Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:40

Мумбайни ким портлатди?


Ҳиндистон молия маркази бўлмиш Мумбайдаги энг гўзал меҳмонхоналардан бири Тож Маҳал террор ҳужумларидан сўнг ярим харобага айланди.
Ҳиндистон молия маркази бўлмиш Мумбайдаги энг гўзал меҳмонхоналардан бири Тож Маҳал террор ҳужумларидан сўнг ярим харобага айланди.

Камида 200 бегуноҳ одам ҳаётига зомин бўлган Мумбайдаги террорчилик ҳужумидан бери кўпчилик ўйида “Ҳужумчилар кимлар?” деган хавотир юрибди. Бугунги дастурда Марказий Осиë мусулмонларининг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан танишамиз.

Мумбайдаги қатор меҳмонхона ва кафеларга ҳужум амалга оширилган 27 ноябр кунининг эртасигаёқ маҳаллий матбуотда бу жиноят “исломий жанггарилар иши” дейилган хабар ёйилди ва бу ҳужум учун масъулиятни ўзини “Деккан Мужоҳиддин”деб атаган номажлум исломий гуруҳ ўз зиммасига олди.

Гуруҳнинг Ҳиндистондаги телеканаллардан бирига қўнғироқ қилган икки аъзоси бу ҳужумларни ҳукуматнинг мусулмонларга нисбатан адолатсизлигига жавоб тариқасида изоҳлади. Баёнотларда Кашмир минтақасида ҳинд армияси амалга оширган қирғинлар тилга олинди.

Албатта, шу кунларда халқаро ахборот воситаларида турли шарҳловчилару, сиёсатчилар оғзидан Мумбайдаги портлаш муносабатлари эндигина барқарорлаша бошлаган Ҳиндистон ва Покистонни яна жиққа-мушт қилиш учун атайлаб уюштирилган¸ мазмунидаги деярли якдил хулосалар янграмоқда.

Аммо разм солинса, иккита меҳмонхона, вокзал, яҳудийлар маркази ва яна бир нечта нуқталарга ҳужум қилган 10 террорчи, Ҳиндистон расмий таъкидича¸ Лашкари Тоййиба номли гуруҳ, яъни исломий жанггариларнинг иши бўлиб чиқаяпти ва ҳинд расмийлари, ҳужумлар чоғида қўлга олинган ягона жанггари буни тасдиқловчи кўрсатма берганини маълум қилди.

Албатта, бу ҳали дастлабки тахмин ва бу бўйича ҳали тергов-суриштирув ишларининг якуний натижаси жамоатчиликка маълум қилинар. Лекин, бу сўнгги вақтларда “исломий жанггарилар ҳужуми” дейилган сарлавҳа остида тақдим қилинаётган юзлаб воқеалардан¸ энг аянчлисидир.

Хўш, юзлаб, минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлаётган бундай ҳужумларни уюштираётган “исломий жанггарилар” аслида кимлар? Уларнинг мақсади нима ва мусулмонларга нисбатан адолатли бўлишни талаб қиламиз, дейилган даъво остида ҳужум қилаётганлар ҳақида мусулмонларнинг фикрлари қандай?

Дастлаб, “Мумбайни ким портлатди?” деган саволга Фарғона водийсида истиқомат қиладиган баъзи тингловчиларимиз билдирган фикрлар билан таништирамиз. Табиийки, суҳбатдошларимизнинг аксарияти мусулмонлардир.

- Менинг ëшим 56да. Бу ерда ва бошқа ерларда портлатиш бўйича менинг фикрим – экстремистлар портлатди. Давлатнинг ўзи атайин уюштириши ҳам мумкин. Бу ерда давлат сиëсати ўзича яшириши мумкин.

- Менинг ëшим 28да. Хусусий иш қиламан. Мумбайда содир бўлган воқеаларни телевизорда кўрдим. Ҳақиқий мусулмонлар бунақа иш қилмайди. Улар мусулмонларни ëмон кўрсатиш учун ҳаракат қилаяпти-да. Лекин бу давлатнинг сиëсати бўлиши ҳам мумкин. Мен мусулмонлар қилди¸ деб ўйламайман.

