Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:08

Пул ўтказмалари янада синчковлик билан текширилади


Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги демократик кучлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистларнинг хориждан молиялаштирилишига қарши янги чораларни жорий этди.

Ўзбекистонда катта миқдордаги молиявий оқимлар назорати юмшатилган бир пайтда фуқароларга келаётган пул ўтказмалари қўшимча синчковлик билан текшириладиган бўлди.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ходимининг айтишича, январь ойидан бошлаб хорижий ташкилотлардан пул оладиган фуқаролардан меҳнат шартномаси сўралмоқда.

Ўзбекистондаги демократик кучлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистларга хориждан келаётган пул ўтказмалари Андижон воқеаларидан сўнг кузатув остига олинганди. Мана шундай ўтказмалардан солиқ тўламаганлик айблари мамлакатда фаолият юритган “Немис тўлқини” радиоси мухбирларининг таъқиб этилишига, мустақил журналистлар Наталья Бушуева ва Алишер Таксановнинг мамлакатдан чиқиб кетишига сабаб бўлганди.

“Бу муаммога мен 2006 йилдаёқ дуч келдим. Ўшанда “Пиёдаларга қарши миналарни тақиқлаш бўйича халқаро кампания” ташкилоти менга Камбожада ўтказиладиган халқаро анжуманга боришим учун 2 минг доллар жўнатганди. Туман банки менга пул бермади ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига жўнатди. У ерга борганимда банк мулозимлари бу пуллар менга рангли инқилоб уюштириш учун берилганини иддао қилди. Мен эса уларга 2 минг долларга ағдариш мумкин бўлган ҳокимият қандай ҳокимият бўлди, дея эътироз билдиргандим”, – дейди А.Таксанов.

Фаолияти хорижий грандларга асосланган ва Ўзбекистонда ҳуқуқлари поймол этилган юзлаб фуқарога ёрдам бериб келаётган Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам банкдан пулсиз қайтганини айтди.

“Бу маблағлар террор учун ишлатилиши мумкин, деган баҳоналар билан бундай тадбирлар ўтказиляпти. Аслида бу инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мухолифатчилар ва журналистларнинг томоғидан бўғиб, уларга кислород бермаслик мақсадида қилинмоқда”,- деди С.Икромов.

Ўтган йили Ўзбекистон банкларига пул ўтказмалари бўйича алоҳида шубҳа уйғотувчи кишилар рўйхати берилганди. Бироқ жорий этилган сўнгги қўшимча чоралар барча фуқароларга шубҳа билан ёндашувни тақозо этади.

Журналист Серегей Ежков бу чоралар ҳеч қандай қонун меъёрлари билан мустаҳкамланмаганини алоҳида таъкидлайди.

“Агар сен билан суҳбат қилган банк ходимлари мавҳум бир мезонларга асосан бу пулни сенга бериш мумкин эмас, деб қарор қилса, бу пуллар шунчаки берилмайди. Бироқ амалдаги қонун меъёрларида хориждан маблағ олишга ҳеч қандай чеклов йўқ”,- дейди С.Ежков.

Айни пайтда Ўзбекистонда жиноий йўл билан топилган даромадларни қонунийлаштиришга қарши молиявий назорат юмшатилганича қолмоқда. Ўтган йили президент Ислом Каримов кутилмаганда ўз фармойиши билан ҳукуматнинг жиноий йўл билан топилган даромадларини қонунийлаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши қарорини бекор қилди. Бу фармойиш билан И.Каримов жиноий йўл билан топилган пулларни қонунийлаштираётган гуруҳларга қарши курашувчи молиявий разведка департаменти тузилишига ҳам чек қўйди.

А.Таксановнинг фикрича, ушбу қарор ижроси ҳукумат мулозимларининг молиявий операцияларини ошкор этгани боис тўхтатилган.

“Асосий пул оқими террорчилар ёки инқилобчилар томонидан эмас, балки расмийларга тегишли яширин тузилмалар томонидан амалга оширилаётгани аниқланди. Хорижга жўнатилаётган ва хориждан келаётган асосий пуллар ҳукумат ҳимояси остида ишлаётган мафия томонидан бошқарилади. Бу пулларнинг молиявий разведка тузилмалари эътиборига тушишидан ҳеч ким манфаатдор эмас эди”,- деди А.Таксанов.
XS
SM
MD
LG