Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:20

Араб амирларининг саховати


БАА жаҳондаги етакчи сармоядорлар сафига қўшилмоқда.
БАА жаҳондаги етакчи сармоядорлар сафига қўшилмоқда.

Бирлашган Араб Амирликларининг Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича вазири¸ “Дубай холдинг” компанияси раиси Муҳаммад Абдулла Ал-Қарқовийнинг Тошкент сафари давомида ўзаро қўшма сармоя компанияси тузиш ҳақида келишиб олинди.Ўзаро битимга кўра¸ БАА Ўзбекистонга бир миллиард доллар сармоя ëтқизадиган бўлди.

22 октябр куни президент Каримов Муҳаммад Абдулла Ал-Қарқовийни бежиз ўз қабулига таклиф этганди. Дубайнинг энг йирик инфратузилма ва сармоя лойиҳаларини бошқаётган Ал-Қарқовий расмий Тошкентга жуда катта сармояларни таклиф қилди.

Ал-Қарқовий жорий йил июн ойида илк бор Тошкентга сафар қилган эди.

Унинг бу галги ташрифи “Ўзэмиратхолдинг” қўшма сармоявий компаниясини тузиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши билан амалий тус олди.

1.25 миллиард доллар устав жамғармасига эга ушбу сармоявий компанияни Ўзбекистон ҳукумати, Ўзбекистон Тикланиш ва ривожланиш жамғармаси ҳамда “Дубай холдинг” ўртасида тузишга келишиб олинди.

Ўзбекистондаги сармоя лойиҳаларни амалга оширадиган компанияга амирликнинг қўшган улуши 1 миллиард долларни ташкил этди.

Арабларнинг бундай сахийлиги президент Каримовни яна бир бор улар билан ҳамкорлик истиқболларини юксак баҳолашга мажбур қилди.

“Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги тез суръатлар билан ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларини биз юксак баҳолаймиз.”- деди президент Каримов.

Турли сиёсий ва иқтисодий сабабларга кўра, Ўзбекистон араблардан олаётгандек катта сармояларни ғарб давлатларидан ололмайди.
Европалик сармоядорларни Ўзбекистондаги коррупция даражаси, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол, демократик ислоҳотларнинг сустлиги ва ниҳоят Андижон қирғини каби воқеалари чўчитиб туради. Нефт савдосидан олинган мислсиз даромадлар ҳисобига бойиб кетган ва Яқин шарқдаги жаҳон бизнес марказига айланган Бирлашган Араб Амирликлари Ўзбекистонга мутлақо бошқача назар билан қарайди. “Бироқ бу назар ҳам сиёсатдан ҳоли эмас” – дейди Тошкент Давлат Шарқшунослик институтининг Осиё ва Тинч океани минтақаси иқтисодиёти кафедрасининг мудири Телман Сатторов.
“Иқтисодий масалалар сиёсатдан ҳоли эмас. Аввалам бор бу икки давлат мусулмон давлатларидир. Араб дунёси Тошкентни бежиз Ислом маданияти пойтахтларидан бири сифатида эътироф этмаган. Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорлик қилиш уларни шу нуқтаи назардан қизиқтиради. Қолаверса, улар Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги аҳамиятидан ҳам келиб чиқади.”- дейди Т. Сатторов.

Шарқ давлатлари иқтисоди бўйича мутахассис Сатторовнинг айтишича, Ўзбекистон бой араб давлатлари билан ҳамкорлик қилишда асосий эътиборини улардан имкони борича кўпроқ сармоя олишга қаратмоқда. Бундай ёндошув арабларни ҳам қониқтираётгандек.
“Пулни қаергадир қўйиш керак-ку, уларда беҳисоб бойликлар, нефтдан тушган маблағлар бор. Ўзбекистон ана шундай йўналишлардан бир бўлиши мумкин. Шунинг улар аввалам бор Ўзбекистонга сармоялари билан ёрдам бериши мумкин”-деди шарқшунос иқтисодчи.

Расмий маълумотларга кўра, 2007 йилда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 100 миллон АҚШ долларини ташкил этган. Президент Каримовнинг шу йил март ойида БАА га қилган ташрифи давомида давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорлик, туризм ва хавфсизлик соҳасида қатор келишувларга имзо қўйилди. Айни пайтда айнан шу мамлакатнинг Ўзбекистон ҳукумати ва бизнес доиралари учун ўз қонуний ва ноқонуний даромадларини жойлаштириш, юзлаб ўзбекистонлик аёлларнинг савдоси ҳамда радикал қарашдаги диндорлар учун марказларидан бири сифатида хизмат қилаётгани айтилади.
XS
SM
MD
LG