Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:16

Ўзбек мухолифати туғилганига 20 йил тўлди


Ўзбекистондаги илк мухолифат ҳаракати - Бирликни ташкил қилган зиëлилар ўзаро суҳбат чоғида. Тошкент¸ 1989 йил.
Ўзбекистондаги илк мухолифат ҳаракати - Бирликни ташкил қилган зиëлилар ўзаро суҳбат чоғида. Тошкент¸ 1989 йил.

Бундан 20 йил муқаддам, 1988 йилнинг 11 ноябр куни Ўзбекистонда илк мухолиф ҳаракат ташкил этилди. “Бирлик” ҳаракатини Дадахон Ҳасаннинг уйига тўпланган бир гуруҳ зиëлилар тузишди.

Рауф Парфи, Муҳаммад Солиҳ¸ Дадахон Ҳасан, Усмон Азимов, Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам, Абдураҳим Пўлатов, Қаҳрамон Ғуломов, Ғуломқодир Турсунов, Зоҳир Аълам, Фахриддин Худойқуловлар Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати ташкилотчилари сифатида кўрилади.

“Бирлик”нинг кекса аъзоларидан бири Алибой Йўляхшиев бу гуруҳ ўзагини ëш шоирлар ташкил қилганини айтади.

- Тошкентда Дадахон Ҳасаннинг уйида биринчи йиғилиш бўлган. Биринчи гуруҳ уйда йиғилган. Кейинги вақтларда Горбачëв сиëсати даврида ëш шоирлар ҳаракати авжига чиққан эди. Ëш шоирлар ҳаракати аслида Оролни қутқариш шаклида юзага келган эди. Ëш шоирлар Оролни қутқариш масаласида бироз фаоллашган эди. Уларнинг Ўзбекистондаги экологик муаммони кўтариши “Бирлик” ҳаракатига туртки берди, унинг тузилишига йўл очди. Шу маънода бу ҳаракатни жонлантирганлар шу замоннинг ëш шоирлари эди. Шу ëш шоирларнинг лидери деймизми, илғори деймизми Муҳаммад Солиҳ эди.

Алибой Йўляхшиев тилга олган Муҳаммад Солиҳга телефон қилиб, 1988 йилнинг 11 ноябрида қаерда эдингиз, дея савол бердик.

- 1988 йил 11 ноябр куни ëзувчилар уюшмасида эдим. У пайтда мен ëзувчилар уюшмасида котиб эдим. Кундуз куни уюшмада эдим ва кечқурун қўшиқчи шоир, ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг уйига бордик. У ерда “Бирлик” деб аталган ҳаракатнинг таъсис мажлисини ўтказдик.

Озодлик: Сиздан бошқа яна кимлар бор эди?

- Менимча, 17-18 одам бор эди. Балки 19та. Аниқ эсимда йўқ.

Озодлик: 20 йил олдинги ўша мажлиснинг баëнномаси ва низомларига кўз югуртирсак, бу ерда сиëсий иддао йўқлигини кўрамиз. Яъни Ўзбекистон моддий ва маънавий бойликларини ҳимоя қилиш, Орол муаммоси, Бўстонлиқ муаммоси.

- Тўғри, шундай тузилди. Бирлик ҳаракати илк тузилган пайтда Ўзбекистоннинг моддий ва маънавий бойликларини сақлаш деган шиор остида тузилди. Лекин...

Озодлик: Яъни сиëсий ғоялар йўқ эди. Ўзбекистон мустақиллиги...

- Йўқ, ундай бир ғоя йўқ эди.

Озодлик: Шу пайтда совет иттифоқида жиддий иддаоли жараëнлар бўлаëтган эди. Дейлик Болтиқбўйида, Кавказда. Нимага бунга эҳтиëткорлик билан ëндошилди?

- Аслида “Бирлик” деган ном жиддий ном эди. Чунки “Бирлик” деган ном жадидларнинг мустақиллик томон илк қадамлари бўлган партиянинг номи эди. Бу номни мен бердим. Чунки “Бирлик” ҳаракатининг 1910, 1915, 1920 йилларда бўлганлигини жуда кам одам билар эди. Ўша кам одамлардан биттаси мен эдим ва мен “Бирлик”нинг номи қаердан келганлигини ҳеч кимга айтганим йўқ. Радикал бўлмаганининг сабаби, ўша ҳаракатда қатнашган одамларнинг жуда кўпчилиги радикал фикрларни ҳали ўзи сингдира олмас эди. Шунинг учун ҳам мен “Бирлик” деган номнинг жадидлар ҳаракати эканини яширдим ва айтганим йўқ. Кўпчилик радикал ҳаракатга тайëр эмас эди. Лекин бир йил ўтмай, бу ҳаракатга тайëр бўлган пайтда биз “Эрк” партиясини туздик. Эрк партияси “Бирлик” нинг қонуний ва табиий давоми ўлароқ туғилди.

Озодлик: Ўша пайтда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) кўп тиражли газетаси сизга савол билан мурожаат қилган. Сиз ўшанда “Мен “Бирлик” ҳаракатини қўллаб-қувватлайман¸ лекин унга алоқам йўқ” деган жавобни бергансиз.

