Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:27

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Пурнел андижонлик бир гуруҳ диндорлар томонидан ўз номига ёзилган мактубга жавоб йўллади


АҚШ элчиси ўз хатида мактуб ёзган диндорларга миннатдорчилик билдирар экан, модомики, АҚШ Давлат департаменти хулосасидан норози экансиз, у ҳолда ноҳақ, деб билганингиз вазиятларни ойдинлаштиришга ёрдам беринг, деган мазмунда уларга мурожаат қилади. Бироз вақт муқаддам андижонлик турли дин пешволари гуруҳи АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни эътиқод эркинлиги борасида ўта хавотирли давлатлар сафига киритганини ноҳақ, Ўзбекистон ҳукуматининг АҚШнинг ўзига нисбатан “икки хил стандарт” сиёсатини қўллаётгани ҳақида айблови тўғри, дейилган мазмунда элчи Жон Пурнелга мактуб йўллаган эди.

АҚШ элчисининг Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида яшаётган турли миллат ва конфессия вакилларининг ушбу мактубига жавобан йўллаган мактубида, Ўзбекистонда диний эркинликлар аҳволи ноҳақ равишда хавотирли қилиб кўрсатилмоқда, дея АҚШ давлат департаментига эътироз билдирган диндорларни ҳамкорликка чақиради.

“Демакки, сиз Андижонда яшар экансиз”, —дейилади, жумладан, ушбу мактубда, — “Эҳтимол у ерда мавжуд вазиятни яна-да яхшироқ тушунишда ёрдам бера олишингиз мумкин. Интернетда бир қатор хабарлар пайдо бўлди. Бу хабарларда Андижонда меҳнатга лаёқатли ёшларни меҳнат ҳафтаси кунларида масжидда ибодат қилишдан қайтаришга уриниш, тўй маросимларида амри-маъруфларни таъқиқлаш ва чеклаш, шунингдек, Азон чақиришни чеклаш ҳоллари ҳақида айтилади. Интернетдаги бу хабарлар хато бўлиши мумкин ва шу боис ҳам мен бу ҳақда сизнинг шарҳларингизни эшитишдан жуда мамнун бўлар эдим”, - дейилади АҚШ нинг Ўзбекистондаги элчиси андижонлик диндорларга йўллаган жавоб мактубида.

Улар эса ўз мактубида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Америка ташқи сиёсат бошқармалари дин ва эътиқод эркинлиги каби долзарб масалага “бир ёқлама ёндашади” ва “икки хил стандарт” қўллайди, деган нуқтаи назарини тўлиқ қувватлашини билдирган ва АҚШ раҳбарияти мамлакатдаги диний эркинлик вазиятини баҳолаётганда нимага таянган экан, дея таажжуб билдирган эди.

Мурожаатнома остига имзо чекканлар эса – Андижон шаҳар рус православ черкови бош рухонийси Бочаров, Андижон вилояти қирғиз маданият маркази бошқаруви раиси Маматов, Андижон вилоят корейс маданият маркази раиси ўринбосари Цой, шунингдек, арман маданият маркази раҳбари ва вилоятнинг Шахрихон тумани имом хатиби Турғуновлардир.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчисидан жавоб олган андижонлик диндорлар гуруҳи эса ҳамон сукутда. Аввалги мурожаатларимиз ҳам жавобсиз қолган эди. Хусусан, Андижон шаҳар рус православ черкови бош руҳонийси идорасидан шу жавобни олганмиз.

“Биз бунақа интервьюларни бермаймиз. Биз метрополит билан аввалдан келишиб олишимиз керак. У хўп деса, марҳамат. Хуллас, бу масалаларда бизга мурожаат қилман”, - деган гапни қисқа қилди черков вакиласи.

Маълум сабабларга кўра, ўз исми-шаърифининг ошкор этмаслигимизни сўраган андижонлик кузатувчи бу диндорларни топа олмайсиз ва улар Андижондаги диний гуруҳлар орасида танилган вакиллар ҳам эмас, деган маълумотни берди.

“Уларни топа олмайсиз, оввора бўлиб қидирманг. Мен ҳам сизни қизиқтирган савол билан қизиқдим. Андижонда кўзга кўринган дин пешволари билан гаплашдим. Улар бундай хатдан бехабар. Яъни, бу хатни ёзганлар андижонлик дин пешволари эмас, уларни кўпчилик танимайди ҳам. Кўриниб турибдики, бу уюштирилган чиқиш”.

Бироқ, АҚШ элчисининг жавоб мактубида келтирган масалалар, яъни, Андижонда дин эркинликларининг чекланишига оид хабарлага нима дейсиз, улар қанчалик ҳақиқатга мос, дея сўрадик яна суҳбатдошимиздан.

“Бу хабарларда бироз ошириб юборилган. Мисол учун, азон чақириш таъқиқлангани йўқ, асло. Фақат паст овозда чақирилсин, дейилди. Тўйларда ҳам амри-маъруфлар бўляпти, ҳея ким буни ҳам таъқиқлаган эмас. Аммо, ёшларни жума намозларидан қайтаришга бироз уринишлар бўлди, бу рост. Фақат бунинг сабаби диний эркинликни чеклаш деб ҳисобламайман. Мисол учун, жума кунлари бутун бошли синфлар, курслар дарсни ташлаб, масжидга кетиши ҳоллари кўпайиб қолди. Шуни тартибга соламиз деб бироз чекловлар бўлди, холос. Яъни, унақа кескин чекловлар йўқ. Аммо, бир нарсани айтиш керак, Андижонда диндорлар мунтазам, кучли назорат остида. Бу бор гап”.
XS
SM
MD
LG