Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:42

Расм - русумлик ислоҳот


Деҳқонлар¸ президентнинг янги қарори уларга пахта каби ерга ва сувга оғирлик қиладиган экинлар диктатидан қутилиш имконини беришига умид қилмоқдалар.
Деҳқонлар¸ президентнинг янги қарори уларга пахта каби ерга ва сувга оғирлик қиладиган экинлар диктатидан қутилиш имконини беришига умид қилмоқдалар.

Ўзбекистон президенти деҳқончиликка оид яна бир ҳужжатга имзо чекди. Аммо қоғозда қарийб мукаммал кўринадиган бу ҳужжатнинг амалда қанчалар ишлаши яна савол остида қолмоқда.

“Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва ички бозорни тўлдиришга оид қўшима чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарор президент томонидан имзолангани ҳақида ҳозирча Россиянинг “Регнум” агентлиги хабар қилмоқда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб тарқатилган хабарга кўра, ҳужжатда 2009 йилдан бошлаб, республика экин майдонларининг анчагина қисмига мамлакат ички бозорида эҳтиёж катта бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари олиш мумкин бўлган мойли ўсимликлар, қора экинлар ва узум экиш ҳамда бу маҳсулотлардан вилоятларнинг ўзида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш назарда тутилган.

Ҳозирданоқ республикадаги экин майдонларининг тегишли қисми кунгабоқар, маккажўхори, картошка, қора экинлар экиш учун ажратиб бўлинган. Маҳаллий деҳқон-фермерларга эса тез орада улар етиштирган маҳсулотларни харид қилиб олувчи ва қайта ишловчи кичик корхона, мини заводлар қурилиши ваъда қилинмоқда.

Давлат режаси асосида ҳар йили фақат пахта ва буғдой экиб келаётган ўзбекистонлик деҳқонларнинг кўпчилиги бундай қарорни олқишламоқда.

Бунинг сабабини, биз билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик фермерлар шундай изоҳлади.

- Ўзимнинг еримни оладиган бўлсам пахтага зўрлик қилиб кетаяпти. Ер маккажўхорини¸ полиз экинларини¸ кунгабоқарни кўтаради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириб ишлашдан жуда ҳам хурсандман¸ дейди биринчи фермер суҳбатдошимиз.

- Фермерларнинг қийинчиликлари анча енгиллашади. Айниқса¸ шўрланиб кетган ер майдонидан ҳеч қандай ҳосил ололмай қийналиб юргандан кўра¸ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари униб чиқмайдиган бўлса¸ ҳеч бўлмаса кунгабоқар экиб¸ ўша ердан маълум бир фойда кўрса бўлади¸ дейди навбатдаги фермер суҳбатдошимиз.

- Пахтанинг толасини ҳам сота олмаяпмиз. Пахтанинг нархи жаҳон бозорида ҳам тушиб кетган. Шунинг учун давлат йўлларини излаяпти¸ дейди учинчи фермер суҳбатдош.

Мамлакатда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш ҳажмини оширишни қувватлаётган бу деҳқонларни, айни пайтда баъзи муаммолар ташвишга солмоқда.

Биринчи муаммо, экин майдонлари яна деҳқонларнинг истакларига қулоқ солинмаган ҳолда, раҳбарлар томонидан тақсимланганидир.

Мисол учун, жиззахлик фермер Марвар Ортиқованинг ерида шўрланиш даражаси жуда ортиб кетган.

“Менинг еримда фақат полиз экинлари, маккажўхори ёҳуд кунгабоқардангина яхши ҳосил олиш мумкин”, деб ҳисоблаган фермер ҳукуматнинг янги қарорини эшитиши билан туман раҳбариларига мурожаат қилган эди.

- Ҳокимияга бориб “Бизнинг ер пахтага шўрлик қилаяпти. Кунгабоқар¸ озиқ-овқат маҳсулотлари экайлик” деб айтган эдик. Ҳокимга мурожаат қилсак “У ерга пахта ва ғалла қўйилган. Мен уни ҳеч қачон буза олмайман” деди. дейди жиззахлик фермер Марвар Ортиқова.

