Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Террорчи кўпми, аксилтеррор тузилмаларми?


Коллектик хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) бош котиби Николай Бордюжа мазкур ташкилот ҳузурида аксилтеррор қўмита ташкил этилишини маълум қилди.

Венада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доимий кенгаши мажлисида сўзга чиққан Н.Бордюжа бу қўмита ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида террорчиликка қарши кураш амалиётларини мувофиқлаштириб боришини билдирди.

Янги тузилма КХШТга аъзо давлатлар ички ишлар вазирлари, чегара, хавфсизлик ва разведка хизматлари раҳбарларидан иборат бўлади.

Кремль манфаатларига хизмат қилувчи КХШТнинг фаоллашуви Россиянинг постсовет давлатлардаги сиёсий вазиятни ўз назорати остига олишга интилаётгани билан изоҳланиши ҳам мумкин.

КХШТ таркибида бир муддат аввал наркотикларга ва ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи қўмиталар ҳам ташкил этилганди. Шундан сўнг КХШТ ноқонуний муҳожирларни қўлга олиш бўйича мунтазам тадбирларни уюштириб келди.

Ташкилот матбуот котиби Виталий Стругавецнинг сўзларига кўра, ўтган йили бир ҳафта давомида ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида 28 минг муҳожир ушланган.

Энди эса эҳтимол айни тажрибани КХШТнинг янги қўмитаси террорчиликда гумон қилинганларни таъқиб этиш учун ҳам қўллайди.

“Террорчилар учун ҳудудларимиз “ёнган ер” бўлади. КХШТга аъзо ҳар қайси давлатда террорчилик ҳаракати содир этган шахс бу ҳудудда яширина олмаслиги ва таъқиб этилишини тушуниб етади”, - деди В.Стругавец.

Тошкентлик таниқли журналист Сергей Ежков эса бугунги кунда Марказий Осиё ҳудудида террорчиликка қарши кураш бўйича яна бир тузилмага эҳтиёж йўқлигини айтади.

“Менимча, бу иш бермайдиган ва кераксиз бир тузилма бўлади. Чунки бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳам аксилтеррор марказ фаолият юритмоқда. Россиянинг биргина мақсади Марказий Осиёда 15 йил давомида йўқотган таъсирини тиклашдир”, - дейди С.Ежков.

Виталий Стругавец ҳам КХШТнинг асосий мақсадларидан бири аъзолар ҳудудида иқтисодий ва сиёсий манфаатларни ҳимоя қилишдан иборат эканини яшириб ўтирмади.

“Нима учун 8 минг километр узоқликда жойлашган Америка ўзининг Бишкекдаги ҳаётий манфаатлари ҳақида гапирадию, Бишкекдан 2 минг километрдан сал кўпроқ масофада бўлган Россия бу ҳудудни ўз манфаатлари доирасидаги ҳудуд, деб эълон қила олмайди”, - деди В.Стругавец.

Ўзбекистон томони афтидан Россиянинг ҳарбий-сиёсий блоки таъсирига мувозанат яратиш мақсадида яқинда НАТО билан мулоқотларини яна жонлантирди.

Аммо НАТО ҳам, Россия манфаатларини кўзлаб сиёсат юргизаётган КХШТ ҳам Ўзбекистоннинг халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қатағонлар билан тенглаштирадиган террорчиликка қарши кураш сиёсатини қораламайди.

“Ҳар қайси давлатнинг ички фаолиятига аралашмаймиз. Суверен давлатлар мустақил қарор қабул қилади”, - деди КХШТ матбуот котиби.

КХШТга аъзо бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, айни пайтда Ўзбекистонда террорчилик ёки конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланган минглаб маҳбуслар бор.

Хавфсизлик масалаларини тадқиқ этувчи Жорж Маршалл марказининг террорчиликка қарши кураш дастурлари директори профессор Ник Прат фикрича, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг террорчиликка қарши кураш усулларидан воз кечмайди.

“Ўзбекистоннинг ҳар қандай ташкилотга аъзо бўлиши бу давлатнинг ички сиёсатини ўзгартиришга қодир, деб ўйламайман. Бутун дунё бу ҳукуматнинг қандайлигини билади. Авторитар ҳукуматларни ҳеч бир ташкилот мутлақо ўзгартира олмайди”, - деди Ник Прат.

Андижондаги қонли воқеалардан сўнг Ғарб давлатларидан юз ўгирган Ўзбекистон ўтган йили КХШТга аъзолигини қайта тиклаган эди. Ҳозир бу ташкилот таркибига Россия, Марказий Осиёнинг Туркманистондан бошқа барча давлатлари, Беларус ва Арманистон киради.
XS
SM
MD
LG