Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:46

"Муросадан бошқа йўл йўқ"


Афғонистон президенти Ҳамид Карзай мамлакатда осойишталикка эришиш учун Толибон билан муроса бориш керак, деб ҳисоблайди.
Афғонистон президенти Ҳамид Карзай мамлакатда осойишталикка эришиш учун Толибон билан муроса бориш керак, деб ҳисоблайди.

АҚШ вице-президенти Жозеф Байден ўз мамлакати Афғонистонда етишиш мумкин бўлган мақсад учун курашаётганини айтиб, халқаро ҳамжамиятни кўмак ва маслаҳатга чорлади.

Янги президент Барак Обаманинг сўнги чиқишларидан АҚШ нинг Афғонистондаги амбициялари даражаси анчагина пасайганини пайқаш мумкин.

Шанба куни Мюнхенда бошланган хавфсизлик масалаларига бағишланган халқаро анжуманда АҚШ расмийлари Афғонистонда қўлга киритиш мумкин бўлган мақсадлар учун курашаётгани ва бу давлатда барқарорликни ўрнатиш йўлидаги амалиётларни чеклаш ниятида эканидан сўзлади.

АҚШ расмийлари баёнотларидан “Афғонистон ўз келажагини ўзи ҳимоя қилиши мумкин”, деган маъно сезилар эди. Бу гал Америка расмийлари авваллари баланд пардаларда айтилган “Афғонистонда демократия ва қонун устиворлиги учун кураш” мазмунидаги шиорларни деярли тилга олмади.

Жумладан, вице-президент Жозеф Байден: “АҚШ маъмурияти Афғонистонда барқарорлик учун курашни давом этдиради. Бу давлат террорчилар учун жаннат эмас”, деб таъкидлади.

Шунингдек, у "Покистондаги вазиятни ҳам назарда тутмас эканмиз, Афғонистонда бирорта стратегия иш бермайди", деди.

Икки давлат ўртасидаги тоғли ҳудудлар Толибон ва Ал-Қоида учун бошпана бўлиб қолмоқда. АҚШ вице-президенти халқаро жамоатчиликни Покистоннинг қабилалар назорати остидаги ҳудудини барқарорлаштириш ва мамлакат иқтисодини кўтаришда ёрдам беришга чақирди.

Жозеф Байден АҚШ президенти Афғонистон ва Покистонга оид стратегияни қайта кўриб чиқиш ҳамда у ердаги мақсадлар аниқ ва амалий эканига ишонч ҳосил қилиш ҳақида кўрсатма берганини айтди.

Мюнхендаги анжуманнинг иккинчи кунида сўзга чиққан АҚШ президенти миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жеймс Жонс ҳам буни такрор тилга олди.

-Ойдинки, ўтган давр мобайнида Афғонистондаги муаммолар фақат бир давлатга тегишли эмаслигини кўрдик. Бу ерда минтақавий муаммолар занжири мавжуд. Менимча, стратегик жиҳатдан минтақадаги барча давлатлар бу муаммолар ҳақида бирдек қайғуриши лозим,- деди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жеймс Жонс.

Байден ва Жонс АҚШ маъмурияти айни пайтда ўзнининг НАТО доирасидаги ҳамкорларидан ҳам маслаҳат ва кўмак кутаётганини таъкидлади.

АҚШ ҳукумати кейинги икки йил ичида Афғонистондаги халқаро қўшинлар сонини яна 30 минг ҳарбийга кўпайтирмоқчи. НАТО га аъзо Европа давлатлари ҳам бу жараёнда иштирок этиши кутилмоқда.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай эса Мюнхендаги халқаро анжуманда дунё ҳамжамиятини мамлакатни ривожлантириш ва хусусан, Толибон билан муросага эришишда ёрдам беришга чақирди.

-Ҳозир кўзланган мақсадга эришмоқ учун муросадан бошқа йўл йўқ, - деди Афғонистон президенти.

Айни пайтда Карзай Ал-Қоида ёҳуд бошқа террор тармоғига аъзо бўлмаган толибларни Афғонистонга қайтишга ҳамда август ойида бўладиган президентлик сайловида қатнашиб, ўз мақсади учун қонуний йўл билан курашишга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG