Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:42

Ўзбекистон ЕИ санкцияларининг олиб ташланишига арзирлик каромат кўрсатгани йўқ


16 сентярб куни Брюсселда Европа Иттифоқининг умумий ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати бўйича энг юқори мартабали вакили Хавьер Солана Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан сўзлашувлар ўтказди. Владимир Норов Европа Иттифоқини Ўзбекистонга нисбатан қўшстандартли сиёсат юргизаётганликда айблади ва Ўзбекистон ҳамкорлигисиз Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга оид стратегияси таназзулга юз тутиши борасида огоҳлантирди.

Ўзбекистон ҳукуматига қарши жорий этилган санкцияларнинг кейинги тақдири сўзлашувлар диққат марказида бўлди ва шу аснода, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг сўнгги вазият, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон муносабатлари ҳамда минтақадаги воқеалар ривожи муҳокама этилди.

Норов - Солана учрашуви келаси ойда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари санкцияларнинг кейинги тақдири борасида навбатдаги қарорини қабул қилишидан аввал томонлар ўртасида ўтказилган энг юқори даражадаги якуний учрашувдир.

Октябр ойида санкцияларнинг бекор қилиниши тобора ойдинлашиб борар экан, давомий ҳамкорлик учун қандай асослар мавжуд?

“2005 йилда Андижондаги намойишни қонли бостиргани учун Ўзбекистон ҳукуматига қарши жорий этилган санкциялар Ўзбекистонни Европа Иттифоқи таъсиридан изоляция қилмоқда.” – дейилади “Озодлик” радиоси қўлган киритган Европа Иттифоқининг жамоатчилик учун ёпиқ хужжатида.

Бу ҳужжат - июл ойида Европа Иттифоқи расмийларининг Ўзбекистонга қилган бир неча ташрифи ва ўзбек расмийлари билан ўтказилган кўплаб музокараларнинг ёзма хулосасидир.

Ўтган апрел ойида Европа Иттифоқи санкцияларнинг амал қилиш муддатини 6 ой муддатга тўхтатишга қарор қилар экан, июл ойида Ўзбекистондаги ўзгаришлар қайта текшириб кўрилишини белгилаб қўйилганди.

Европа Иттифоқи расмийлари ўзларининг Ўзбекистон мулозимлари билан ўтказган сўзлашувлари ҳақида фикр билдирар эканлар, Ўзбекистон томони аслида Европа Иттифоқи билан қай йўсинда алоқаларни ривожлантириш мумкинлиги борасида тасаввурга эга эмаслигини айтадилар.

Ҳужжатда Ўзбекистон расмийлари умуман мамлакат келажагини жуда мавҳум кўриши ҳам алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон расмийлари агар Европа Иттифоқи тенглик асосига қурилган ҳамкорликка рози бўлмаса, ўз мамлакати Жанубий Корея, Тайвань, Араб давлатлари ва Хитой билан алоқаларни кучайтириши ҳақида айтган.

Европа Иттифоқи расмийларига кўра, санкциялар Ўзбекистон раҳбарияти учун ҳақиқатан ҳам оғриқли масаладир чунки , улар санкцияларнинг жорий этилганини адолатсизлик деб биладилар.

Июл ойида Европа Иттифоқига раислик қилаётган Фрациянинг Европа масалалари бўйича ташқи ишлар вазири Жан Пьер Жуенинг (Jean-Pierre Jouyet) Тошкентга сафари ҳам ўта аҳамиятли бўлди. Франция мутасаддиси Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг Тошкентдаги элчилари билан Ўзбекистон билан алоқалар истиқболини мубоҳаса этган.

“Озодлик” радиоси қўлга киритган ҳужжатда ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган ушбу мунозаралар тафсилотлари ҳам бор. Унда айтилишича, Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан ёки изоляция сиёсатини қўллаши, ёки конструктив ҳамкорлик қилиш йўлини танлаши керак.

Европа Иттифоқи расмийлари Андижондаги қирғиндан сўнг Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни жорий этиш қарори тўғри бўлганига ишонадилар. Бироқ ҳужжатдан маълум бўлишича, ҳозирда Европа Иттифоқи Ўзбекистон изоляцияси Иттифоқнинг бу мамлакатга таъсир ўтказиш имкониятини чеклашини англамоқда.

Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларнинг октябр ойида бекор қилишини ҳозирданоқ башорат қилиш мумкин. Бугунга келиб Европа Иттифоқининг бюрократияси бунга имкон беради. Санкцияларнинг амал қилиш муддати яқин ҳафталар ичида тугар экан, уни қайта жорий этиш учун Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатларнинг якдил қарори лозим.

“Бу санкцияларнинг октябр ойида бекор қилишининг эҳтимоли жуда катта. Чунки, барча давлатларнинг бир овоздан санкцияларни қайта жорий этиш учун овоз беришини кутиб бўлмайди. Германия ва Франция санкцияларнинг қайта жорий этилишига қарши чиқади”- дейди “Озодлик”радиосининг дипломатик мухбири Ахто Лобякас.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел санкциялар тақдири ҳақида гапирганда ҳали ҳам эҳтиёткор бўлиш керак деб ҳисоблайди.

“Кенгаш анжуманигача ҳали вақт бор. Сизга айтишим мумкин бу масалани қандай талқин қилишингиздан қатъий назар, Европа Иттифоқига раислик қилаётган Франциянинг бу масалада жуда эҳтиёткор эканини инобатга олиш керак.” – деди П. Морел.

Айни пайтда таҳлилчилар Ўзбекистон томони санкцияларнинг бекор қилиши учун Европа Иттифоқининг ҳеч бир талабани бажармаганига эътибор қаратишмоқда.

16 сентябр куни Брюсселда учрашган Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат мутасаддиси Хавьер Солана ва Владимир Норов эҳтимол санкциялар олиб ташлангандан кейинги муносабатлар ҳақида ҳам фикр алмашганлар. Зеро кузатувчилар фикрича, ҳозирда Европа Иттифоқининг фикрини фақатгина яна бир Андижон воқеаси ўзгартириши мумкин.
XS
SM
MD
LG