Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:35

АҚШ қўмондони Бишкекда


19 январ куни Бишкекда журналистлар билан учрашган генерал Петреус¸ Қирғизистон билан ҳарбий ҳамкорлик истиқболи ҳақида анча некбинлик билан гапирди.
19 январ куни Бишкекда журналистлар билан учрашган генерал Петреус¸ Қирғизистон билан ҳарбий ҳамкорлик истиқболи ҳақида анча некбинлик билан гапирди.

Бишкек раҳбарияти АҚШ ҳарбийларини Манас ҳаво базасидан ҳайдаб чиқармоқчи¸ деган гап-сўзлар кучайган бир кезда¸ генерал Петреус Қирғизистонга келди.

Ўз ҳудида ҳам Россия ва ҳам АҚШ ҳарбий базасига жой берган Қирғизистон ҳукумати учун бу икки қудратли давлат билан бир вақтнинг ўзида муроса қилиш¸ афтидан¸ тобора қийинлашмоқда.

Маълумотларга қараганда, мамлакат раҳбарияти шу кунларда АҚШ ҳарбийларини Манас ҳаво базасидан чиқаришга тадорик кўрмоқда. Бу ҳаво базаси эса АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун сув билан ҳаводек зарур.

Таҳлилчилар фикрича, АҚШ ҳарбийларини ўз ҳудудидан чиқариш билан президент Қурмонбек Бакиевга Россия президенти Димитрий Медведев билан бўлажак музокаралар йўналишини ўз истаги томон буришда қўл келади.

Британиядаги “Jane’s” таҳлил маркази эксперти Мэтью Клементс шундай дейди:

- Ҳозир фақат тахминлар айтилмоқда. Аммо фикримча, бу ерда жиддий мулоҳаза учун асосли жиҳатлар бор. Мисол учун¸ Қирғизистон Россиядан 180 миллион доллар қарз. Иқтисоди ҳам оғир аҳволда. Электр таъминотида узилишлар бор. Бундай вазиятда фақат Россия зарур ёрдамни таклиф қилиши мумкин. Қолаверса, Россия Қирғизистон учун синалган ҳамкор”, дейди британиялик таҳлилчи.

Агар воқеалар шундай ривожланса, у ҳолда бу АҚШ бошқарувига келаётган ва Афғонистонга узоқ муддатли кўмакни ваъда қилаётган Обама маъмурияти учун жиддий муаммолар туғдириши мумкин.

Ҳозирча Қирғизистон ҳукумати АҚШ ҳарбийларининг Манас ҳаво базасидан фойдаланишини тўхтатиш ҳақида ҳеч қандай расмий баёнот бергани йўқ. АҚШ ҳарбийлари 2001 йилдан бери шу ҳаво базадан фойдаланмоқда.

Бишкекка борган АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари¸ генерал Дэвид Петрэус ҳаво база учун тўланаётган 63 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ижара ҳақининг яна оширилиши мумкинлигидан сўзлади.

Бироқ, Россия матбуоти исмини ошкор қилмаган қирғиз расмийсига таяниб, президент Қурмонбек Бакиевнинг феврал ойида Москвага белгиланган сафари олдидан ҳукумат АҚШ ҳарбийларини Манас ҳаво базасидан чиқариш тўғрисида баёнот беради, деган гапни тарқатди.

Қирғизистонлик сиёсатчи ва таҳлилчилар орасида эса бу масалада баҳс бормоқда.

Жумладан, Қирғизистоннинг собиқ мудофаа вазири Исмоил Исаков АҚШ ҳарбийларининг Манасдан чиқарилиши мамлакат манфаати учун яхши эмас, деган фикрда.

- АҚШ ҳарбийларининг Манас ҳаво базасидан чиқарилиши тўғри қадам эмас. Чунки, бу билан Қирғизистон халқаро террорга қарши глобал курашда иштирок этмоқда. АҚШ билан ҳаво базаси хусусида имзоланган ҳужжатда эса Афғонистонда тинчлик ўрнатилгандан сўнггина АҚШ ҳарбийлари базани тарк этиши ҳақида ёзилган. Ҳозир эса Афғонистонда уруш ҳаракатлари тобора авж олмоқда. Бундан ташқари, АҚШ Қирғизистонга яхшигина пул тўламоқда, дейди қирғизистонлик сиёсатчи.

Айни пайтда¸ Россия террорга қарши кураш¸ хусусан Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан манфаатдорлиги боис АҚШнинг янги маъмурияти билан алоқаларини ёмонлаштиришни истамайди, деган фикрни айтаётган таҳлилчилар ҳам бор.

Айни жиҳатга генерал Петрэус ҳам урғу берди.

- Афғонистонда тинчликка эришиш минтақадаги барча давлатлар манфаатига мос. Минтақадаги барча давлатлар гиёҳванд моддалар савдосига нуқта қўйилиши, экстремизмга барҳам берилиши ва экстремистлар яна Афғонистон ҳокимиятини эгаллаб, бу давлатни дунёнинг исталган давлатига ҳужум қилиш учун таянч нуқтага айлантирмаслигидан манфаатдордирлар, деди Бишкекда АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари¸ генерал Дэвид Петреус.

XS
SM
MD
LG