- Менинг ëшим 50да. Бир нарса дейишим қийин. Ниқоб остида бошқа ишни қилиб¸ масалан мен бирор ишни қилиб¸ сенга тўнкаб қўйсам сендан кўришади-да. Ҳақиқатнинг тагига етиш учун сиëсатга кўпроқ қараш керак эмас.

- Мен нафақахўрман. Бу халқнинг иши эмас. Бу пул олиб элнинг тинчлигини бузадиган¸ халққа¸ давлатга зиëн етказадиганларнинг фикри¸ мақсади. Улар бу ишларни пул билан қилаяпти. Уларга пул керак. Уларга давлат¸ халқ керак эмас.

- Менинг ëшим 43да. Сураткашлик билан шуғулланаман. Телевизорда террористлар деган маълумотни эшитдик. Уларнинг ҳаммасини яксон қилишибди. Энди ҳозирги сиëсатда яхши одамни ëмон¸ ëмон одамни яхши қилиб юбориш мумкин.

Менинг фикримча¸ бу нарсани ҳар хил шартлар қўядиган гуруҳлар қилиши мумкин. Маълумот бўйича Кашмир штатидаги террористлар қилди дейишди. Мен бунга бир нарса дея олмайман. Ҳозирги маълумотлар йўқ одамни бор¸ бор одамни йўқ қилиб қўяди.

Жавоблардан эшитганингиздек, ҳайдовчилик, косибчилик, устачилик, сураткашлик каби ҳунар билан банд бўлган оддий мусулмонлар орасида ҳужумчилар асл мусулмон эмас, агар мусулмонман деётган бўлса ҳам, мусулмон ниқоби остида пулга сотилган одамлар бўлиши мумкин демоқдалар.

Лекин яна бир тоифа мусулмонлар “ақлинг етмаган ишга аралашма” қабилида иш тутиб, сиёсатдан, яъни шу тариқа шовқин-сурондан ҳоли тарзда ҳаёт кечиришни афзал кўрмоқда. Бошқача айтганда, Мумбайни портлаган мусулмонми ёки йўқ — бунинг уларга аҳамияти йўқ.

“Мумбайдаги ҳужумларни ким амалга оширди?” деган савол билан ўзбек зиёлиларига ҳам мурожаат қилдик.

Ҳожи Абдулла Зуҳур, тожикистонлик шоир, 46 ёшда. У Мумбай портлашларини уюштирганлар мусулмонлар эмас, уларнинг аслида кимлигини аниқлаш зарур, деган фикрда.

- Биринчи қилинган гумон исломчилар ва террорчилар деб айтишди. Умуман ислом террорчилари деб айблашди. Улар текшириб¸ аниқлаб кейин хулоса чиқаришлари керак эди. Лекин афсуски ундай бўлмади.

Менинг фикримча¸ улар мусулмон террорчилари эмас. Мусулмоннинг ўзи террорчи эмас. Буларни текшириб¸ аниқлаб кейин дунë халқларига айтиш керак.

Аввал 11 сентябрда Ню Йоркда уюштирилган портлашларни ким қилганини аниқлашсин. Неча йил бўлди? Ҳозиргача ким қилгани¸ қайси гуруҳ қилгани аниқ эмас. Бу ҳам худди шундай бир нарса¸ дейди ҳожи Абдулла Зуҳур.

Эндиги суҳбатдошимиз ўзбекистонлик журналист Нўъмонжон Фахриддинов, 60 ёшда. Унинг фикрича, террорчилик ҳужумини содир этганларга нисбатан уларнинг бирор динга мансублигини илова қилиб гапириш мумкин эмас.

- Энг аввало бу мусулмон кишининг ақлига ҳам¸ фикрига ҳам тўғри келмайди. Бу ишни мусулмонлар амалга оширганми ëки диний мазҳаблар вакиллари амалга оширганми бу аҳамиятга эга эмас. Уларни мусулмон ҳам¸ насроний ҳам¸ буддист ҳам дея олмаймиз. Чунки улар инсон эмас.

