Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:36

Гуантанамо ўзбеклари қайга боради?


Кубанинг жазирама оролида жойлашган Гуантанамо ҳарбий қамоқхонасининг¸ бир йил ичида¸ ëмон тарихга айланиши кутилмоқда.
Кубанинг жазирама оролида жойлашган Гуантанамо ҳарбий қамоқхонасининг¸ бир йил ичида¸ ëмон тарихга айланиши кутилмоқда.

Президент Обама ëпишни буюрган Гуантанамодаги юзлаб тутқунлар қатори бу ердаги олти ўзбекистонлик маҳбус ҳам ўз тақдири энди қай томон эврилишини кутмоқда.

Гуантанамо қамоқхонасига тушиб қолган олти ўзбекдан яна бири — Шоҳруҳ Ҳамидовнинг шахсига оид маълумотлар аниқланди.

Қўқон шаҳрида туғилган Шоҳруҳ Ҳамидов амакиси Қаҳрамон Ҳамидов ортидан отаси ва бошқа қариндошлари қамоққа олина бошлаган пайтда¸ эндигина 14 ёшга кирган эди.

У 1998 йилларда амакиси ва унинг ортидан отасига нисбатан тазйиқлар бошланган пайтда¸ Ўзбекистонни тарк этган. Бу воқеалардан озми-кўпми хабардор қўқонлик мухолифат фаоли Маҳбуба Қосимова шундай ҳикоя қилади.

- Бу боланинг нимага кетиб қолганини мен аниқ билмайман. Уни кимларгадир қўшилиб кетиб қолган¸ дейишган эди. Кетиб қолган пайтида у жуда ëш бола бўлган.

Озодлик: Гуантанамога қанақа қилиб тушиб қолгани ҳақида биласизми?

- У бола Афғонистонга бориб қолган экан. АҚШ армияси Афғонистонда амалиëт ўтказган пайтда¸ булар АҚШ аскарларининг қўлига тушиб қолган.

Шу тариқа Гуантанамога жўнатиб юборишган. У кетиб қолгандан кейин¸ унинг кетиб қолганлигини мен онасидан эшитганман¸ дейди Маҳбуба Қосимова.

Мустақиллик йилларида Фарғона водийсида ўтказилган илк қатағон азобини тортган ўзбекистонлик мухолифат фаоли Маҳбуба Қосимова Ҳамидовлар оиласи, шу жумладан, ёшгина Шоҳруҳ ҳам айнан Қаҳрамон Ҳамидов боис тазйиққа учраган, деб ҳисоблайди.

- 1987 йилларда “Одамийлик¸ инсонпарварлик” уюшмаси тузилган. Улар Қўқон шаҳридаги завод ва фабрикалардан чиққан зарарли тутунлар асосида инвалид болалар туғилишига қарши курашиб¸ шаҳардаги цемент заводини ëптиришга эришишган.

Қаҳрамон Ҳамидов ўша ташкилотнинг ташкилотчиси ва бевосита раҳбари бўлган. 1997 йилда қамоқдан унинг ўлиги келган. Уни айнан шу фаолияти учун қамашган¸ дейди Маҳбуба Қосимова.

Қамоқхонадан жасади келган Қаҳрамон Ҳамидовнинг яқинлари у қамоқхонада қийноқдан вафот этган, деб ҳисоблайди. Бошқа Ҳамидовлар, шу жумладан, Шоҳруҳнинг отаси ҳам 2000 йиллардан кейин озодликка чиқарилган.

Шоҳруҳ ўз оиласида 5 фарзанднинг бири ва ҳозирда унинг ота-онаси ва ака-укалари кичик савдо билан шуғулланмоқда. Аммо, бу гал биз унинг оиласи билан боғлана олмадик ва келгуси дастурларда бунга муваффақ бўлишга умид қиламиз.

