Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:32

"Ер эгасини топиши керак!"


Фермер хўжаликларини йириклаштириш кампанияси оқибатида ўз қўл кучидан бошқа ишонгани йўқ деҳқонлар ердан мосуво қолган бўлса¸ йириклашган ерларга соҳиб бўлганларнинг ерни қанчалик билиши шубҳаларга сабаб бўлмоқда.
Фермер хўжаликларини йириклаштириш кампанияси оқибатида ўз қўл кучидан бошқа ишонгани йўқ деҳқонлар ердан мосуво қолган бўлса¸ йириклашган ерларга соҳиб бўлганларнинг ерни қанчалик билиши шубҳаларга сабаб бўлмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари ўтказган сўровдан аëн бўлишича¸ Ўзбекистондаги йирик фермерларнинг 55-60 фоизини собиқ амалдорлар ва куч ишлатар тузилмаларнинг собиқ ходимлари ташкил қилади.

Ўзбекистондаги Қийноқларга қарши тезкор гуруҳ ўзбекистонлик бир гуруҳ фермерлар ўртасида сўров ўтказиб, келган хулосаларидан бири бу.

Гуруҳ кузатувларига кўра, фермерларнинг бемалол ишлашига имкон бермаётганлар ҳам шу икки соҳа вакиллари – маҳаллий амалдорлар ва погонлилар бўлмоқда.

Дастлаб, сўровга оид айрим муҳим тафсилотлар.

Сўров Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Сурхондарё вилоятида ишлаётган 100 нафар деҳқон ўртасида, бевосита мулоқотлар ва телефон сўровлари орқали ўтказилган.

Сўров чоғида, жумладан, “Ҳозир нормал фаолият юритишингиз учун энг зарур шарт нима?” дейилган саволга иштирокчиларнинг 85 фоиздан кўпроғи “Амалдорлар бизни тинч қўйишсин”, деб жавоб беришган.

“Давлатдан биринчи галда қандай ёрдам бўлишини истардингиз?” дейилган саволга респондентларнинг 92 фоизи “Ерни ҳеч бир шартларсиз деҳқонга бериш ҳақидаги қонун” деб жавоб беришган.

Ўтказилган суҳбат ва тадқиқотлар натижасида пайдо бўлган асосий хулосалардан яна бири шуки, аксар деҳқон-фермерлар 2008 йили фермер хўжаликларини йириклаштириш бўйича қабул қилинган қарордан кўзланган бош мақсаднинг деҳқон устидан назоратни кучайтириш эканига ишонадилар¸ дейди тезкор гуруҳ вакили Суҳроб Исмоилов.

Суҳроб Исмоилов: 2008 йил кузда бошланган фермерларни йириклаштириш жараëни 2009 йилнинг бошида ҳам давом этаяпти ва мана шу жараëн ноқонуний¸ адолатсиз бўлган¸ қарорда ҳам кўрсатилган тартиблар бўйича амалга оширилмаяпти. Ҳақиқий аҳвол бундан ҳам баттар ҳолда амалга оширилаяпти.

Асосан йирик амалдорларнинг вакиллари¸ ҳуқуқ-тартибот органларига тегишли кишилар ва шаҳарликлар шу ерларга эгалик қилишмоқда. Бизнинг тадқиқотимизнинг асосий хулосаси мана шу. Бу ҳолат айнан йириклаштириш тўғрисида октябр ойида ҳеч қаерда эълон қилинмаган қарор қабул қилингандан кейин кўпайиб кетди.

Озодлик: Далаларда пахтадан яхши ҳосил олишдан деҳқон ҳам манфаатдор. Лекин бундан деҳқондан ҳам кўпроқ Ўзбекистон ҳукумати манфаатдорку. Ерни уқувсиз одамнинг қўлига беришдан мақсад нима?

Суҳроб Исмоилов: Ерни ишлатишга уқуви бўлмаган¸ аммо пули бор шахсларга берилаëтганининг асосий сабаби бу коррупция. Битта ерга оддий деҳқоннинг ичидан 2-3 та талабгор ва яхши бой- бадавлат¸ амалдор одамдан талабгор чиқса¸ албатта бой - бадавлат ëки амалдор бўлган шахс ютиб чиқади. Бу ҳозирги қонунлар ҳурмат қилинмайдиган шароитларда ҳаëтнинг ўзи кўрсатадиган нарса.

Биз бунинг давлат томонидан атайлаб юрғизилаëтган сиëсат эмаслигини тадқиқотимизда ҳам айтаяпмиз¸ ўзимиз ҳам ҳозир таъкидлаяпмиз. Масаланинг иккинчи томони¸ давлатнинг бу нарсага қўйиб бераëтганида.

Агар ерлар йириклашса¸ бу ерларнинг эгалари давлат мансабларига қанчалик яқин бўлмасин¸ қанчалик бой -бадавлат бўлмасин уни бошқариш осонлашади. Йириклаштириш тўғрисидаги қарор ер эгаларини бошқаришни¸ уларни давлат йўриғига солиб қўйишни осонлаштириш мақсадида ҳам чиқарилган.

Озодлик: Сўров жараëнида фермерларнинг фикрига асосан ишлаб чиқилган хулосаларни келтирибсизлар. Якуний хулоса ëки тавсия нима бўлди энди?

Суҳроб Исмоилов: Биринчи навбатда¸ биз бу сўровни Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили давлат дастурига бағишлаб ўтказдик. Бу дастур жуда катта ва 56 бетдан иборат. Биз дастурнинг катта бўлимларига ўз изоҳларимизни киритдик.

Чиқараëтган асосий хулосамиз шундан иборатки¸ бир йилга ëки икки йилга эълон қилинадиган дастурлар билан бунақа муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Бизнинг тадқиқотдан чиқараëтган асосий хулосамиз фермерларга ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳаларига мустақиллик бериш.

Озодлик: Бу Ўзбекистон шароитида амалга ошадиган ниятмикан?

Суҳроб Исмоилов: Фикрингиз жуда ҳам тўғри. Бу ҳозирчалик ният. Биз аминмизки¸ бизнинг бу тавсияларимизга давлат қачон бўлса ҳам эътибор беришга мажбур бўлади. Чунки бунинг бошқача йўли йўқ. Бу тарихда бир неча марта тасдиқланган факт. Ер барибир ўз эгасини топиши керак.
XS
SM
MD
LG