Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:34

"Ўзга сайëралик малика"


Ўзбекистон маданияти ва санъатини тарғиб қилиш иддаоси билан Гулнора Каримова Франция пойтахтининг энг қимматбаҳо саройларида зодагонлар учун тадбирлар ўтказиб келмоқда.
Ўзбекистон маданияти ва санъатини тарғиб қилиш иддаоси билан Гулнора Каримова Франция пойтахтининг энг қимматбаҳо саройларида зодагонлар учун тадбирлар ўтказиб келмоқда.

"Ўзбек маликаси" деб аталаëтган Гулнора Каримова Ғарб жамоатчилигини ҳам забт қилмоқчи. Унинг бу ниятига эса¸ Ғарб журналистларининг кўзи очиқлиги¸ сал соя солаëтгандек.

Гулнора Каримова ҳақидаги лавҳани эфирга узатган Франциядаги Канал + тижорий телеканали французлар эътиборини Ўзбекистонга қарата олди.

Бундай лавҳаларнинг аксари танқидий руҳда бўлса, баъзиларидан ПИАР ҳиди уфуриб туради. Қуппа-қуруқ танқид ёки мақтовлардан бир оз чекиниб, журналист Марк Гармириан енгил ҳажвий усулда ҳам ўз томошабинлари¸ ҳам ўз қаҳрамонини бир оз ўйлантириб қўйган бўлса¸ ажаб эмас.

Гулнора Каримова ташаббуси билан ўтган йил октябр ойида Тошкентда ўтказилган Фэшн-шоу (Fashion show)¸ яъни Модалар кўргазмасига хориждан бир неча журналист таклиф этилган эди.

Шоу давомида Гулнора Каримова билан суҳбат қуришга муваффақ бўлган Марк Гармириан "ўзбек маликаси" ўзида яхши таассурот қолдирганини яширмади.

- Менга Тошкентдаги мода ҳафтасини ёритишга рухсат бердилар. Гулноранинг ўзи ёқимли аёл, лекин мени мамлакатдаги вазият ҳам бефарқ қолдиролмади¸ дейди журналист.

Журналистнинг айнан шундай қараши унинг лавҳасига ўзгача ҳажвий руҳ беради.

- Мана у ҳокимият меросхўри ва президент бўлиши башорат қилинаётган Каримовнинг қизи Гулнора Каримова. У 36 ёшда. Уни мода, зебу-зийнат ва мамлакат қизиқтиради. Бироқ¸ афтидан у мутлақо ўзгача дунёда яшайди¸ дея журналист сўз навбатини Гулнора Каримованинг ўзига беради.

- Мен ўз мамлакатим учун энг яхшиликни раво кўраман. Биз қизиқ тарихга эга бўлган ёш миллатмиз ва биз учун шу йўлдан бориш жуда муҳимдир¸ дейди Каримова хоним.

Унинг бу сўзларидан сўнг журналист томошабинлар учун кичкинагина экскурсия ўтказиб, Андижондаги намойишнинг қонли бостирилгани, мамлакатда сўз эркинлигининг йўқлиги ва президентлик сайловининг сохталаштирилгани ҳақидаги гапира кетади.

Мана Тошкентдаги фэшн шоу саҳнасига Гулнора Каримова билан бирга Каролин исмли Франциядаги модалар уйи президенти кўтариляпти.

Каролин француз тилида “Катта раҳмат. Мамлакатингиз ажойибдир” деди-ю, Гулнора Каримова уни ўпиб, “Шошмай тур¸ гапингни таржима қиламан, аммо билсинларки, дунё бўйича мендан қимматбаҳо таржимон йўқ”¸ дея ҳазил қилади.

Бундай ҳазил Франция томошабинлари учун маъқул келдими? Франциядаги ўзбекистонлик муҳожирларнинг қизи лавҳа давомида бир неча бор кулганини айтади.

- Бир жиҳатдан¸ Гулнора менга ёқади, лекин унинг ўзи ҳақида шу қадар мақтаниб гапиришини кутмагандим¸ дейди франциялик суҳбатдошим.

Тошкентда жаҳон миқёсидаги модалар кўргазмасининг ўтказилиши Ўзбекистонни бир оз бўлса-да дунëга ижобий хислатлари билан танитишни ўз олдига мақсад қилиб қўйгандир.

Бироқ аввал тадбиркор аёл, сўнг Гугуша номи шоу бизнесга ва ниҳоят Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ вакили сифатида сиёсат майдонига келаётган "ўзбек маликаси"га самарали ПИАР акциясини бошлаш учун мамлакатдаги вазият жиддий xалақит қилаётган бўлиши мумкин.

Франциядаги Интерньюс вакили Эрик Жонсон айнан шундай фикрда.

- Албатта, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги билан боғлиқ жиддий муаммолар бор. Лекин мен бу вазият учун Гулнорани масъул қилмаган бўлардим.

Болалар ота-оналари қилган ишлар учун жавобгар эмаску. Лекин Каримова хоним модалар кўргазмасини ўтказиш ўрнига, хайрия ишларни кўпроқ қилса¸ журналистлар обрўсини қозониши мумкин¸ дейди Эрик Жонсон.

Франциялик журналист Таня Рахманова фикрича, Гулнора Каримова шаънига бирор танқид ёғдирилмаса ҳам¸ унинг мамлакатдаги вазият манзарасида ўтказадиган ҳар бир дабдабали тадбири вабо пайтидаги зиёфатга ўхшаб тураверади.

- Эҳтимол¸ Гулнора бу лавҳани ёқтирмайди. Лекин у ҳақда ёмон гап айтилмади.

Шунчаки, мамлакат даҳшатли бир вазиятда турган пайтда¸ унинг дискотека уюштириши ортиқча гапга ўрин қолдирмайди¸ дейди франциялик журналист.

Гулнора Каримовага башорат қилинаётган Ўзбекистон тахти уни автоматик равишда журналистлар қизиқишининг диққат -марказига қўяди.

Бироқ француз журналисти ҳозирлаган сўнгги лавҳа дабдабали шоулар билан сўз эркинлиги ғояси сут билан қонига кирган Ғарб оммавий ахборот воситалари кўзини қамаштириш қийинлигини кўрсатди.
XS
SM
MD
LG