Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:56

Крейг Мюррей: “Халқаро ҳамжамият, афсуски, Андижон воқеаларига муносиб жавоб бера олмади”


Андижондаги қонли фожеалардан сўнг ўтган икки йил давомида бу воқеалар юзасидан Ўзбекистон ҳукуматига кўрсатиб келинган босим мунтазам равишда сусайиб боргани кузатилади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ва журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг танқидлари ҳам икки йил аввалгидай жаранглаб чиқаётгани йўқ.

Ўтиб бораётган вақт ўз таъсирини ўтказяптими? Ёки кимларнингдир тинкаси қуриб, ҳафсаласи пир бўла бошладими?

Бундай вазият бугунга келиб президент Ислом Каримовга Андижон воқеалари юзасидан билдирилган эътирозлар “уйдирма эканини Ғарб ҳам тушуниб етгани”ни баҳона қилишга асос бераётгандек.

“Қанча-қанча уйдирмалар, қанча-қанча ёлғон, бизга нисбатан қанча-қанча ҳақоратлар бўлмади. Вақт энг адолатли ҳакам десак, икки йил ўтиб ҳаммаси жой-жойига тушяпти. Ўзлари тушуняптики, бу ҳаммаси уйдирма экан”, - деди И.Каримов.

И.Каримов 2007 йил 9 май куни қилган бу чиқишида Андижон воқеалари борасида ўзини танқид этганлар томон қарши ҳужумга ўтишга тайёрлигини ҳам намойиш этди.

Айнан И.Каримов, халқаро ва маҳаллий кузатувчилар фикрича, Андижондаги намойишнинг қонли бостирилишига биринчи галда масъулдир. Унинг фожеага бевосита жавобгар экани юзасидан барча иддаолар четга сурилса ҳам бу воқеалар юз беришига айнан у қурган авторитар тузум сабаб экани ана шундай кескин хулосага асос сифатида тилга олинади.

“Аммо 2005 йил 13 май санасининг тобора узоқлашаётгани ҳам биринчи галда президент Каримов фойдасига ўйнамоқда, - дейди “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакиласи Рэйчел Денбер. - 2005 йил ноябрда Андижон халқаро эътиборнинг энг чўққисида эди. Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан санкциялар жорий этди. АҚШ томони ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг хатти-ҳаракатларини қоралаб чиқди. Ўшандан буён ЕИ ўзи киритган санкциялардан гўё воз кечмоқчи бўлиб келди. АҚШ эса Ўзбекистонга ҳеч қачон жиддий чора кўрмади ҳам”.

2007 йил 23 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг топталишига оид текширувларни тўхтатиш ҳақида қарор чиқариб, Каримов режимига навбатдаги совғани тақдим қилди.

2006 йил 14 ноябрда ЕИ Ўзбекистонга қарши жазо чораларини ўз кучида қолдирди, лекин Германия раислиги остида бу давлат билан мулоқотни қайта тиклашга йўл очилди. ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел Ўзбекистон билан мулоқотдан воз кечиш нотўғри бўлишини таъкидлаган эди.

“Қароримизга танқидий баҳо бераётганларга саволим шуки, нима қилишимиз керак эди? Инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқотга тайёрлигини айтган Ўзбекистон ҳукуматининг таклифини ёки Андижон воқеаларни ўрганиш гуруҳига эга бўлиш имконини рад этишимиз керакмиди? Ўзбекистон ҳукумати билан қарашларимиз фарқли эканини яхши биламиз, лекин пайдо бўлган имкониятни қўлдан бой бермаслигимиз керак”, - деганди Пьер Морел.

ЕИ ва Тошкент ҳукумати ўртасидаги мулоқотлар Ўзбекистонда мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар таъқиб этилган вазият манзарасида кечди. ЕИ бу борада Ўзбекистон ҳукуматига эътироз ҳам билдирган. Ўзбекистоннинг ҳам ЕИга нисбатан кескин чиқишлари юмшагани йўқ.