Шоҳруҳ Ҳамидовнинг Гуантанамо қамоқхонасига тушиб қолгани ҳақидаги хабар эса бу оилага 2003 йилда Халқаро қизил хоч ташкилоти етказган мактубдан сўнг ошкор бўлган.

Унга қадар, яъни Шоҳруҳ уйидан чиқиб кетганидан кейинги қарийб 5 йил давомида оиласи у ҳақда ҳеч қандай хабарга эга бўлмаган.

Демак, Шоҳруҳ ҳам ҳозир Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётгани айтилаётган бошқа беш ўзбек каби аввал Тожикистон ва кейин Афғонистонга бориб қолган бўлиши мумкин.

Бу қамоқхонада қийноқлар мавжудлигини исботловчи далиллар ошкор бўлганидан сўнг кучайган жамоатчилик босими остида АҚШ Мудофаа вазирлиги 2002 йилдан 2006 йилга қадар қамоқхонада сақланган маҳбуслар рўйхатини эълон қилгач¸Гуантанамода 6 нафар ўзбекистонлик маҳбуснинг ҳам борлиги жамоатчиликка ошкор бўлган эди.

Рўйхатдаги номларни айнан келтирамиз: Абу Бакр Жамолиддинович, Алишер Ҳамидулла, Шоҳруҳ Ҳамидов, Ойбек Жабборов, Камолиддин Қосимбеков ва Абдулла Муҳаммадхон.

АҚШ Мудофаа вазирлиги эълон қилган расмий рўйхатда “Ўзбекистон фуқароси” деб берилган бу маҳбуслардан бири – Ойбек Жабборовнинг қандай қилиб Гуантанамо қамоқхонасига тушиб қолгани ҳақидаги ҳикоя яқинда жамоатчиликка ошкор бўлган эди.

Икки йил муқаддам Пентагон унинг номини қамоқхонадан озод этиладиган маҳбуслар рўйхатига киритган. У террорчиликда гумон қилиниб, қўлга олинган. Аммо унга нисбатан айблов илгари сурилмаган.

Яна икки маҳбус Абу Бакр Жамолиддинович ва Камолиддин Қосимбековлар ҳам озод этиладиган маҳбуслар рўйхатида экани аниқланди, деди биз билан суҳбатда Халқаро амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Мэйси Вайшердинг.

Қолган уч маҳбус – Шоҳруҳ Ҳамидов, Алишер Ҳамидулла ва Абдулла Муҳаммадхон тақдири ҳақида ҳозирча бизда ҳеч қандай маълумот йўқ, дер экан Халқаро амнистия ташкилоти вакили, нима бўлган тақдирда ҳам бу маҳбуслар озод этилиши ва одил судлов ҳамда хавфсиз бошпана билан таъминланиши лозим, деб таъкидлайди.

- Умид қиламизки, қолган маҳбуслар сафида ўзбекистонлик маҳбусларга ҳам хавфсиз ва ҳимоя кафолатланган, муҳими, уларни Ўзбекистонга бериб юбормайдиган давлатни топишга муваффақ бўламиз.

Биз улар Ўзбекистонга бериб юборилмаслиги керак, деган фикрдамиз”, дейди Халқаро амнистия вакили Мэйси Вайшердинг.

Деярли етти йилдан буён терроризмда гумон қилиниб, аксарияти суд қилинмасдан Гуантанамо қамоқхонасида сақланган маҳбусларга ўта шафқатсиз муносабатда бўлингани ва улар қийноқларга солингани жамоатчиликка маълум.

Ва ниҳоят, АҚШ президенти Барак Обама бир йил ичида Гуантанамо турмасини ёпиш ҳақида қарор чиқарди ва АҚШ ҳукумати Европа давлатларидан айбсиз, деб топилган маҳбусларни реабилитация учун қабул қилишни сўради.

Ҳозирча ўзбекистонлик тутқунлардан фақат биттаси - Ойбек Жабборовгина Ирландия ҳукуматининг ўзига марҳамат қилишидан умидвор¸ холос.
XS
SM
MD
LG