Eрлар аввалдан раҳбарлар томонидан фермер хўжаликларидаги ернинг бугунги аҳволи ва фермерларнинг истакларисиз тақсимлаб қўйилган.

“Ваҳоланки, ерга нима экса ҳосил яхши бўлишини йиллар давомида шу ерга экин экаётган деҳқондан яхши биладиган мутахассис йўқ”, дейди бу фермер аёл.

Яна бир муаммо эса, тавсия этилаётган экинларни етиштиришга деҳқон хўжаликларида тажриба ва имкон етишмаслигининг инобатга олинмаётганидир.

Қорақалпоғистонлик фермерлардан бирининг айтишича, мисол учун, бу республикада экиш буюрилган кунгабоқардан ўтган йили яхши ҳосил олинмаган.

- Олдинги йилдан бошлаб кунгабоқар экиш масаласи қўйилди. Одамларда тажриба йўқлиги учун ҳосил яхши бўлмаяпти.

Қорақалпоғистонда¸ умуман шўр тупроқли ерларда кунгабоқардан яхши ҳосил олиб бўлмайди. Аммо шунга қарамай, бу йил ҳам деҳқонлардан семичка, яъни кунгабоқар экиш талаб қилинмоқда, дейди қорақалпоғистонлик фермер.

Энг муҳими, мойли ўсимликлар ва полиз экинлари пахта ва ғалладан кўра кўпроқ сув ичади. Бу йил эса сувнинг кам бўлиши ҳозирдан маълум, дейди жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов.

- Қора экинга сув кўпроқ кетади. Масалан, пахта икки марта сув ичадиган бўлса¸ баъзи бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 4-5 марта сув ичади. Лекин бу йил ҳам сув масаласи оғир келаяпти.

Бугунги бўлиб ўтган йиғилишда ҳокимларнинг ўзлари “Тоғларда қор йўқ. сув масаласи оғир. Етарлича сувни йиққанимиз йўқ” деб очиқдан очиқ айтишаяпти. Бизга “12 февралда ëмғир ëғар экан. Шунинг учун ғаллага ўғит сепинглар” деб прогноз беришаяпти¸ дейди жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов.

Деҳқонларни хавотирга солиб турган асосий масала эса йиғиб олинадиган ҳосилнинг тақдири.

2009 йилнинг 1 июлидан бошлаб, жойларда етиштирилаётган озиқ-овқат ва мойли экинлардан маҳсулот ишлаб чиқарувчи кичик корхоналар ва мини заводлар йўлга қўйилиши айтилмоқда.

Маҳаллий амалдорлар бунинг учун катта миқдорда кредит ажртилишини ваъда қилмоқда.

Бироқ, Ўзбекистонда йиллар давомида деҳқонга ваъда қилинган кредитни олиш мушкул бўлган ва бундан кейин бирданига осон бўлиб қолишига ишониш қийин, демоқда биз билан суҳбатда бўлган фермерлар.

Жумладан, жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов кредит олиш учун катта тўсиқларни енгиб ўтиш керак, дейди. Энг асосий тўсиқ, норасмий тарзда ўрнатилган қоидага кўра, кредит миқдорига қараб белгиланган порадир.

- Жойларда шунақа тўсқинликлар бўладики¸ ўзининг расм- русумини қилмагунча кредит олиш қийин бўлади.

Озодлик: Расм -русум деганингиз порасида, шундайми?

- Энди бизнинг ўзбекчиликда шунақа айтиладида бу.

Демак, 2009 йилда ўзбекистонлик кўпчилик деҳқонлар янги қарор асосида, янгича тартибда, янги турдаги экинларни экишни бошлаётган бўлса ҳам, уларга муносабат эскилигича қолмоқда.

Деҳқонлар шу кунгача бўлгани каби ёппасига тепадан берилган буйруқ асосида, ер ва деҳқоннинг имконлари эмас, балки раҳбарлар раъйига кўра белгиланган тартиб билан ерга уруғ қадашга мажбурлигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG