Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:34

"Ўғлим Ўзбекистонга келмасин!"


Гуантанамода сақланаëтган олти нафар ўзбекистонлик маҳбус олдида турган оғир синовлар¸ озодликка чиққандан сўнг янада кучаядиган кўринади.
Гуантанамода сақланаëтган олти нафар ўзбекистонлик маҳбус олдида турган оғир синовлар¸ озодликка чиққандан сўнг янада кучаядиган кўринади.

Халқаро террорчиликда гумонланиб¸ Гуантанамо қамоқхонасига ташланган яна бир ўзбекистонлик маҳбус - Шоҳруҳ Ҳамидов яқинлари унинг тез орада озод этилишига астойдил умид қилмоқда.

АҚШ янги президенти Барак Обама бу қамоқхонани бир йил ичида ёпиш тўғрисида буйруқ берганини эшитган Ҳамидовлар оиласи 7 йилдан буён бу қамоқхона азобини тортаётган Шоҳруҳнинг уйга қайтишини эмас, балки бирор бир Ғарб давлатида қолишини истайди.

Бунинг сабабини бу оила шундай изоҳлади:

- Иложи бўлса¸ ўша Европанинг бирор давлатида қолгани тузук менга. Бу ëққа келишининг кераги йўқ. Чунки бизнинг оиламизнинг устидан назорат кучли. Ўғлим келса¸ уни барибир қамайди булар. Буларга менинг ҳеч қанақа ишончим йўқ, дейди Шоҳруҳнинг онаси Одина Ҳамидова.

- Бағримизга келса яхши бўларди. Энди мана аëлим ишонч йўқ деяпти. Мен ҳам иккиланиб қолдим. Қандай тушунтирсам экан - қаерда бўлса ҳам тинч бўлса бўлди менга¸ дея гапни давом эттиради Шоҳруҳнинг отаси Равшан Ҳамидов.

25 ёшни қоралаган асли қўқонлик Шоҳруҳнинг қандай қилиб АҚШ га қарши террорчилик ҳаракатларини олиб борган ёки бунга алоқадорликда гумон қилинган маҳбуслар сафига тушиб қолгани унинг оиласи учун қоронғу. Аммо қандай қилиб Афғонистонга бориб қолгани ҳақида тахминлар бор.

Одина Ҳамидованинг айтишича, ҳаммаси ҳали жуда ёш бўлган Шоҳруҳнинг Фарғона вилоятидаги Сўх туманида, бир қори ўқитувчининг қўлида Қуръондан таҳсил оламан, деб ният қилганидан сўнг бошланган.

- “Сўхда ўқиш бўлади. Мен ўша ерга “Муаллими соний” ни ўргангани кетаяпман” деб 1997 йилда чиқиб кетган. Ўша пайтда ҳали 15 ëшга тўлмаган эди¸ деб эслайди Одина Ҳамидова.

Шу кетган бўйи Шоҳруҳ¸ бир йил бедарак ғойиб бўлди.

Отаси Равшан Ҳамидов уни аслида нотаниш одамлар қўлига берган эдик, дейди. Боиси қама-қама кучайган ва Ҳамидовлар оиласига мансуб эркаклар ёппасига, ҳатто, норасида ўсмирлар ҳам қамаб юборилаётган эди.

- Инсонларнинг ўзини танимаган ҳолда бериб юборганман. Эскичани ўргатамиз¸ қори қилиб тайинлаймиз¸ дейишган. Менга умуман бошқа адресни беришган экан.

Озодлик: Демак сизларнинг уйингиздан болани алдов йўли билан олиб чиқиб кетган.

- Шунақа бўлган.

Шоҳруҳ ва унга қўшиб, маҳалланинг бир неча болаларини олиб кетган Бахтиёр исмли йигитни мен кўрган эдим, дейди Равшан Ҳамидов.

Аммо, маҳаллага нотаниш бу йигитни МХХ ходимлари яхши танир экан. Тергов чоғида бу йигитнинг асли исми Расулжон Охунов дейишди, дейди у.

Бу вақт давомида Шоҳруҳни қидириб келган орган ходимлари ҳам дабдурустдан унинг Тожикистонга кетганидан сўз очишган.

Энг қизиғи, дейди Одина Ҳамидова, ўғлингизни қидириб Афғонистонга борасизми, дея Миллий хавфсизлик хизматининг ходимлари келишган эди.

- МХХ ходимлари “Ўтасизми” дейишган эди¸ мен “Йўқ. Қарамоғимда бешта болам бор. Боқувчим қамалиб кетди” дедим.

Озодлик: Бу МХХ дан келганлар сиз билан бирга боришмоқчи эдими?

- Биттаси бормоқчи эди. Билиб келасиз¸ дейишган эди.

Ўғлининг Расулжон Охунов, деган шахс томонидан ўғирлаб кетилгани, Шоҳруҳ билан олиб кетилган яна 14 йигит аслида Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари қўлига тушгани ва Тожикистон ҳамда Афғонистон ҳудудида жангари қилиб тайёрлангани ҳақидаги маълумотларни бу оила миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан эшитган.

- Шунақа ташкилотлар томонидан жангари қилиб тайëрланаяпти деб ўзлари берган маълумот бўйича мен сизга жавоб бераяпман. Менинг бошқа асосим йўқ¸ дейди Равшан Ҳамидов.

Равшан Ҳамидов погонлиларнинг бу гап-сўзларига шубҳа билан қарайди ва ўғли ғойиб бўлганидан буён қалбини кемираётган турли шубҳа-гумонларни ёзиш учун қилган барча уринишлари шу кунгача бесамарлигини айтади.

Афғонистонда бир йил юриб қайтиб келган йигитларга мурожаат қилганида эса¸ ота ҳеч қандай жавоб ололмади.

Аллақачон қамоқ жазосини ўтаб чиққан йигитлар ҳанузгача жим-жит. “Бировга оғиз очолмайди, қаттиқ қўрқишади”, дейди у.

- Буни ҳеч ким гапириб бергани йўқ. Ҳатто онасига хат орқали гапирмади. Чунки рухсат бермаяпти¸ ман қилинган¸ дейди Равшан Ҳамидов.

Шу боис, Шоҳруҳ ва у билан бирга кетган 14 нафар ёш ўспиринни ким олиб кетди, нима мақсадда олиб кетди, улар ростдан ҳам Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг қўлига тушдими ва Шоҳруҳ қандай қилиб Гуантанамо қамоқхонасига тушиб қолди – бу саволларнинг ҳаммаси Ҳамидовлар оиласи дилини ўртаб келаётган, аммо, ҳануз очиқ қолаётган саволлардир.

Шоҳруҳнинг Афғонистондаги Америка ҳарбийлари қўлига тушиб қолгани эса 2001 йилнинг июн ойида унинг ўзидан келган мактубдан сўнг ошкор бўлган.

“Ўғлим ўзининг Америка қамоқхонасида экани ва тинч-омон экани ҳақида ёзган эди”, дер экан Одина Ҳамидова шундан сўнг ундан ҳар 3 – 4 ойда мактуб олиб турганини айтди.

Мактубларни йиғиб, қайта-қайта ўқиб юрган она 2008 йилнинг август ойига келиб Халқаро қизил хоч ташкилоти кўмагида у билан телефон орқали гаплашишга ҳам муваффақ бўлган.

- 15 августда бир марта гаплашдим¸ 5 декабрда иккинчи марта гаплашдим. Соғлиғи яхши экан. Гап-сўзимиз шу оиладаги янгилик¸ қариндош-уруғлардаги янгилик бўлди холос.

Озодлик: Қамоқхонадаги шароитдан гапирмадими?

