Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:25

Ўзбекистон архарига болгарлар аза очди


ЕИ га аъзо давлат раҳбарининг Ўзбекистонга Қизил китобга кирган ноëб жонзотни ўлдириш учун боргани¸ Болгария жамоатчилигини жунбушга солмоқда.
ЕИ га аъзо давлат раҳбарининг Ўзбекистонга Қизил китобга кирган ноëб жонзотни ўлдириш учун боргани¸ Болгария жамоатчилигини жунбушга солмоқда.

Ўзбекистонда овланган тоғ эчкиси Болгария президентига қимматга тушиши мумкин. Мамлакат парламенти яқин кунларда президент Георгий Парвановнинг ўзбекча овини муҳокама қилади.

Болгария президенти Парванов 5-8 ноябр кунлари президент Каримов таклифига биноан Ўзбекистонга сафар қилганди.

Ташриф тафсилотлари борасида биринчи бўлиб хабар тарқатган “Uzmetronom.com” интернет сайти “Болгарский президент за козла не ответит” сарлавҳали мақоласида президент Парванов қабул қилувчи томон уюштириб бераётган тоғ эчкисини овлаш мақсадида Ўзбекистонга келгани ҳақида ёзди.

Ташриф тафсилотлари тобора ошкор бўлиб борар экан, ўз юртида президент Парвановга нисбатан жамоатчилик босими ортиб бораётир.

Болгариядаги атороф-муҳитни ҳимоя қилувчи 30 та нодавлат ташкилотини бирлаштирган коалиция Болгария президентидан ўлдирилган ноёб aрхар учун ўзбек ва болгар халқларидан кечириб сўрашини талаб этмоқда.

Ов тафсилотларини ўрганган мустақил журналист Сергей Наумовнинг билдиришича, Болгария президенти “Қизил китоб” га киритилган тоғ эчкисини овлаш учун 7 ноябр куни эрта тонгда Ўзбекистон расмийлари ҳамроҳлигида Жиззах вилоятидаги Нурота давлат қўриқхонасига келган.

- Юқори мартабали меҳмоннинг келиши аввалдан маълум бўлган. Овда қулайликлар яратиш учун лозим тайёргарлик ишлари амалга оширилган. Жиззах-Нурота йўли шошма-шошарлик билан таъмирдан чиқарилган.

Ов “Ҳаёт” қишлоғига яқин жойда уюштирилган. Бир сўз билан¸ тоғ эчкиси президент милтиғи нишонига тўғирланган. Ўлдирилган архар гўштини ейишган бўлса керак. Кейин президент Парвановнинг кўнгли тўлиб¸ ўз юртига учиб кетган¸ - дейди Сергей Наумов.

Болгария президентининг Марказий Осиё ва Сибир тоғли ҳудудлардагина қолган “Қизил китоб” га киритилган Архар ёки Северцов тоғ қўйини отгани хабар қилинмоқда.

Шу муносабат билан Болгария нодавлат ташкилотлари коалицияси интернетда президент номига ушбу овни қораловчи петиция эълон қилиб, ўлдирилган архар учун Ўзбекистонга товон тўланишни талаб қилмоқда.

Аслида гап фақатгина ноёб ҳайвоннинг ўлдирилишида эмас, балки президент томонидан бундай овни таъқиқловчи қонуннинг бузилишидадир.

“Ўзбекистон - инсон ҳуқуқлари жиддий тарзда поймол этиладиган давлатдир. Болгария президенти ўзбек махсус хизматлари томонидан уюштириб берилган овга бориш ўрнига¸ мамлакатдаги ўзгача фикрловчилар билан учрашиши керак эди”¸ – дейилади петицияда.

Болгарияда бир кун ичида 500 дан зиёд имзо тўплаган норозилик петицияси муаллифларидан бири Болгария атроф муҳитни муҳофаза қилиш жамғармасидир. Жамғарма вакили Стефан Аврамов президентнинг ови унга қимматга тушишини айтади.

- 20 йил аввал Франция президенти Франсуа Миттеран тоталитар Болгарияга келганида¸ унинг қилган биринчи амали Болгария диссидентларини таклиф қилиш бўлган. Бу бизнинг демократиямиз учун катта ёрдам бўлганди. Бизнинг президентимиз эса, тоталитар давлатга ов қилиш мақсадида борганидан биз чексиз уятдамиз¸ - дейди Стефан Аврамов.

Болгария президенти матбуот хизмати Ўзбекистондаги ов тафсилотлари борасида матбуотда пайдо бўлаётган хабарларни инкор қилиб чиқаётгани йўқ. Зотан “Uzmetronom.com” сайти бош муҳаррири Сергей Ежковнинг таъкидича, ов воқеасини тасдиқловчи далиллар талайгина.

- Бизнинг қўлимизда президент Парвановнинг ташриф протоколи бор. Ов ҳам шу протоколга киритилган. Болгария президенти Ўзбекистондаги матбуот аҳволини билиб¸ унинг ов қилгани ҳеч қаерда ошкор бўлмаслигига қатъий ишончда эди. Лекин бу ҳақда барибир ҳаммага маълум бўлди энди¸ - дейди Сергей Ежков.

Яқин кунларда Болгария президентининг Ўзбекистонга сафари мамлакат парламентида муҳокамага қўйилади.

Болгарияда авж олаётган норозилик акциясига айрим депутатлар¸ ҳамда мухолифат вакиллари қўшилган.
XS
SM
MD
LG