Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:50

Гулнора Каримованинг янги клуби


Гулнора Каримова.
Гулнора Каримова.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова раҳбарлик қилаётган Сиёсий тадқиқотлар маркази Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг энергетика клубини тузиш истиқболларига бағишланган давра суҳбати уюштирди.

Бундай клубни ташкил этиш ташаббусини илк бор 2005 йил июнь ойида Россия президент Владимир Путин илгари сурган эди. Энди эса бу ғояни Г.Каримованинг Сиёсий тадқиқотлар маркази ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.

ШҲТнинг энергетика клуби ташкил бўлса, унинг нима билан шуғулланиши ҳозирча аниқ эмас. Аммо қачондир ташкил бўлиб, кенгроқ манънода қўллаб-қувватланса, унга Марказий Осиё давлатларида энергетика соҳасидаги лойиҳаларни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилиши мумкин.

Тошкентдаги учрашув эса ҳеч қандай қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлмаган бир гуруҳ тадқиқотчилару, ШҲТга аъзо давлатлар вакилларининг бу масалада фикр алмашиб олишидан бўлак нарса эмас. Аммо бундай тадбир Г.Каримованинг минтақа сиёсий ҳаётида кўриниб қолиши учун бир фурсатдир.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи бошқараётган Сиёсий тадқиқотлар марказининг тадбирлари ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади. Бу ташкилотнинг на матбуот котиби бор, на телефон рақамини Тошкентдаги маълумотлар бюросидан топа оласиз.

Марказий Осиёда энергетика соҳани мувофиқлаштириш лозимлиги кўпчиликка аён. Минтақа давлатлари мустақил бўлганидан буён энергетика масаласида бир-бирининг қонини ичиб келди. Гоҳ аҳолини электр билан таъминлаш учун Қирғизистон қишнинг қоқ ўртасида сув омборини очиб юборади, гоҳ Ўзбекистон қарзинг кўпайиб кетди, дея Қирғизистонга қўшиб, Тожикистонга ҳам газ таъминотини қисқартирди. Бу муаммоларни ечиш билан ШҲТнинг энергетика клуби шуғулланмаса ҳам керак.

Москвалик журналист Санобар Шерматованинг айтишича, ШҲТнинг энергетика клуби минтақадаги энергетика лойиҳаларига Ғарб компанияларини киритмаслик вазифасини ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

“Бундай клубни ташкил этиш ғояси АҚШнинг “Катта Марказий Осиё” деб номланган лойиҳаси билан боғлиқ. Бу лойиҳа асосида АҚШ минтақанинг энергетика соҳасини тартибга солишни кўзда тутмоқда. Аммо АҚШнинг бу нияти амалга ошса, минтақада Россиянинг роли пасаяди. ШҲТнинг энергетика клуби эса бунинг олдини олишга қаратилган”, - дейди С.Шерматова.

Энергетика захиралари ҳисобига халқаро майдонда сиёсий қудрати ошиб бораётган Россия газ етказиб берувчи давлатларни ОПЕК каби ягона ташкилотга бирлаштириш ғоясига катта қизиқиш билдирмоқда. Бундай эврилишлар, аввало, Европани хавотирга солиши табиий. Аммо бу лойиҳалар атрофида ҳозирча фақатгина баҳсу мунозаралар бормоқда.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сотбоев эса бу лойиҳаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши эҳтимолларини инкор этиб бўлмаслигини айтади.

Унинг сўзларига кўра, муайян шарт-шароитлар асосида Россия, биринчи галда, Марказий Осиё давлатларига энергетика иттифоқини тузиш бўйича аниқ таклиф киритиши мумкин. ШҲТнинг энергетик клуби ҳам мана шундай лойиҳалардан биридир.
XS
SM
MD
LG