Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:42

"Узбечка"нинг бозори касод


Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган Дэу енгил автомашиналари сифат ва нарх ўртасидаги номутаносиблик важидан сотилмай туриб қолмоқда.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган Дэу енгил автомашиналари сифат ва нарх ўртасидаги номутаносиблик важидан сотилмай туриб қолмоқда.

Автомобил бозорларида ЎзДэуАвто машиналари баҳоси тушмоқда ва Нексия автомобили нархи сўнгги ҳафта ичида 2-3 минг долларга арзонлади.

Мамлакатдаги кузатувчилар бунинг сабабини " узбечка" лақаби қўйилган ЎзДэуАвто заводи машиналарининг асосий харидори бўлган Россияда бозор касодга учрагани билан изоҳламоқда.

Тошкентдан олинган хабарга кўра, ЎзДЭУ нинг россиялик харидорларга мўлжалланган 4000 та автомобили Ўзбекистонга қайтарилган. Расмий манбалар бунинг сабабини халқаро молиявий бўҳрон туфайли кредит олиш имкони қисқарган россияликлар аввалгидай енгил автомобил сотиб ололмай қолгани билан изоҳламоқда.

Аммо, Ўзбекистондаги автомобил бозорларида бошқа гап юрибди. Гўёки, ЎзДэуАвто заводидан ишлаб чиқарилган машиналар ичига Хитойда тайёрланган эҳтиёт қисмлар қўйилмоқда ва бу россиялик диди нозик харидорларнинг ҳафсаласини совутган.

Фарғоналик Баҳодир Элибоев гапиради.

- Машинани қайтаргани тўғрисида гаплар юрибди. 3 минг, 4 минг машинанинг қайтганлигига сабаб машина қисмларида Хитой маҳсулотлари бўлганлиги экан. Хитой маҳсулотлари у қадар чидамли бўлмаганлиги учун буни Россия фуқаролари кам харид қилишни бошлашибди. Шунинг учун қайтариб юборишни бошлашган экан.

Бу ҳол Ўзбекистондаги машина бозорларида ЎзДэуАвто автомобиллари нархи арзонлашига сабаб бўлган. Лекин, давлат нархи арзонлагани йўқ.

- Мисол учун битта Нексияни кўчада олди-сотди билан шуғулланувчилар 17 минг долларга сотса, ҳозир 15000 долларга сотишаяпти.

Озодлик: 2000 долларга арзонлаган.

- Давлат қўйган нарх ўзгармаган фақат устига қўйилган 6-7 минг долларлик шапкаси йўқолган холос. Ҳозир 15-16 минг долларга тўғри келади.

Лекин, пораси билан қўшилганда 22 минг АҚШ доллари бўлган ЎзДэуАвтонинг “Нексия” автомобили 15 минг АҚШ долларига тушган бўлса-да, давлат автомобил салонларидан машина харид қилишни истовчилар оз.

- Давлат “Бу пулни қаердан олдинг? Қандай қилиб тўпладинг?” деган саволлар билан бошни қотиради. Шунинг учун кўчадан олганим яхши деб шуни афзал билишади.

Озодлик: Кўчада машинани ким сотади?

- Машина олди-сотдиси билан шуғулланувчи одамлар таниш-билишлар орқали заводдан олиб чиқишади. Бу жуда кам ҳолатда бўлади. Янги машинани фақат давлат сотади. Машинафурушлар қандайдир озгина фойда қилиш учун қандайдир йўллар билан машинани заводдан олиб чиқишади. Лекин улар буни имкон қадар сир тутишни хоҳлашади. Ўзингиз биласизку тухум берадиган товуқни ҳеч ким сўймайди, дейишадику, - дейди фарғоналик Баҳодир Элибоев.

Ўзбекистондаги автомобил бозори, харидорларга таклиф жиҳатдан ҳали ҳам камбағал. Бозорда фақат ЎзДЭУ автомобиллари ва Россия ҳамда Қозоғистондан келтирилган, аксари Россияда ишлаб чиқарилган машиналарни харид қилиш мумкин. Марказий шаҳарлардаги автомобил салонларида сотувга қўйилган хорижий нуфузли русумдаги автомобилларнинг нархи эса мана ман, деган анча-мунча пулдорларни ҳам чўчитадиган даражада қиммат.

“Нархига арзиса, иштиёқманд автомобилдан пулини аямайди. Лекин, бу машиналар нархи сунъий равишда қиммат-да!” - дейди ЎзДэуАвто заводи жойлашган Андижонга шундоққина қўшни Қирғизистоннинг Ўш бозорида автомобил сотувчи савдогар Шавкатжон ака.

У Кореядан автомобил олиб келиб сотади. ЎзДэуАвтода чиқаётган автомобиллар ҳам айни русумда Кореядан чиқадиган автомобил нархидан бир баробарга қиммат, сифати эса паст, дейди суҳбатдошимиз.

- Ўзбекистондаги 50 миллионлик машина Кореяда ўзбек пулига 25 миллион туради. Ўзбекистонникидан йўқ деганда 30 фоиз сифатли чиқади. Мисол учун¸ мен Ўшга Кореядан янги “Ласетти” олиб келсам, менга 13 минг долларга тушади. Агар Ўзбекистондан олиб чиқадиган бўлсам, 35 минг долларга тушади. Ўзбекистоннинг ишида у. Ўзбекистонку у. Магазинда сотилиши шунақа қиммат нархда чиқади. Ўзбекистонда монополия бор. Битта ўзининг маҳсулотини ўзининг ичига қиммат нархда сотади.

Авваллари Ўш бозоридан Ўзбекистонга автмобил, айниқса, “Тико” русумли машиналарни олиб кетадиган харидорлар бўлар эди, дейди Шавкатжон ака. Ҳозир бундай савдогарларнинг ҳам пайи қирқилган.

- 1995 йилдан 1998 йилгача бўўган “Тико”ларни Ўзбекистонга олиб кирса, божхонанинг пулига Ўзбекистондан янги Нексия олган яхшироқ. ЎзДэу у ерда монополия. У бекорга ишлаяптими?, дейди Ўшдаги машина бозорида савдогарлик қиладиган Шавкатжон ака.

Аммо, нима бўлганда ҳам ЎзДэуАвто автомобилларининг Россия бозорларида сотилмасдан, ортга қайтгани бу завод ишга тушганидан бери машина бозоридаги нархни сунъий равишда қимматлатиб турган монополия қўрғонига қаттиқ шикаст етказди, деб ҳисобламоқда ўзбекистонлик автомобил олди-сотдиси билан шуғулланувчи савдогарлар.

Уларнинг фикрича, гарчи давлат ўз дўконида нархни туширмасдан ушлаб турса-да, ЎзДэуАвтонинг асосий савдоси бораётган кўча бозоридаги савдогарлар Россиядаги касод таъсирида нархни яна туширади. Бу савдогарларнинг тахмини. Бу тахмин рост чиқадими-йўқми¸ буни эртага бўладиган бозор кўрсатади.
XS
SM
MD
LG