўнгги вақтларда Хитойда ҳуқуқ фаоллари ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан тазйиқлар кучайиб бормоқда.

“Сўнгги йиллар давомида Хитойда шу ҳолат кенгайиб бормоқда ва ўта жиддий тус олмоқда. Ташкилотимиз буни эътироф этди”, - дейди “Amnesty Internatinal” вакиласи.

Унинг айтишича, Робия Қодирнинг ўғилларига адвокатлик қилаётган ҳимоячилар ва уларнинг оиласига ҳам жиддий таҳдид қилинган. Бундай ҳаракат ҳукумат тазйиқида ожиз қолган фуқароларни янада сиқувга олишнинг энг самарали йўли сифатида Хитойда кенг қўлланилмоқда.

Шарқий Туркистон ҳаракати етакчиси Абдулла Қорақош Хитой эркин фикрли фуқаролар учун ўта хавфли мамлакатга айланиб бораётганини қайд этди.

“Дунё аҳли Хитойда нима содир бўлаётганини билмаяпти. Хитой ҳукумати асл воқеликни беркитиб, дунёга буни бошқача талқин қиляпти. Дунё оммавий ахборот воситалари бу ердаги асл воқелик ҳақида жуда оз билади”, - дейди А.Қорақош.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса яқинда Робия Қодирни айирмачиликда айблади ва унинг 2006 йилда Нобел мукофотига номзод этиб кўрсатилганини қоралади.
XS
SM
MD
LG