Эндиги суҳбатдошимиз ўзбекистонлик фермер, Бегали Ашурматов, 65 ёшда. У “мусулмонга тегмасанг, у сенга тегмайди”, деган фикрда экан.

- Ўзи аслида мусулмонлар бир ерни вайрон қилишга¸ бузишга қўл урмайдиган халқ. Мусулмонга¸ ўзингиз биласиз¸ тегмасангиз тегинмайди. Мусулмонларнинг ҳозир дунëни қамраб олиш учун ҳаракат қилаëтган жойи йўқ.

Бир-иккита давлатлар кимларгадир озгина пул бериб уюштираëтган¸ бир амаллаб уруш чиқариб шу ерга ўзининг одамини киргизиб олиш ниятида қилаëтган бўлса керак. Мусулмонларнинг бирикиб кетишининг олдини олиш учун ташқаридан туриб қилинаëтган ишлар бўлиши ҳам мумкин.

Навбатдаги суҳбатдошимиз, ўқитувчи Абдурасул Мамадалиев, 55 ёшда. У гапини “Ислом террорчилари” деган иборани тафтиш қилиш билан бошлади.

- Ислом билан терроризм деган сўз тамоман бегона сўзлар. Бу сўзларни минг бир-бирига ëпиштирган билан ëпишмайди ахир. Ислом ҳақиқий маънодаги Ислом. Энди Исломни ким қанақа тушунади бу ўзининг тушунчаси.

Жиноят оламида ҳар хил сабаблар билан ҳар хил жиноятлар рўй бериши мумкин. Ҳамма нарсани Исломга боғлаш бу Ислом душманлари бўлади. Ҳақиқий кофирлар бўлади. Исломга нисбатан туҳмат қилиш оғир гуноҳ бу.

Ўзбекистондаги ўша ҳукуматга қарши¸ лавозимга қарши бўлган ëки бўлмасам ўзининг шахсий мақсадлари билан турли хил қўпорувчилик ишларини олиб бораëтган одамларнинг ишларини ҳам Исломга тўнкаб¸ ҳақиқий мусулмонларнинг юзини қаро қилишаяпти.

Энди кимнинг қандай мусулмон эканлигини Худо билади. Ўша турмага ташланган одамларнинг ичида ҳам бегуноҳ одамлар кўп бўлиши мумкин.

Эшитганингиздек, зиёли мусулмонларнинг фикрлари ҳам оддий ҳунармандлар фикри билан деярли бир хил. “Деккан мужоҳиддин”, “Лашкари Тоййиба”, “Ал-Қоида” каби террорчи гуруҳлар ҳақида ҳам бу суҳбатдошларимизнинг деярли ҳаммаси бу асл мусулмоннинг иши эмас, бу ёки мусулмон ниқоби остидаги фитначилар ё мусулмон бўлса ҳам пулга сотилган кимсаларнинг иши, мазмунида жавоб бердилар.

Аслида бу хулоса, албатта, янгилик эмас. Аммо, мазкур сўровни тингловчиларимиз бўлган мусулмонларнинг эътиборини яна бир карра “Ислом жанггарилари” номи остида амалга оширилаётган хуружларга қаратиш мақсадида ўтказдик.

Шубҳасиз, энди бу борада Ислом уламоларига ҳам қулоқ тутиш ўринли бўлар эди. Эшиттиришимизнинг домий иштирокчиси Обид қори Назаров бошқа тингловчиларга берган саволларимизга жавоб берди ва умуман, “халқаро терроризмга қарши кураш” номи остида бораётган жараёнга ўз муносабатини билдирди.

Обид қори Назаров: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Энди бундай воқеаларга билдирилаëтган фикрлар ҳар хил бўлиши табиий. Лекин қайси бири тўғри эканини айтиш ҳам қийин. Ҳар хил сабаблар бўлиши мумкин.

