Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:40

Қопқоқлар ҳам ўмарилмоқда


Яқинда тошкентликлар учун каналицазия системасига элтувчи бундай темир қопқоқлар ўтмиш хотирасига айланиши мумкин.
Яқинда тошкентликлар учун каналицазия системасига элтувчи бундай темир қопқоқлар ўтмиш хотирасига айланиши мумкин.

Айрим тошкентликларнинг айтишича, пойтахтнинг марказий кўчаларидаги канализация қопқоқлари мутлақ ёпилиб, устидан бетон тортилмоқда. Сабаби?

Аввалига пойтахтнинг президент кортежи юрадиган кўчаларидаги қувурлар оғзи пайвандланган ва бу хавфсизлик чораси сифатида изоҳланган эди.

Эндиликда шаҳар бўйлаб амалга оширилаётган бу ҳолга гувоҳ бўлаётган баъзи тошкентлик киракашларга қўнғироқ қилдик.

Уларнинг сўзларига кўра, шаҳар аҳли орасида бошқа гап-сўз юрибди. Одамлар, ҳатто, канализация қопқоқларини ҳам ташиб кетаяпти, дейди жумладан, Абдулла исмли ҳайдовчи йигит.

Абдулла: Цемент тортиб¸ беркитиб ташлаяпти. Одамлар олиб кетиб қолаяпти¸ шекилли. Усти очиқ қолиб одам тушиб кетаяпти¸ машиналарнинг ғилдираклари тушиб кетаяпти. Шунинг учун ë пайвандлаб ташлаяпти ë бетонлаб ташлаяпти.

Озодлик: Ҳамма жойдами?

Абдулла: Менимча ҳамма жойда. Менинг кўзим тушадиган жойларда шунақа. Олдин босиб ўтиб кетардик¸ дақир-дуқур қилиб овоз чиқарди. Ҳозир унақа жойлар кам.

Яна бир киракаш йигит ҳам Абдулланинг сўзларини тасдиқлар экан, бу ўз вақтида кўрилган чора, деди суҳбат чоғида.

- Кўрдим беркитиб ëпиб ташлаëтганини. Устини беркитиб¸ ëпиб ташлаяпти.

Озодлик: Нимага ëпаëтгани ҳақида гап-сўз борми?

- Уни эшитмадим лекин. Бизнинг шароитда ëпмаса ҳам бўлмайдида. Ҳозир устидаги темирни металалом қилиб олиб кетиб қолаяптику.

Тошкентлик киракаш йигитлар шаҳарнинг нафақат марказий, балки анча-мунча йирик кўчаларида канализация қопқоқлари ёпилаётгани ҳақида сўзладилар.

Биз билан суҳбатда бўлган яна бошқа шаҳарликлар ҳам бунинг сабабини одамларнинг талончилигига қарши чора, деб баҳоламоқда.

Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Суҳроб Исмоилов, албатта, бу гапда ҳам қайсидир маънода жон бор, дейди.

- Совет даврида канализация ўтказилган жойларда люклар бўларди. Ҳозир халқимиз бу люкларни қилаëтган қурилишларига ишлатиб юбораяпти. Натижада у ерлар очиқ қолмоқда.

Шаҳарда ҳам шундай ҳолат. Кўп машиналар тушиб ҳам кетди. Мен ўзим ҳам бир-икки марта тушиб чиқдим. Мен кеча кўрдим¸ ҳозир ҳаммасининг устини асфалт билан ëпиб ташлашаяпти¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Аммо, бу тадбирнинг бутун шаҳарга ёйилгани, Суҳроб Исмоилов ва у каби айрим кузатувчилар фикрича, ҳавфсизлик чорасининг кучайтирилгани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Шу фикрни билдирган таҳлилчилар кўпроқ, аввалига фақат президент кортежи ўтадиган трассадаги канализация қопқоқлари очилмайдиган қилиб беркитилганига, қолаверса, кейинги пайтларда хавфсизлик чорасини кучайтириш истаги ортидан кўплаб ғалати қарорлар қабул қилинаётганига таянмоқда.

Суҳроб Исмоилов шу фикрни илгари сураётган таҳлилчилардан бири.

- Охирги пайтларда мантиқсиз қарор ва қонунлар қабул қилинаяпти. Мана яқинда президент ўтадиган бўлса ҳам¸ ўтмайдиган бўлса ҳам барча кўчаларда кўча юзига қараган деразаларнинг ва балконларнинг ташландиқ ҳолатининг олдини олиш мақсадида ҳар хил шахсий буюмларни қўйиш таъқиқланди.

Кирларни иладиган ипларнинг олиб ташланиши буюрилди. Баъзи жойларда берилган маълумотларга кўра¸ бунга амал қилмаган уй эгаларига қаттиқ маъмурий чора кўрилар экан. Ҳатто уйдан кўчириб юборишар ҳам экан.

Тепадаги раҳбарлар бошқача айтган бўлса¸ пастдаги раҳбарлар уни “Салла деса¸ каллани олиб кел” қабилида бошқача қилиб ижро қилишга ҳаракат қилаëтган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳозир бунинг сабабини тушунтириш қийин, дейди Тошкентда истиқомат қилувчи ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоилов.

Ҳозирча, Тошкент шаҳар маъмурияти бу тадбир ва у ҳақда билдирилаётган фикр-мулоҳазаларга изоҳ бермади.
XS
SM
MD
LG