- Йўқ¸ унақа нарсалар гапирилмас экан. У ëқда ëнида одам ўтирар экан. Биз ўзимизга яраша гапимизни гапиришимиз керак экан.

“Биз ўз юртимизда доим назорат остида юрган бўлсак, ўғлим у ердаги қамоқхонада назорат остида экан, телефон орқали фақат ҳол-аҳвол сўрашга рухсат беришди, холос”, дейди Одина Ҳамидова.

Ҳали 14 ёшли гўдаклигида Ислом илмини ўрганаман, деб уйдан чиқиб кетган Шоҳруҳ Ҳамидовнинг кейинги ҳаёти ҳақида отаси ва онаси билган бор гап шу.

Улар тезроқ қалбларини тумандек қоплаган мавҳумликнинг ёзилишини ва ниҳоят ўғлини бағрига босишни истайди.

Аммо, Ўзбекистон ҳукумати 1990 йиллардан буён бу оилани ўз тазйиқига олган. Сабаб эса шу оиланинг аъзоси, Шоҳруҳнинг амакиси, Қаҳрамон Ҳамидовнинг мухолифатчилик ҳаракати ва фаол диндорларни мамлакатдаги муаммоларни диний йўли билан ечишга чорлаганидир.

Қаҳрамон Ҳамидов совет иттифоқи ҳукмронлигининг сўнгги йиллари – қайта қуриш даврида мухолифатчилик фаолиятини бошлаган ва 1987 йилда “Одамийлик ва инсонпарварлик” номли ташкилот тузган. Аввалига ижтимоий-иқтисодий ва экология соҳасидаги муаммоларга қарши курашган бу ҳаракат¸ кейинчалик тамомила диний ўзанга бурилган.

1991 йилдан кейин эса мустақил Ўзбекистон тахтига мустаҳкам ўрнашиб олган президент Каримов режими Ҳамидовлар оиласини тазйиққа олган. Қаҳрамон Ҳамидов ва унинг ортидан қолган ака-укалар, шу жумладан, Равшан Ҳамидов ҳам қамалиб чиқди.

Аммо, Қаҳрамон Ҳамидовнинг қамоқдан жасади келди. Ҳали озодликка чиқмаган Ҳамидовлар эса кўпчилик. Одина Ҳамидова гапиради.

- Ҳозирги кунда 3-4 та қайноғаларим¸ жиянларим ҳаммаси қамоқда. Хуршид деган жиянимизни ҳеч нимада айби йўқ бўлса ҳам амакисига қўшиб қамаб юборди. Муддати тугаган бўлса ҳам қўшиб бераяпти¸ дейди Одина Ҳамидова.

Шунинг учун ҳам Одина Ҳамидова нотаниш кимсалар қўлига тушиб, Ўзбекистондан олиб кетилган ва охир-оқибат, Гуантанамо қамоқхонасига тушиб қолган ўғли озод бўлса, Ўзбекистонга қайтарилишидан хавотирда.

“Американинг янги президенти агар ўғлимни озод қилса, уни Европага жўнатсин”, дейди шу кунларда хориж матбуоти оғзини пойлаб яшаётган она.

- Агар ўзимизнинг давлат қамамайдиган бўлганда эди¸ мен уни ўзимизнинг давлатга келишини хоҳлардим. Лекин келса, қамаса керак. Мени буларга ишончим йўқ. Ўғлим Ўзбекистонга келмасин. Бу ерга келиб калтакнинг остида қолишини истамайман мен.

Менга унинг соғлиғи керак. Қаерда бўлса ҳам соғ-саломат бўлса бўлди. Умри узоқ бўлсин. Мен шуни хоҳлайман¸ холос.

Агар Европаси тинч бўлса, ўша ерга кетсин. Мен телефонда бўлса ҳам гаплашиб турсам бўлди, дейди ҳозир Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган ўзбекистонлик маҳбус Шоҳруҳ Ҳамидовнинг онаси Одина Ҳамидова.
XS
SM
MD
LG