Биринчиси¸ бу махфий хизматларнинг қилаëтган томошаси¸ уюштираëтган нарсаси бўлиши мумкин. Фитна деганда шуни тушуниш керак. Яъни зоҳиран бошқача¸ ботинан бошқача бўлган нарсани фитна дейилади. Мусулмонларни ëмон кўрсатиш учун махфий хизматлар бунақа ишларни қилишади.

Шундай ишни қиладиганларнинг иккинчи бир гуруҳи зулмга зулм билан жавоб бераëтганлар¸ қонуний¸ тинч йўл билан жавоб қайтаришга кучи етмайдиган ëки қонуний йўллар билан ҳаракат қилишнинг фойдаси йўқ деб биладиган хато тушунчали кишиларнинг қилаëтган ҳаракати бўлиши мумкин.

Бунинг ëнига яна учинчи гуруҳ қилиб қўшадиган бўлсак¸ алданган¸ аламзада бўлиб қолган ëки қайсидир бир гуруҳга сотилган¸ алданган одамларнинг қилган иши бўлиши мумкин.

Озодлик: Мумбай портлашларига алоқадорликда кўрилаëтган “Деккан мужоҳиддин”¸ “Лашкари Тоййиба”¸ “Ал-Қоида” гуруҳларини қайси тоифага киритиш мумкин?

Обид қори Назаров: Энди бу гуруҳларни биз яхши билмаймизку. Уларнинг тартиб-қоидалари¸ низомлари билан яқиндан таниш бўлган ҳолда¸ уларга баҳо бериш мумкин.

Лекин баъзиларнинг кузатиши бўйича айтишадики¸ “Шундай гуруҳларнинг ўзи асли йўқ бўлади. Улар фақат интернетда мавжуд бўлади. Бу гуруҳларни махфий хизматларнинг ўзи ўйлаб топади ва керак бўлса ўзи тузади. Ўзлари уюштириб “Мана¸ фалон гуруҳ бўйнига олди” деб эълон қилади”.

Баъзи ҳақиқатан шундай террор йўлига ëки қуролли кураш йўлига кирадиган гуруҳлар фақат мусулмонларнинг ичида эмас. Улар ҳамма тоифаларда бўлиши мумкин. Шиорда¸ сиëсатда қанақа чиройли гапларни гапирадилар. Аммо амалга келганда бир неча хил стандартлар қўллайдилар.

Агар стандарт ичкарига ҳам¸ ташқарига ҳам бир хил бўлса¸ бир хил меъëр бўладиган бўлса ëки динларга нисбатан ҳам бир хил муносабат бўладиган бўлса¸ мана шундай зўравонликлар камаяди¸ валлоҳу алам.

Озодлик: Ривожланган қудратли давлатлар ўзлари гапираëтган қадриятлар мазмуни нималигини билади. Лекин била туриб¸ шу қадриятларга амал қилмайди. Амал қилмаслигининг энг кўп такрорланадиган сабабларидан бири¸ масалан¸ қурол-яроғ масаласи тилга олинади. Яъни қурол-яроғ ишлаб чиқарадиган давлатларга уни сарфлайдиган майдон ҳам керак деган маънода.

Обид қори Назаров: Бу ҳам мураккаб масала. Ҳақиқатан қўшилмаслик сиëсатини олиб борадиган¸ тинчлик ҳақида куйлайдиган лекин шу билан бир қаторда қурол ишлаб чиқариб сотадиган¸ ҳарбий ҳаракатлардан фойда оладиган гуруҳлар бор.

Энди бу инсонийликка бориб тақалади. Бу ерда энди ҳаммадан динни талаб қила олмайсизку. Ҳаммадан исломий қадриятни талаб қила олмайсиз.

У хоҳ мусулмон бўлсин¸ хоҳ бошқа бўлсин инсонлар ўртасида умумий меъëрлар бор. Шу меъëрлар билан безанган яхши тарбияли раҳбар давлат бошлиғи бўладиган бўлса¸ анча-мунча зўравонликларнинг олди олинган бўлади.
XS
SM
MD
LG