- Тўғри айтганман. Ҳақиқатан “Бирлик” ҳаракатини туздик. Одамларни у ерга жалб қилдим. Интелигенциянинг маълум ва машҳур инсонларининг ҳаммаси келди. “Бирлик”ни тузишнинг асосий ишларини биз ëзувчилар уюшмаси имтиëзларидан фойдаланиб туздик. Бунинг ичида¸ албатта¸ Мамадали Маҳмудов ва Дадахон Нурийнинг жуда катта хизмати бор. Умуман “Орол” қўмитасидан келиб ишлаганларнинг жуда кўпчилиги бу ҳаракатни тузишда фаол иштирок қилишди. Лекин мен расмий ўлароқ “Бирлик”нинг раҳбарлигида турганим йўқ.

Ҳамма нарса бизнинг ушюма ва менинг шахсим устида қилинди. Чунки “Бирлик”нинг асосий дастурини ëзиш, уставини ëзиш каби ишларни бажарган ва ғоявий ғиштларини қўйган биз эдик. Буни бугун яширишнинг кераги йўқ. Шунинг учун ҳам бутун масалалар бўйича биз билан маслаҳатлашилди. Биз лекин орқароқда турдик. Чунки мен ëзувчилар уюшмасининг котиби эдим ва иккита вазифани бирдан олиб бора олмас эдим. Шунинг учун ҳам орқароқда туриб, дўстларнинг раҳбарлик қилишини истадик. Бу ишларнинг бошида барибир ëзувчилар уюшмаси турди.

Озодлик: 1989 йилда ëзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган Бирликнинг биринчи қурултойида сизнинг номзодингиз ҳам қўйилди. Сиз нима учун ўшанда номзодингизни қайтариб олдингиз?

- Айтдимку, мен иккита ишни бирданига бажара олмас эдим. Зотан “Бирлик”нинг бутун платформаси¸ яъни одамлар асосан уюшмага келар эди. “Бирлик”ка келгани йўқ. Биз “Бирлик”ни ëзувчилар уюшмасининг платформасида қурдик. Агар ëзувчилар уюшмаси бўлмаса эди, “Бирлик” ҳам бўлмас эди. Чунки Ўзбекистонда мухолифат маркази ўлароқ ëзувчилар уюшмаси танилди. Ана бу асосга кейин “Бирлик”ни қурдик. Шикоят қилиб келаëтган катта оқим ëзувчилар уюшмасига келди ва биз ëзувчилар уюшмасининг халқ ичида машҳурлигидан фойдаланиб, “Бирлик”ни қурдик. Зотан “Бирлик”ни қурадиган бошқа марказ ҳам йўқ эди.

Алибой Йўляхшиев назарида “Бирлик” бир ора кунда туғилган ва туғилгани дарҳол бўғилган.

- Мана “Бирлик”ка 20 йил бўлибди. “Бирлик” аслида бир оғиз гап билан айтадиган бўлсак, туғилди ва ўлди. “Бирлик” ҳаракатини чақалоқлигидаëқ ўлдирдилар. “Бирлик” 1989 йилда туғилди ва 1990 йилда тамом бўлди. Ана шундан бери “Бирлик” халқида фақат талашишлар, тортишиш, қандай бўлиши керак эди, нима бўлмади деган гап келаяпти.

“Бирлик” ҳаракати фаолларидан бири Носир Зокир назарида фаолият давомида қатор хатоларга йўл қўйилган.

- “Бирлик” халқ ҳаракати дастлаб тузилганда шахсан мен унинг низомини кўриб туриб, ҳеч кимдан маслаҳат сўрамасдан ҳам ўзим шу ҳаракатга кирганман. Бу ҳаракат жуда ҳам яхши тузилган эди ва ҳукуматга ниҳоятда қаттиқ таъсир этадиган катта кучга айланган эди. Биринчи қилинган хато 1989 йилнинг 10 сентябрига белгиланган митингни қолдирганимиз. У пайтда биз оддий бир аъзо эдик, лекин юқоридаги раҳбарият шу митингни қолдирган. Шундан кейин одамларнинг кўнгли совиб кетган эди. Кейин “Бирлик” халқ ҳаракати “Эрк” демократик партиясига бўлиниб кетди. Бу ҳам ҳаракатга жуда катта таъсир ўтказди. Ундан кейин ҳукумат “Бирлик” халқ ҳаракати ичидан баъзиларни сотиб ола бошлади. Яъни Лениннинг бир гапи бор эди: Мухолифларинг чиқса, ичидан бир каттароқ лидерини сотиб олсанг бўлди. Улар ўзидан-ўзи бўлиниб кетади. Шундай бўлган эди.

