Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Битта қозондан қора юқтирган давлатлар ўзаро яқинлашмоқда


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов туркманистонлик ҳамкасби Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг таклифига биноан 18 октябрь куни давлат ташрифи билан Ашхободга келди.

Туркманистон давлат ахборот хизматининг хабарида айтилишича, шу куннинг ўзида олий даражадаги икки томонлама сўзлашувлар ўтказилди ва Ўзбекистон–Туркманистон ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Аввалдан башорат қилинганидек, И.Каримов ва Қ.Бердимуҳаммедов ўртасидаги музокаралар моҳияти жамоатчиликка ошкор этилаётгани йўқ. Томонлар ўртасида имзоланажак ҳужжатлар ҳам мавҳум қолмоқда.

Ашхободнинг янги хўжайинлари Сапармурод Ниёзовдан кейинги янги Туркманистон давлатини қураётгани ҳақида қанчалик гапирмасин, бу мамлакат ҳамон дунёдаги энг ёпиқлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу жиҳатдан Ўзбекистон ҳам орқада қолишмаётгандек. Иккала давлат Ташқи ишлар вазирликлари давлат раҳбарлари учрашувлари ҳақида ҳеч қандай маълумот тарқатаётгани йўқ.

Туркманистон давлат ахборот хизмати Ўзбекистон президентининг Ашхободга сафари давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш сари ташланган муҳим қадам эканини эълон қилиш билан чекланди.

Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланажак ҳужжатлар ҳақида эса фақатгина уларда икки давлат манфаатлари бир хилда инобатга олиниши хабар қилинди.

И.Каримов ва Қ.Бердимуҳаммедов ўртасидаги музокаралар кун тартибида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, юк транзити, савдо-сотиқ, шунингдек, фуқароларнинг чегарадан ўтиши масаласи бўлиши айтилмоқда.

Уларнинг учрашувини минтақавий интеграция учун ўта муҳим қадам сифатида баҳолаган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел бу давлатлар ўртасидаги барча муаммоларнинг бир зумда ҳал этилишини кутмаётганини билдирди.

“Мураккаб ҳамкор ҳисобланадиган Ўзбекистон билан муносабатларда етишмовчиликлар бор эди. Лекин Ашхободда Ўзбекистон билан ҳам яхши алоқада бўлиш истаги бор. Бу хусусда Ҳавьер Солана ҳам туркман президенти билан суҳбатлашган эди. Улар барча муаммоларни бир зумда ҳал қила олмайди. Лекин бу жуда ҳам ижобий нишона”, – деди Пьер Морел.

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбари, асосан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масаласини муҳокама этаётгани турган гап. Айниқса, янги йирик газ қувурлари қурилиши ва газ транзити масалалари бўйича давлатлар ўртасида ҳануз келишувлар имзоланмаган - хоҳ бу Қозоғистон орқали Россияга ўтувчи Каспийбўйи қувури бўлсин, хоҳ Ўзбекистон орқали Хитойга тортилажак Хитой қувури бўлсин.

Бундай келишувларнинг икки томон манфаатларини бир хилда инобатга олиши ҳақида айтилаётган бир пайтда, Марказий Осиё давлатлари бўйича таҳлилчи Аркадий Дубнов фикрича, И.Каримов ва Қ.Бердимуҳаммедов Москва манфаатларини барибир четга суриб қўймайди.

“Ўйлашимча, бугунги кунда газ таъминотчилари бўлмиш Марказий Осиё давлатларининг аҳамиятига Москва танқидий кўз билан қарайди ва уларнинг мустақил ўйин ўйнашига тўсқинлик қилади”, – деди А.Дубнов.
XS
SM
MD
LG