Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:44

Ўзбекистон, Чад, Конго, Судан... Ўхшашликни топинг!


Ўзбекистон дунёдаги энг коррупциялашган давлатлар ўнлигидан жой олиб, “Трансперенси интернейшнл” рўйхатида коррупция даражасининг юқорилиги бўйича барча постсовет давлатлардан ўзиб кетди.

“Трансперенси интернейшнл”нинг коррупция даражаси бўйича таснифланган 163 давлат киритилган рўйхатида Ўзбекистон бу гал Тукманистонни ҳам ортда қолдириб, Гвинея, Бангладеш, Чад, Конго, Судан, Ироқ, Мьянма ва Гаити каби давлатлар билан бирга дунёдаги энг коррупциялашган давлатлар ўнлигини ташкил этмоқда.

“Ўзбекистон ҳар доим энг коррупциялашган давлат сифатида кўрилган ва бунинг ҳайратланарли жойи йўқ, - деди “Трансперенси интернейшнл”нинг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича раҳбари Миклош Маршал. - Ҳозир Ўзбекистон том маънодаги ёпиқ жамиятдир. Фуқаролар сиёсий ҳуқуқларидан марҳум этилган, уларнинг ҳуқуқлари поймол этилади. Шу боис, коррупциянинг гуллаб-яшнаши учун барча шарт-шароит яратилган”.

Ўзбекистон ҳукумати коррупцияга қарши курашувчи фуқаролик жамиятини яратмаган эса-да, давлат идоралари бу иллатга қарши самарали курашаётганини таъкидлаб келади. Ҳатто Бош прокуратура коррупцияда айбланган минглаб мансабдор жавобгарликка тортилганини ҳам эълон қилган.

Лекин Ўзбекистон Бош прокуратурасининг бу маълумотлари “Трансперенси интернейшнл” томонидан коррупцияга қарши самарали кураш сифатида баҳоланмайди.

“Бу ўринда кузатаётганимиз вазият шуки, коррупцияга қарши курашувчи комиссиялар ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари ижро ҳокимиятининг сиёсий қуроли сифатида хизмат қилмоқда. Жазога тортилаётган бундай мутасаддилар ҳукуматга шунчаки керак бўлмай қолган”, - деди М.Маршал.

Коррупцияга қарши курашнинг Ўзбекистондаги намуналари фақатгина марказий ҳокимиятнинг буюртмаси сифатида талқин этилиб, жамият ичидаги бу иллатга қарши ҳақиқий курашни англатмайди ва “Трансперенси интернейшнл” таъкидича, коррупцияга қарши курашувчи суд-ҳуқуқ тизимини ичдан бузади.

Ўзбекистонда “Коррупция - тараққиёт йўлидаги ғов” номли Интернет лойиҳа раҳбари Абдураҳмон Ташанов фикрича, Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизими тўлалигича марказий ҳукумат томонидан бошқарилиб, унгагина хизмат қилади. Коррупциянинг асл кўлами эса аллақачон оддий порахўрликдан-да юқори даражага кўтарилган.

“Трансперенси интернейшнл” ташкилотининг билдиришича, Ўзбекистонда минглаб сиёсий маҳбус мавжуд, ҳукумат мухолифларининг таъқиб этилиши суд ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг қўли билан амалга оширилади.

Пул ҳам рол ўйнамайдиган бундай коррупцияни “Трансперенси интернейшнл” ўзининг сўнгги ҳисоботида “камдан-кам учрайдиган, аммо мамлакатни барбод этувчи сиёсий коррупция”, деб атаган.

“Порахўрлик кимнингдир судьяга пул бериб, суд қарорига таъсир этишидир. Бу коррупциянинг суд тизимида кенг тарқалган тури бўлса ҳам унга қарши курашиш қийин эмас. Аммо том маънода давлатни барбод этувчи катта коррупция бу суд тизимига ҳукуматнинг таъсири ҳисобланади”, - деди Миклош Маршал.

Ўзбекистонда диний ва сиёсий айблар билан қамалган минглаб маҳбуслар мавжудлиги ҳам мамлакат суд тизимидаги сиёсий коррупциянинг кўлами борасида кўплаб хавотирларни келтириб чиқаради.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда коррупция ва унинг энг юқори босқичи авж олганини эътироф этган “Транперенси интернейшл” Ўзбекистон учун дунёнинг энг коррупциялашган давлатлари ўнлигидан бошқа жой топа олмади.
XS
SM
MD
LG