Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:46

Диний эътиқод - куч манбаи


Дунë молиявий ва иқтисодий бўҳрон домига тортилиб бораëтган кезларда Ғарб жамияти ўз руҳий ва ижтимоий соғломлиги ҳақида жиддий қайғурмоқда.
Дунë молиявий ва иқтисодий бўҳрон домига тортилиб бораëтган кезларда Ғарб жамияти ўз руҳий ва ижтимоий соғломлиги ҳақида жиддий қайғурмоқда.

Америка олимлари хулосасига кўра¸ инсонларнинг ўз диний эътиқодига эркин амал қилиши жамиятнинг нафақат руҳий¸ балки ижтимоий-сиëсий барқарорлиги гарови ҳамдир.

АҚШ нинг Маями Университети олимлари мамлакат иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳаётига оид ўтказилган кўплаб тадқиқотларда диндорлар ва динсизларнинг муносабатини алоҳида ҳолда ўрганиб чиқиб, ўртадаги фарқнинг катталигини аниқлади.

Диндорлар ўз-ўзини назорат қилиш қобилиятига эгалиги боис ҳаёт қийинчиликларидан динсизларга нисбатан енгилроқ ўтади.

Маямилик социопсихологлар хулосасича, биринчидан, диндорлар мунтазам равишда бажарадиган диний амаллар, жумладан, ибодат ёхуд медитация инсон миясининг айнан ўз-ўзини назорат қилиш ва бошқаришга жавобгар бўлган қисмига таъсир қилади.

Иккинчидан, бирор бир мақсадни “илоҳий”дер экан¸ инсон унинг амалиётига алоҳида ихлос билан киришади.

Учинчидан, эътиқоднинг асосий устуни бўлган тушунчалар – тақдирнинг азалдан битилгани ва бутун мавжудот, шу жумладан, инсонларнинг ҳар бир ҳаракати Худонинг назорати остида эканига бўлган ишонч ҳам диндорларга ҳаётнинг ҳар қандай кутилмаган ўзгаришларига ўз вақтда ва аксар ҳолларда тўғри жавоб қилиш имконини беради.

Диндорликнинг бу жиҳатларини таҳлил қилар экан, АҚШ лик олимлар, тўлиқ аҳли китобни назарда тутмоқда.

Псохологлар фикрича, бу жиҳатлар инсонни саводсизлик, спиртли ичимликларга ружуъ қўйиш, гиёҳвандликдан сақлайди ва айни пайтда депрессияга мойилликни камайтиради.

АҚШ олимларининг бугунга келиб бундай тадқиқотга қўл уриши эса бежиз эмас. Айнан шу руҳий муаммолар бугун АҚШ¸ шунингдек бутун Ғарб жамиятини ичидан емираётган асосий муаммолардир.

Шу маънода ғарблик олимларнинг бундай хулосаси бугунги кун учун долзарб, дейди Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институти шарҳловчиси Юрий Фёдоров.

- Америкалик психологларнинг хулоса ва таклифлари АҚШ жамияти учун нафақат психологик, балки сиёсий жиҳатдан барқарорлик мазмунида катта аҳамиятга эга.

Дин америкаликлар ва умуман, барча жамиятлар аъзолари учун мавжуд муаммолар, кескин ўзгаришлар ва хусусан, моддий қийинчиликларни енгил ўтказиш имконини беради.

Зеро, диндор одам ҳаётидаги қийинчиликларни Аллоҳнинг берган синови, деб қабул қилади¸ дейди Юрий Фëдоров.

Ғарб жамиятлари ичида айнан америкаликлар динга мойиллиги билан етакчилик қилади.

Асосан, насронийликнинг протестантлик оқимига мансуб америкаликларнинг эътиқоди бугунги оғир вазиятда жамиятда барқарорликни ушлаб турувчи муҳим омиллардан бири сифатида ҳукуматлар учун айни муддао бўлиши мумкин, дер экан ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов, бунда мутлақ эркинлик мавжудлигини алоҳида урғулайди.

- Политология ва социологияда “икки этажли Америка” деган бир термин бор. Ўша икки этажли Америкада диний қадриятларга эътибор ҳар доим кучли бўлган. У ерда¸ айни пайтда индивидуализм ҳам сақланиб қолади.

