Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:45

ЕИ: Ўзбекистондаги вазиятни кузатаяпмиз


ЕИ нинг Марказий Осиë бўйича махсус намояндаси Пъер Морел ҳам¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволи тилга олинса¸"биз буни кузатаяпмиз¸ аҳволдан хабардормиз"¸ деган гапни кўп такрорлайди.
ЕИ нинг Марказий Осиë бўйича махсус намояндаси Пъер Морел ҳам¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволи тилга олинса¸"биз буни кузатаяпмиз¸ аҳволдан хабардормиз"¸ деган гапни кўп такрорлайди.

Европа Иттифоқи ҳуқуқ фаоллари Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғуновга берилган 10 йиллик қамоқ жазоси кучда қолдирилганидан хавотир билдирди.

16 декабр куни Иттифоққа раислик қилаётган Франция ҳукумати тарқатган баёнотда Ўзбекистон ҳукуматидан бу икки фаолга қўйилган айбловларга ойдинлик киритиш ва маҳкумларга нисбатан ҳибсда қийноқлар қўлланиши олдини олиш сўралган.

Европа Иттифоқи мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновга нисбатан қўйилган гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганлик ҳамда ҳуқуқ ва мухолифат фаоли Аъзам Турғуновга нисбатан қўйилган товламачилик айбловларига ойдинлик киритишни сўрамоқда.

Бу эса ҳар икки фаолга нисбатан маҳкама жараёнларидан хавотир билдириб, Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистон раҳбарияти номига йўлланган иккинчи мурожаатдир.

Бу мазмунда яна бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар чақириғи янграб турган ва БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи муҳокама этилган паллада¸ Қорақалпоғистон Олий суди аввалига Солижон Абдураҳмонов, кейин эса Аъзам Турғуновга нисбатан ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Ҳар икки фаолнинг ҳуқуқий ҳимоячилари энди чора истаб¸ Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилиш ҳаракатида.

Аъзам Турғунов ҳуқуқини ҳимоя қилаётган жамоатчи ҳимоячи Дилором Исҳоқованинг республика олий судига мурожаат 10 йиллик жазони бекор қилинишига олиб келишидан умиди оз. Шунингдек у¸ Европа Иттифоқининг кейинги мурожаатидан самара чиқишига ҳам умидсизлик билан қарамоқда.

"Бу чақириқлар Ўзбекистонга нистабан санкцияларни юмшатгани учун Европа иттифоқини қийнаётган виждон азобининг ожизгина ифодасидир", дейди Дилором Исоқова.

- Бу Европа Иттифоқининг Солижон Абдураҳмонов ва Аъзамжон Турғунов ҳақидаги биринчи баëноти эмас. Ҳаммасининг тагида¸ агар таъбир жоиз бўлса¸ виждон азоби ҳам борда.

Мана дейлик¸ Ўзбекистонга нисбатан қўлланилган санкцияларнинг юмшатилиши. Энг даҳшати шуки¸ санкциялар Андижон воқеалари билан боғлиқ ҳолда қабул қилинган эди. Энди эса уни Мўътабар Тожибоеванинг қамоқдан чиқарилишига бахтëрлик нотаси билан юмшатишаяпти.

Ўша ернинг ўзида инсон ҳуқуқларига риоя қилишингизни сўраймиз¸ деган ялинчоқ оҳанг бор¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Аслида эса Ўзбекистонда ҳамон ўнлаб ҳуқуқ фаоли озод этилгани йўқ. Фақатгина уларнинг ўрни алмаштирилди ва буни яхши англаган ЕИ ўйлайманки¸ навбатдаги чақириғининг тақдири қандай бўлишини ҳам яхши тушунади¸ дея давом этади Дилором Исҳоқова.

- Аъзамжон билан Солижон иши юқори инстанцияларда кўрилгандан кейин қандайдир натижа бўлишига менинг ҳеч қандай умидим йўқ.

Албатта¸ қачондир улар чиқади¸ лекин улар чиқиб улгурмасидан ўрнига бошқа ҳуқуқ ҳимоячиси ëки бир мустақил журналист тайëрлаб қўйилган бўлади. Ҳукуматимиз бу жойларни бўш қўймайди деб ўйлайман¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Шу йилнинг 27 октябрида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан Андижон воқеаларидан кейин қўлланган санкцияларнинг асосий қисмини бекор қилди ва бунга мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволининг сезиларли даражада яхшиланганини асос қилиб кўрсатди.

Бу асосни қувватловчи давлатлар сафида иттифоққа раҳбарлик қилаётган Франция ҳукумати ҳам бор эди.

Санкцияларни юмшатган экансиз, эндиликда, Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғунов каби мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоллари тақдиридан хавотир билдириб тарқатган баёнотингиздан қандай натижа кутаяпсиз, деган саволга жавобан микрофонга гапиришни истамаган Франция ташқи ишлар вазирлиги мулозими:

“Вазиятни тўлалигича кузатаяпмиз. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишига оид ҳолатлар қайд этиб борилаяпти. Санкцияларнинг асосий қисми бекор қилинган бўлса-да, ҳали олдинда кейинги муҳокамалар бор ва бу муҳокамаларда бу ҳолатлар¸ албатта, инобатга олинади”, деб жавоб берди.

Аммо, бундай чақириқлар Ўзбекистонга нистабан санкцияларни юмшатгани учун Европа иттифоқини қийнаётган виждон азобининг ожизгина ифодасидир, демоқда Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғуновнинг ҳуқуқий ҳимоячилари.

- Биринчи суд қарорлари тасдиқланса¸ кейинги инстанцияда ҳам жазони ўташ жойларига юборилгандан кейин¸ мен ўйлайманки¸ қийноқлар¸ албатта¸ бўлса керак.

Энг даҳшати шуки¸ у ерда ўтирган одамга махсус қийноқ бўлмаса ҳам қийноқлар ҳар куни бўлаяпти деб ўйлайман. Арчилмаган картошкалар¸ ювилмаган лавлагилар ташланган ўша бўтқаси ҳам¸ мен ўйлайманки¸ инсонга нисбатан қийноқ¸ камситиш ва хўрлаш.

Европа Иттифоқининг бугунги ҳужжатларига келсак¸ Аъзамжон Турғунов ва Солижон Абдураҳмоновларнинг қийноқларсиз яшаши бу билан битадиган иш эмас. Бу қамоқхоналардаги қийноқларни тўхтатиш уларнинг қўлидан келмайди.

Санкциялар ҳам¸ ҳуқуқ ҳимоячиларининг гаплари ва талаблари ҳам¸ ҳамма нарса¸ шунчаки деворга чалинаëтган танбурдан бошқа нарса эмас¸ дейди Аъзам Турғунов ҳимоячиларидан бири Дилором Исҳоқова.



Ҳозирга қадар АҚШ Давлат департаменти, ЕХҲТ¸ Франциядаги Қийноқларга қарши халқаро ташкилот, Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси, Ҳюман Райтс Уотч ҳамда бир қатор бошқа халқаро ташкилотлар Аъзам Турғунов ва Солижон Абдураҳмонов устидан маҳкамани қоралаб баёнот берди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар санкциялар қайғусидан қутулиб олган Ўзбекистон ҳукумати бу ёғига бемалол репрессияларини давом эттираверади, деган хавотирда.
XS
SM
MD
LG