Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:53

Бир кишига боғлиқ барқарорлик


“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўзбекистонликларнинг деярли барчаси президент Ислом Каримовни мамлакат барқарорлигининг кафолати, деб билишини маълум қилди.

“Ижтимоий фикр” маркази томонидан қўйилган савол “Ўзбекистонда мустақилликни мустаҳкамлаш, муаммоларни муваффақиятли ҳал этиш ва давлат барқарорлигининг кафолати ким ёки нима?” қабилида эди. Ушбу саволга жавоб берганларнинг 98,5 фоизи президент Ислом Каримов, деб жавоб берган.

Мамлакатда президент сайлови ҳақида расман эълон қилинмаган, мухолифат эса амалдаги давлат раҳбарининг ваколат муддати аллақачон ўтиб бўлганини иддао қилаётган бир вазиятда жамоатчилик фикри И.Каримов томонида экани даъво қилинаётгани воқеаларнинг кейинги ривожи йўналишини кўрсатади.

Айни пайтда ҳукумат томонидан назорат қилинадиган “Ижтимоий фикр” маркази жамоатчилик фикрини қалбакилаштиришда айблаб келинади.

Эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари мавжуд бўлмаган мамлакатда жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш мушкул эмас, бироқ мамлакат бўйлаб якдиллик билан президент Каримовни қўллаб-қувватловчи ўзбекистонликларни топиш осон кўринмайди. Ҳатто президентни тўла қўллаб-қувватловчи фуқаролар орасида ҳам...

“Ислом акага гап йўқ. Жуда яхши ишлар қиляпти. Лекин болаларим ўқувчи, жуда қийналяпман”, - дейди тошкентлик Собир ака.

“Президент Каримов мамлакатдаги муаммоларни самарали ҳал эта олмаяпти, - дейди Рустам ака исмли суҳбатдош. - Бу барибир мажбурий барқарорлик. Одамлар шундоқ қилиб юришга мажбур бўляпти”.

Тошкентлик Умида мамлакатдаги сиёсий турғунлик шароитида “Ижтимоий фикр” томонидан қўйилган саволга ҳар кимнинг ҳам жавоб топа олмаслигини айтади.

“Мен шахсан президент ва унинг тузумини қўллаб-қувватламайман. Лекин сиёсий жараён йўқ шароитда Каримовдан бошқа ҳеч кимни танимайман ҳам”, - дейди Умида.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича вашингтонлик мутахассис, “Washington Profile” ахборот ва таҳлил маркази раҳбари Александр Григорьев “Ижтимоий фикр” маркази сўрови натижаларини жиддий шубҳа остига олади.

“Бундай ҳолат нацистлар Германиясида ёки Совет Иттифоқининг Сталин ёки Хрушчёв даврида бўлиши мумкин. Ўша замонда мамлакат барқарорлигининг кафолати ким, деб сўрасангиз ҳамма Сталин, деб жавоб берган бўларди. Лекин бу ҳеч нарсадан далолат бермайди”, - дейди Александр Григорьев.

Вашингтонлик таҳлилчи фикрича, Ўзбекистонда ўтказиладиган сўров натижаларини шубҳа остига олиш учун камида уч сабаб бор. Биринчидан, бу мамлакат аҳолиси эркин ахборот олиш имкониятига эга эмас. Иккинчидан, қўйилган савол жуда жўн ва респондентдан бир томонлама жавоб талаб этади. Ва ниҳоят, берилган жавоблар тўғри саналгани ҳам шубҳалидир.

А.Григорьевнинг айтишича, демократик давлатларда президентнинг обрўси мунтазам равишда кўплаб ижтимоий сўровлар ёрдамида ўлчаб борилади. Авторитар давлатларда эса қалбаки ижтимоий сўровлар муҳим сиёсий воқеалардан аввал пайдо бўлади.

“Ўзбекистондагига ўхшаш режимларда бундай сўровлар камдан-кам ўтказилади. Мутлақ ҳокимият эгасига у ҳақда халқ нима ўйлаётганини билишнинг нима кераги бор? Авторитар давлатлар етакчиларини халқ фикри қизиқтирмайди”, - дейди А.Григорьев.

“Ижтимоий фикр” маркази сўрови натижаларини шубҳа остига олмаслик ҳам мамлакатдаги вазият борасида бундан-да жиддий хавотирни келтириб чиқаради. Чунки марказга ишониладиган бўлса, Ўзбекистон барқарорлиги ва мамлакатдаги муаммолар ечимининг ягона кафолати Ислом Каримов бўлиб чиқади.

“Бир одам барқарорлик кафолати бўлса, мамлакатдаги жуда кўп нарса унинг эрталабки кайфиятига, ўнг ёки чап оёғининг саломатлигига боғлиқ бўлиб қолади. Бундай вазият мамлакатда сиёсий тизим буткул барбод бўлганини англатади”, - дейди вашингтонлик таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG