Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:09

Тошкентда пахта кўргазмаси якунланди


http://gdb.rferl.org/CA8F7553-4FCB-43AC-B3AF-76ED68DD1D8C_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/CA8F7553-4FCB-43AC-B3AF-76ED68DD1D8C_mw800_mh600.jpg Ўзбекистон ҳукумати Тошкентда ўтказилган икки кунлик халқаро пахта кўргазмаси давомида қарийб бир миллион тонна пахта толасини сотиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. Бу эса мамлакатдаги болалар меҳнатига қарши бўлган Европа ва АҚШ нинг етакчи компаниялари ўзбек пахтасини бойкот қилганига қарамасдан содир бўлмоқда.

Ўзбекистон расмийлари ўзбек пахтасини сотиб олишга бўлган қизиқиш камаймаганини айтаётир.

Ўзбекистон пахтасини бойкот қилиш орқали ҳукуматни болалар меҳнатидан воз кечишга мажбур қилишга ҳаракат қилаётган гуруҳлар ўтган икки йил давомида бу борада мисли кўрилмаган ишлар қилинганини қайд этмоқда.

Тошкентда якунланган халқаро пахта кўргазмасида Ўзбекистонда тайёрланмаган кўйлакларни кийган расмийлар ўзбек пахтасининг сифати ва нархи ҳақида кўп ва хўб гапирди.

Нимжон қўллари билан ғўза поя орасида юриб пахта тераётган болалар ҳақида эса ҳеч ким оғиз очгани йўқ. Ўзбекистон пахтасини пуллаётган мулозимларни ва Тошкентга келган хорижлик харидорларни бу муаммо энг кам қизиқтиради.

Икки кун давом этган ярмарка ниҳоясида Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, сармоялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев тадбир давомида 950 минг тоннадан зиёд пахта толасини сотиш бўйича келишувларга имзо қўйилганини эълон қилди.

Ўзбекистон ҳукуматининг ярмаркада иштирок этиш таклифини рад этмаган хориж компанияларининг аксарияти Бангладеш, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой, Эрон ва Россияга қарашлидир.

“Ўзмарказимпекс” Ўзбекистон пахтасини хорижга сотиш билан шуғулланадиган 3 давлат компанияларидан биридир. Ўз исми ошкор этилишини истамаган компания вакили ярмарка давомида пахта савдоси чаққон бўлганини тасдиқлади.

Пахта хомашёсини сотиш бўйича учинчи ўринда турувчи Ўзбекистон ҳали бери дунё бозорида ўз ўрнини йўқотмади. Бироқ болалар меҳнати туфайли қисқа муддат ичида Европа ва АҚШ бозоридан деярли сиқиб чиқарилди.

Икки йил давомида авж олаётган кампания доирасида ғарбнинг етакчи кийим-кечак ишлаб чиқарувчи ва сотувчи компаниялари пахта мавсумида ўзбекистонлик болаларнинг эксплуатация қилинишига қарши чиқиб, Ўзбекистон пахтасидан воз кечиши ҳақида эълон қилди.

Ўзбекистонда болалар меҳнатига қарши ушбу ҳаракатларни мувофиқлаштираётган гуруҳлардан бири Британиядаги “Табиат ва адолат жамғармаси” нинг вакили Жулия Уиллиамс қисқа муддат ичида энг етакчи компанияларнинг ўзбек пахтасидан воз кечишини ўзлари ҳам кутмаганини айтади.

“Аслида биз вазиятнинг бир кечада ўзгаришини кутмаган эдик. Бироқ етакчи компанияларнинг ўзбек пахтасини бойкот қилиш ҳақида қанчалик қарор қилгани бизни ҳайратлантирди. Осиё компаниялари ҳозирча Ўзбекистон пахтасини сотиб олмоқда. Уларни ҳам сотиб олмасликка кўндириш учун узоқ вақт керак бўлади.”- деди Ж. Уиллиамс.

Ўзбекистон пахта хомашёсининг Осиёдаги асосий харидори ҳисобланган Бангладеш ҳозирнинг ўзида жиддий муаммога юз тутмоқда. Бангладеш тўқимачилик ва кийим-кечак индустрияси қарийб 50 фоиз пахта хомашёсини Ўзбекистондан олади.

Бангладеш тайёр маҳсулотларни Ўзбекистон пахтасини бойкот қилган “Tesco”, “H&M” ва “Marks and Spencer” компанияларига сота олмаса йилига камида 700 миллион АҚШ доллар даромадни йўқотиши мумкин.

Бангладеш кийим-кечак ишлаб чиқарувчилари ва экпортёрлари ассоциациясининг президенти Анвар Алам Парвез ҳозирнинг ўзида Бангладеш тўқимачилик корхоналари муқобил хомашё таъминотчиларни қидиришга тушганини айтади.

“Ўзбекистон шубҳасиз, Бангладеш тўқимачилик корхоналарининг асосий таъминотчисидир. Менга маълум бўлишича, бу корхоналаримиз аллақачон бошқа таъминотчиларни қидиришни бошлади.

Ўзбекистонда олинган хомашё ҳажмини қоплаш фақатгина вақт масаласидир. Бангладеш тўқимачилик индустрияси бир йўлини топади. Кейинчалик Ўзбекистон ҳам ўз муаммосини ҳал этса керак”- дейди Бангладеш кийим кечак ишлаб чиқарувчилари ва экпортёрлари ассоциациясининг президенти.

Ўзбекистондан сиқиб чиқарилган “Kabool Textiles” компаниясининг раҳбари Донг Канг болалар меҳнатини нормал ҳолат деб биладиган Осиё давлатлари Ўзбекистон пахтасини сотиб олишда давом этишини айтади. Унга кўра, тайёр маҳсулотни улар ҳатто ғарб давлатларига сотишга муваффақ бўлишади.

“Европага сотиладиган пахта ҳажми Осиё давлатларига Япония, Корея, Индонезия ва бошқа қатор давлатларга ўтказилиши мумкин. Осиё давлатлари пахта хомашёсини бошқа давлатлардан ҳам олади. Шунинг учун ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнида маҳсулотнинг исталган давлат пахтасидан тайёрлангани ҳақидаги қоғозларни қилиш осон”- дейди кореялик бизнесмен.

Ўзбекистон пахтасини тўлиқ таъқиқлаш оғир кечишини бойкот эълон қилган компаниялар ҳам эътироф этишади. Жорий вазиятда Ўзбекистон ўз пахтаси учун янги харидорларни, янги бозорларни қидиришда, Ғарб компаниялари эса унга иқтисодий босим ўтказишда давом этаверади. Муаммонинг ечими эса оддийгина болалар меҳнатидан воз кечишдир.
XS
SM
MD
LG