Расмий Тошкент ЕИнинг Андижон воқеалари юзасидан Германия босими остида юмшаб бораётган муносабатини сезмай қолмади. Аммо таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ЕИнинг Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан муносабати юмшаётгани унинг Андижондаги қонли воқеалар борасида ўз фикрини ўзгартирганини англатмайди.

“Санкцияларни ташқи сиёсат воситаси сифатида қўллаш борасида Брюсселда шубҳалар пайдо бўляпти, эҳтимол. Чунки санкциялар ёрдамида охир-оқибат жуда кам натижага эришилади”, - дейди Европа Осиёни тадқиқ этиш институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Жон Куиглей.

“ЕИга аъзо аксар давлатлар Ўзбекистонга нисбатан муносабатни юмшатиш тарафдори ҳам эмас, шунчаки муқобил энергия таъминотига эҳтиёж инсон ҳуқуқлари масаласидан устун келаётгандек”, - дея бу муносабатни тушунтиришга ҳарақат қилади Европа сиёсати маркази таҳлилчиси Аманда Акчахожа.

ҲРУ вакиласи Рэйчел Денбер фикрича эса Ғарб давлатлари Ўзбекистонга нисбатан узвий ва изчил сиёсат юрита олмади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ҳам Андижон воқеаларидан сўнг ўтган муддат ичида Тошкент режимини танқид қилавериб тинкаси қуриди.


“Менимча, ҳадеб танқид қилаверишда чарчаш аломатлари бор. Ўзбекистон томони эса бундан ўз манфаати йўлида фойдаланишни билади. Лекин ҲРУ ва бошқа халқаро ташкилотлар Андижон фожеаларига масъул кишиларни жавобгарликка тортиш учун имкони борича курашни давом эттиради”, - Рэйчел Денбер.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчи Крейг Мюррейнинг айтишича, Андижон воқеаларидан сўнг ўтиб бораётган вақт танқидларни камайтириб бораётгани табиий бир ҳолат.

“Биз бугунга келиб Хитойдаги Тяньаньмень майдонида рўй берган қирғин ҳақида камроқ эшитяпмиз. Бундан аввал рўй берган бирор қирғин бирдан ёдимга ҳам келмайди. Бу воқеалар тарих саҳифаларига кираётган эса-да, улар ҳақида одамларнинг фикрлари ўзгариб кетаётгани йўқ. Каримов вақт ўтиб одамлар Андижон воқеалари борасида фикрларини ўзгартиради, деб ўйлаётган бўлса, жуда ҳам адашади”, - дейди Крейг Мюррей.

Собиқ элчи бугунга келиб Андижон воқеаларидан сўнг ўтиб бораётган вақтнинг Каримов фойдасига ўйнаётгани 2005 йилда унинг режимига нисбатан кўрилган чораларнинг сустлигидан, деб билади.

“ЕИнинг ҳаракатлари ўз вақтида етарли эмас эди. Санкциялар жуда заиф эди. Улар Каримов ва унинг оила аъзоларини четлаб ўтди. Мамлакатга қарши савдо-сотиқ эмбаргоси жорий этилмади. АҚШ эса ҳеч нарсага ярамади. Улар мутлақо ҳеч нарса қилгани йўқ. Халқаро ҳамжамият, афсуски, Андижон воқеаларига муносиб жавоб бера олмади”, - дейди Крейг Мюррей.

Р.Денбер сўзларига кўра, “келажакни ҳеч ким башорат қила олмайди. Аммо инсоният тарихида қирғин содир этган давлат раҳбарлари устидан кўп йиллар ўтиб ҳам адолат қарор топган ҳолатлар бўлган”.

Андижон воқеалари президент Каримов учун қандай оқибатлар келтириб чиқариши номаълум. Аммо бундай оқибатларнинг олдини олиш учун унга ишни зудлик билан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашдан, ҳақиқий демократик ислоҳотлардан бошлаш тавсия этилади. Андижон воқеаларидан сўнг ўтган муддат давомида бунинг айнан акси қилингани кузатилади.
XS
SM
MD
LG