1991 йилда аввал “Эрк”, кейин “Бирлик” рўйхатдан ўтди. Унда ҳам ҳаракат фаоллик билан жуда яхши иш олиб бораëтган эди. Мустақилликдан кейин ҳукумат демократик кучларга нисбатан ҳам “Эрк” демократик партиясига, ҳам “Бирлик” халқ ҳаракатига қарши қаттиқ кураш бошлади. Ҳатто менинг эсимда бор¸ 1993 йили январ ойида Олий кенгашнинг сессияси бўлгандан кейин машинасозлик заводи раҳбари Абдувоҳид ака Паттаев мени чақириб “Носиржон¸ демократияни фотиҳа ўқиб кўмиб келдик. Бундан кейин энди яхшилик бўлмайди” деди. Ҳукумат “Бирлик”ни ҳам, “Эрк”ни ҳам қайтадан рўйхатдан ўтсин деди, лекин ўтказмади. Шу билан 1993 йил ноябр ойида мени қамаб қўйди. Яна бошқа демократик кучларга қарши қама-қама, оммавий равишда террор бошланиб кетди.

Муҳаммад Солиҳ ҳам ҳаракатдаги хатоларни тан олар экан, бунинг боисини сиëсий тажриба камëблигида кўради.

- Хатоларимиз биринчидан, бизнинг сиëсий тажрибамиз йўқ эди. Ҳаммамиз ëзувчиликдан, шоирликдан келдик. Профессионал сиëсатчи Ўзбекистонда умуман йўқ эди. Чунки профессионал сиëсатчиларнинг ҳаммаси Москвада эди. Ҳатто бизнинг биринчи секретарларимиз ҳам сиëсатчи сифатида эмас, маъмур сифатида ўтирар эди. Чунки Ўзбекистон ўз мустақил сиëсатни белгилагудай алоҳида давлат бўлгани йўқ эди. Бизнинг ҳам сиëсат нима эканлигини билмасдан қилган жуда кўп хатоларимиз бўлди. Хатоларимиз бўлиши табиий эди. Ҳозир қанча хато қилдик деб санаб ўтиришга ҳожат йўқ. Бизда ҳам хатолар бўлган¸ албатта. Мен ҳукумат билан ҳеч қачон келишганим йўқ. Бугунгача айтилиб келган бутун нарсалар..

Озодлик: Митинг қолдирилгани телевизорда айтилдику. Аҳмад Аъзам чиқиб айтди, менимча.

- Мен айтганим йўқ. Мен митингни қолдириш ëки қолдирмаслик тўғрисида ҳеч қачон гапирганим йўқ. Аҳмад гапирган бўлса, унга Аҳмад жавоб бериши керак. Мен митинг тарафдори бўлганман¸ фақат митингдаги тўполон, уйини ëқиб юборамиз деб таҳдид қилиш каби провакацион ҳаракатларга қарши бўлганман. Бу қаршилигимни ўша пайтда телевизорда гапирдим. Аммо бу митингнинг қолдирилишида менинг ҳеч қанақа ролим йўқ. Уни Аҳмад Аъзам қолдирган ëки бошқа ўша пайтдаги директорлар. Мен ҳеч қачон ("Бирлик"да - муҳаррир )олдинги сафда юрганим йўқ. Биз уни орқадан туриб бошқардик.

Митинг бўлгани яхшимиди ëки йўқ¸ бу энди деталлар. Битта ўша митинг бўлганда Каримовни йиқиш ëки бошқа қилиш деган ҳам мумкин бўлмаган нарса. Лекин ¸албатта¸ бўлиши керак эди, чунки инсонлар ўзининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиқиб, кўчага чиқиш санъатини ўрганган бўлар эди. Шу маънода митинг жуда муҳим эди. Лекин ўша митинг билан режимни ўзгартирамиз ëки ўзгартирар эдик деган хаëллар реалликдан узоқ.

Озодлик: 11 ноябр Ўзбекистон тарихида сиз учун ва умумиятла тарих учун қандай кун?

- Бу ўзбек халқининг ўз озодлиги нақадар муҳим нарса эканлигини аниқлаш учун қўйилган муҳим қадамлардан бири эди. Илк қадамлардан бири эди. Ундан кейин жуда кўп шунақа кўп қадамлар ташланди. Биз 1988 йил ноябр ойида бошлаган ҳаракат¸ яъни ҳақиқий озодлик учун ҳаракат деб атасак, бу ҳаракат ҳали тамом бўлагни йўқ, давом этаяпти.

Бугун мухолифат тузилганига 20 йил бўлганини Ўзбекистонда кам одам эслайди, дейди фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев.

- Энди уни камдан-кам одам билади. Биладиганлар ҳам гапиришга қўрқади.

Наманганлик Носир Зокир назарида 11 ноябр куни қутлашга арзигулик улуғ бир кундир.

- Мана бугун биз ўша муносабат билан 11 кишини бир жойга йиғиб чақирдик. Бир пиëла чой устида суҳбат қилмоқчи бўлаяпмиз. Кечқурун соат олтиларга айтилган. Бу Наманган вилояти бўйича. Ҳар бир вилоятда ўтказилиши керак бу. Биз ҳар йили “Бирлик” ҳаракати ташкил бўлган кунни нишонлаймиз.

XS
SM
MD
LG