Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:38

Ўзбекистон “Newmont Mining” билан келишувга эришди


Олтин қазиб чиқариш бўйича жаҳонда энг етакчилардан бўлган “Newmont Mining” компанияси “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасидаги улушини Ўзбекистон ҳукуматига сотишга рози бўлди.

АҚШ компаниясининг улуши 80 миллион АҚШ долларига баҳоланди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан банкот қилинган “Зарафшон Ньюмонт” қўшма корхонаси устидан тортишувлар ўз поёнига етаётгандек. Ўзбекистон ҳукумати энди америкаликларнинг 80 миллион долларини қайтарса бас.

Ўзбекистон ҳукуматининг “Newmont Mining” вакиллари билан музокара бошлашига мазкур компания мунозарали вазиятни ҳал этишни сўраб Стокгольмдаги халқаро арбитражга мурожат қилгани сабаб бўлди.

Лекин “Newmont Mining” вакили Умар Жабара “Newmont Mining”нинг мақсади компаниянинг пулини ундириш эмас, Ўзбекистон ривожи учун мамлакатда қолиб ишлаш бўлганини таъкидлади.

“Ҳукумат активларимизни тортиб олиб, бизни банкрот деб эълон қилгани боис, биз бу имкониятдан мосуво бўлдик”, - деди у.

“Newmont Mining” Ўзбекистон ҳукуматининг “Зарафшон-Ньюмонт”га солиқдан 50 миллион доллар қарз юклаши, кейин активларини тортиб олиши асоссиз ҳаракатлар бўлганини таъкидлайди. Стокгольмдаги халқаро арбитраж “Newmont Mining”нинг аризасини кўриб чиқишни бошлашидан аввал Ўзбекистон ҳукумати ўзи қилган хатоларни тан олишга мажбур бўлган.

“Ҳукумат халқаро стандартларга мувофиқ хориж сармоядорларининг активларни тортиб олиш номақбуллигини ва бунинг учун бизга товон тўлаши кераклигини тан олди”, - деди “Newmont Mining” вакили Умар Жабара.

“Зарафшон-Ньюмонт” Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари таназзулга учраган вақтда муаммоларга дуч кела бошлади. “Newmont Mining” вакили Ўзбекистон ҳукумати хориж компаниялари активларни национализация қилиш йўлларини излаётгани сир бўлмагани эътироф этди. У Ўзбекистон томони билан ўзаро келишувга келишилгандан сўнг “Зарафшон-Ньюмонт” келажаги ҳақида ўйлаш “Newmont Mining”нинг иши эмаслигини айтар экан, нима бўлганда ҳам қўшма корхонадаги замонавий асбоб-ускуналарни ишлатиш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.

Тошкентда бир неча бор кимошди савдосига қўйилган “Зарафшон-Ньюмонт” эса ҳали ҳам ўз харидорини топа олгани йўқ.

“Newmont Mining” вакиллари фикрича, янги сармоядор Ўзбекистонга келишдан аввал энди юз марта ўз қарори ҳақида ўйлаб кўради.

Шу билан бирга, “Зарафшон-Ньюмонт” тўла давлат назоратида қолиши ҳам айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG