Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35

Каримовнинг "серистеъдод" қизлари


Гулнора Каримова номига уланган қўшиқчию шоира¸ дизайнеру заргар¸ дипломату таҳлилчи деган сифатлар ëнига энди фахрий профессор деган ëрлиқ ҳам қўшилди.
Гулнора Каримова номига уланган қўшиқчию шоира¸ дизайнеру заргар¸ дипломату таҳлилчи деган сифатлар ëнига энди фахрий профессор деган ëрлиқ ҳам қўшилди.

Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бош-қошлигида Тошкентда ўтган “Подиум 2008” тадбирининг якуний нуқтаси унга жанубий Россия иқтисод ва хизмат давлат университетининг фахрий профессори деган ëрлиқнинг берилиши бўлди.

Бу тадбир бошдан-оëқ Ўзбекистон ҳамда Россия оммавий ахборот воситаларида ëритилди ва асосан давлат телевидениелари намойиш қилган тадбирларда Гулнора Каримова мода ва дизайн соҳасида бетакрор истеъдод соҳибаси сифатида намоëн бўлди. Ўзбекистон давлат телевидениесида бу тадбирни ëритувчи махсус дастурлар ҳам намойиш этилди. Ушбу дастурларни томоша қилган ўзбекистонлик кузатувчи , шоира Дилором Исҳоқова миллий матолардан чиройли-чиройли либослар тиккан ва уларни кийган ëшлар киши диққатини тортиши ва бундай тадбирларнинг кейинги пайтларда Ўзбекистонда кўпайганини айтади.

“Лекин бу шу қадар шов-шув бўлдики, мен даҳшатга тушиб кетдим. Буни кўрган одам “Ўзбекистоннинг шу бугундан бошлаб модадан бошқа ташвиши қолмади. Ўзбекистонликлар бундан кейин нима қилсак чиройли кийинамиз, деган ташвиш билан яшайди” деб ўйлаган бўлар эди. Бу, бошқа ҳамма муаммолар ҳал бўлди деганга ўхшаб кетди”¸ дейди шоира.

Дилором Исҳоқова Ўзбекистон расмий матбуоти бир ҳафта кўкларга кўтарган бу тадбирда Гулнора Каримованинг ҳам, отаси, президент Каримов каби серҳашам тантаналарга ўчлигини кўрар экан, Россия ва Марказий Осиëнинг бошқа ўлкалари, олис хориждан келган машҳур куйчилару дизайнерлар иштирокидаги тадбирдан кўзланган мақсад, Ўзбекистоннинг номини ҳатто дунëга овоза қилиш ҳам эмас, деб ҳисоблайди.

“Улар бирортасининг мақсади Ўзбекистондаги ижтимоий, сиëсий, иқтисодий муаммоларни ечишга қаратилган эмас. Улар ўз амбицияларини тўйдиришаяпти. Ўзбекистонда энг қимматбаҳо лойиҳалар бошида Гулнора Каримова турган эди. Энди мана Лола Каримова ҳам саҳнага чиқди. Аввал телевизор Ислом Абдуғаниевичдан бўшамаëтган эди. Мана энди Гулнорага фахрий профессор деган унвон беришибди. Менимча, бу Ўзбекистоннинг муаммоларини ечмайди. Ўзбекистоннинг бу қадар чуқур иқтисодий, ижтимоий ва сиëсий муаммоларини битта нарса ечади: қачонки фахрий президент деган ном Ислом Абдуғаниевичга берилади, ана шунда аста-секин бизнинг ишларимиз ўнглана бошлайди”.

Шоира Дилором Исҳоқова бундай тадбирлар ортида президент Каримовнинг икки қизи учун сиëсий манфаат келтирадиган асосларни кўрмайди. Зеро, дейди шоира, мамлакат элитаси ҳам, оддий халқ ҳам бу томошалар ортида нима турганидан яхши хабардор.

Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам шу мазмунда фикр билдирар экан, Ўзбекистонда фан ва маданият соҳаси азалдан Гулнора Каримованинг қўли остида бўлганлигини эътироф этади. Кейинги пайтда матбуотнинг бу икки қиз ҳақида кўп сўзлай бошлагани эса, шубҳасиз уларнинг яқинда тайинланган лавозимлари туфайли, деб ҳисоблайди журналист.

“Лола Каримова йил бошида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, Гулнора Каримова эса Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили этиб тайинланди. Мен уларни дипломат қилиб кўзга кўрсатишда катта стратегиялар бор деб ўйламайман. Катта курсиларни мўлжаллаш ниятлари менимча йўқ. Энди бундай қадамлардан мақсад шахсий карьерани бойитишга интилиш бўлиши мумкин”.

Журналист фикрича, шу вақтга қадар халқаро миқëсдаги катта тадбирларда баëнот бермаган президентнинг кичик қизи Лола Тиллаеванинг ҳам Буюк ипак йўлини қайта тиклаш бўйича қилган баëноти, аслида у эгаллаган лавозим тақозо қилган расмий тадбирдан ўзга нарса эмас.

“Юнесконинг асосий лойиҳаларидан бири Марказий Осиëда Буюк ипак йўлини тиклаш ғояси. Лола Каримова Юнескодаги вакилимиз бўлгандан кейин албатта бу ташаббусни ўз қўлига олади. Биринчидан¸ буни унинг хизмат лавозими тақозо қилади, иккинчидан бу унинг шахсий карьераси учун жуда муҳим. Шунинг учун Буюк ипак йўлини тикланиш-тикланмаслиги ëки бу лойиҳанинг амалга ошиш-ошмаслигидан қатъий назар, буни Лола Каримова учун ўлмас ном ëки тугамайдиган бойлик дейиш мумкин”.
XS
SM
MD
LG