Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:32

Янги ҳисобот мавжуд хавотирларни тасдиқлайди


Вашингтонда эълон қилиниши кутилаётган янги мустақил ҳисобот Афғонистондаги вазият борасида халқаро жамоатчиликни жиддий огоҳлантиради. Бунинг сабаблари мамлакатга берилаётган халқаро ёрдамларнинг кескин камайгани ва жангарилар томонидан уюштирилаётган зўравонликларнинг ортгани билан изоҳланмоқда.

Янги ҳисобот Вашингтондаги Президентлик тадқиқот маркази томонидан тайёрланди ва АҚШ армиясининг собиқ генерали Жэймс Жонс ва АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Томас Пикеринг томонидан мувофиқлаштирилди.

Афғонистондаги вазиятга хавотирли, дея баҳо берилган ҳисоботда сўнгги 6 йил давомида эришилган ютуқлар жангари гуруҳларнинг қайта кучайгани ва халқаро эътиборнинг камайгани сабабли таҳдид остида қолаётгани, мамлакат аҳолиси тобора келажакка ишончини йўқотаётгани билдирилади.

Мазкур тадқиқот АҚШнинг Афғонистондаги сиёсатини мувофиқлаштирувчи махсус вакил тайинланишини тавсия қилади ва АҚШ ҳукуматини Ироқ ва Афғонистон масалаларини бир-биридан алоҳида бошқаришга ва 5 йил ичида хавфсизликни яхшилаш бўйича халқаро стратегия ишлаб чиқишга чақиради.

Ҳисобот НАТО давлатлари таянчини йўқотаётган Вашингтонни Афғонистон борасидаги ҳарбий ва иқтисодий стратегиясини қайта кўриб чиқишга даъват этади.

Бундан аввалроқ АҚШ мудофаа вазири Афғонистонга кўпроқ қўшин юбориш кераклигини билдириб, бу масалани америкалик қўшимча ҳарбийларни юбориш ёрдамида ҳал этиш нотўғри бўлишини айтганди.

АҚШ ойлар давомида НАТОдаги иттифоқчиларини Афғонистонга қўшимча қўшин жўнатишга кўндиришга ҳаракат қилди. Декабрь ойида НАТО Афғонистон жанубига қўшимча 6000 аскарни юборишини билдирган бир вақтда АҚШ айни минтақадан ўзининг 4000 ҳарбийсини олиб чиқиш ниятида эканини эълон қилди.

НАТОдан ҳеч қандай дарак чиқмаётган бир пайтда ўтган ҳафтада Вашингтон Афғонистоннинг Покистон билан чегарасига қўшимча 3200 ҳарбий юборишга қарор қилди. АҚШ халқига душанба кунги мурожаатида президент Жорж Буш америкалик қўшимча аскарларнинг юборилиши Афғонистонда эришилган ютуқларни йўқотмасликка хизмат қиладигандек гапирган эди.

“Бир пайтлари “Ал-Қоида” қароргоҳи бўлган бу мамлакатда демократия униб чиқмоқда, болалар мактабга боряпти, янги уйлар ва шифохоналар қуриляпти, одамлар келажакка умид кўзлари билан боқмоқда. Бу муваффақиятлар давом этиши учун биз Афғонистонда террорчиларга қарши курашиб, афғон армиясини тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшадиган қўшимча 3200 аскар юборяпмиз”,- деди Жорж Буш.

НАТО давлатлари раҳбарлари ҳам Афғонистонда тинчликни сақлаш мажбуриятларидан воз кечмаганини таъкидлайди. Сешанба куни Германия парламенти мамлакат қўшинларининг Афғонистонда қолиш муддатини узайтирди.

Афғонистон мудофаа вазири Абдул Раҳим Вардоқ бу қарорни олқишлади.

“Мамлакатни доимий равишда хавфсиз сақлашнинг ягона йўли афғон армиясининг ташқи ва ички таҳдидларга қарши мудофаа қобилиятини оширишдир. Биз барча дўстларимиз, хусусан, Германия бизга ёрдам қўлини чўзишига умид қилиб қоламиз”, – деди Афғонистон мудофаа вазири.

Афғонистон президенти Ҳомид Карзай эса мамлакатга қўшимча қўшин киритиш мураккаб вазиятдан чиқишнинг тўғри йўли эканига шубҳа қилишини билдирди. У халқаро ҳамжамият ўз эътиборини жангарилар қочиб қутилган Покистон минтақаларига қаратиши кераклигини таъкидлади.

Бироқ Ҳ.Карзай фикрича, мамлакатдаги хорижий қўшинлар сони камайтирилишидан аввал Афғонистон миллий армияси, миллий полиция ва қонунчилик органларини кучайтириш даркор.
XS
SM
MD
LG