Америкада дин билан жамият ëки дин билан давлат конфронтацияда эмас. Улар бир-бирига интилишга¸ бир-бирига ëрдам беришга ҳаракат қилади¸ дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Аммо, асосан, Исломга эътиқод қилувчи Шарқ жамиятларидаги диндорликнинг табиати Ғарбдаги диндорликда катта фарқ қилади.

Агар Ғарб вазият тақозоси ва тўлиқ англанган истак билан диндорга айланаётган бўлса, Шарқ жамиятлари, хусусан, Ўзбекистонда дин қаттиқ назорат остида ва ҳукмдорлар динни ўз манфаатига хизмат қилдириш, унинг воситасида авомни итоаткор қилишга уринишда давом этмоқда.

Асосан, Исломга эътиқод қилувчи Ўзбекистонда ҳозирги ҳукумат диндан усталик билан фойдаланмоқда, дейди Лондондаги таҳлилчи Юрий Фёдоров.

- Гарчи Ўзбекистондаги Ислом олимлари хоҳласа-да, ҳоҳламаса-да Ислом бу давлат ҳукумати томонидан сиёсий, мафкуравий жиҳатдан бошқарувнинг муқобил бир воситаси сифатида қўлланилмоқда.

Дин пешволари мамлакат аҳолиси орасида Каримовнинг ҳозирги режими ҳатти-ҳаракатларига нисбатан толерантлик руҳини сингдиришга хизмат қилмоқда, дейди ғарблик таҳлилчи.

Бундай хулосалар ҳақ, дея эътироф этар экан ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов¸ бу ҳақда гап кетган маҳал битта жиҳатга алоҳида эътибор қилиш лозим, деб ҳисоблайди.

- Ўзбекистондаги Ислом дини сабр қилиш ақидасини¸ яъни сабр доктринасини жуда ҳам юқори даражага кўтарган.

Бунда тарихий эволюция катта рол ўйнаган. Яъни доимий равишда тавсияни Ислом уламолари қилади.

Улар эса доимий равишда подшоҳларнинг¸ хонларнинг¸ бекларнинг назоратида бўлган. Подшоҳ билан тўқнашувдан қочишга даъват қилинган.

Диний манбаларни талқин қилиш худди ҳозирги Ўзбекистондагидек ҳукмдорларнинг қўл остида бўлган¸ дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Ислом дини аҳкомларини ҳукумат манфаатига зид бўлмаган ҳолда талқин қиладиган ўзбекистонлик уламолар ҳақида гапирар экан Камолиддин бир воқеани мисол келтирди.

- Бундан икки йил олдин ҳозирги муфтимиз “Менинг тушимга Пайғамбаримиз (с.а.в) кирди ва у киши даъват қилдиларки¸ биз ҳозирги президентимизни сўзсиз қўллаб-қувватлашимиз керак. Чунки ҳозирги президентимиз ҳокимиятдан кетса¸ ҳамма ëқ хонавайрон бўлади” деган қизиқ бир гапни айтган эди.

Бунга ўхшаган гаплар табиий. Чунки бугунги диний уламоларни тайинлаш жараëни билан мен шахсан танишман. Президент девонида махсус бир бўлим бор¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, аслида, ўзбекистон аҳолисининг Ислом динидаги асосий манбаларга таяниб эътиқод қилувчи ва энг муҳими, диний таълим олган қатламида эса диннинг ҳукумат мулозимлари талқин қилаётган сабр-тоқат ва зулмга қарши чиқмаслик жиҳатлари йўқ.

Буни яхши англаган Ўзбекистон ҳукумати эса ўзи учун ечим топган — диндорликни ўзига хизмат қиладиган даражада ушлаб туриш.

- Динни бутунлай бўғиб бўлмас экан¸ ўша диндорликни маълум бир даражадан юқорига кўтарилиб кетмасликка ҳаракат қилаяпти.

Чунки диндорлик даражаси юқори бўлган аҳоли қатламларида ўзининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиш ëки зулмга қаршилик кўрсатиш даражаси юқори, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG