Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:24

Ўзбекистон - интернет душмани


Дунëдаги интернет душмани тамғаси босилган 12 давлатдан бири бўлган Ўзбекистонда мустақил сиëсий-диний ва ахборот сайтларининг барига тўсиқ қўйилган.
Дунëдаги интернет душмани тамғаси босилган 12 давлатдан бири бўлган Ўзбекистонда мустақил сиëсий-диний ва ахборот сайтларининг барига тўсиқ қўйилган.

Интернет эркинлигини муттасил кузатиб келаëтган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти бу йил ҳам Ўзбекистонни шундай номланадиган ўз қора рўйхатида қолдирди.

“Интернет душманлари” ҳисоботининг муаллифи “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг интернет эркинлиги бўлими раҳбари Кладилд Ле Коз “Интернет душманлари” рўйхатига Ўзбекистоннинг мутлақо асосли равишда киритилганини айтади.

- Ўзбекистоннинг интернет душмани эканига мутлақо аминмиз. Бу нафақат мамлакатда кўплаб сайтларнинг блок қилингани ва ҳукуматнинг сўз эркинлигини чеклаши билан, балки жамиятдаги муҳит ҳамда танқидий фикрни билдиришга журъат этадиган одамларга нисбатан тоқатсизлик билан ҳам боғлиқдир¸ дейди Кладил Ле Коз.

Ўзбекистон ҳукумати 2008 йилда мамлакатда интернет фойдаланувчиларининг сони 2 миллион кишидан ортиб кетганини эълон қилди.
Аммо “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига кўра, аҳоли сони нисбатида бу жуда ҳам арзимаган кўрсаткичдир. Мамлакатда ҳукуматни танқид қилувчи сайтларнинг блок қилингани расман эътироф этилмайди.

“Аммо сиёсий сайтларни "зиёрат" қилганлик учун солинадиган жарима порнографик сайтларга кирганлик учун белгиланадиган жаримадан кўра кўпроқдир” дейди Ўзбекистонда блок қилинган www.ferghana.ru интернет сайтининг бош муҳаррири Даниил Кислов.

- Интернет кафедаги бир эълон ёдимга келади. Эълонга кўра, порнографик сайтларга кириш 15 минг сўмлик жарима билан жазоланса, сиёсий сайтларга кирганлар эса 25 минг сўмга жаримага тортиладилар. Бу Ўзбекистонгагина хос бир чеклашдир¸ дейди Даниил Кислов.

Интернет цензураси Ўзбекистонда ҳукуматга нисбатан танқидий руҳда бўлган алоҳида сиёсий сайтлар ёки блогларни блок қилиш билан чекланмайди.

Ўтган ойда Ўзбекистоннинг интернетни чекловчи расмий идоралари Тошкентда жиноий авторитет сифатида танилган Салим Абдувалиевни ҳимоя қилиб, у ҳақда тайёрланган танқидий фото репортажни чеклаш учун www.Livejournal.com блоггерлар платформасига тўсиқ қўйди. Бунақасини фақат Ўзбекистонда учратиш мумкин¸ дейди ўзбек блоггерлари ҳаракатининг фаоли Зоҳидбек.

- Ўзбекистон блогларни бекитаяпти. Livejournal (www.livejournal.com назарда тутилмоқда – таҳр.) деган дунëга машҳур блог платформаси бор. Яқинда шу платформани Ўзбекистон бир ҳафтага ëпиб қўйди. Бу сафар эса ҳамма блогларни ëпиб қўйди. Мен буни нотўғри иш деб ўйлайман¸ дейди Зоҳидбек.

Ўзбекистон ҳукумати мустақил сиёсий сайтларга блок қўйилганини инкор этиб, уларнинг гўё мавжуд эмаслигини даъво қилгандай бўлади. Аммо бу сайтларда пайдо бўлаётган танқидий мақолаларга ҳукуматнинг ахборот урушини бошлаганини қандай изоҳлаш мумкин?!

- Сўз эркинлиги мавжуд бўлмаган бугунги вазиятда айтилган ҳар қандай танқидий сўз ўта кучли таъсир кучига эга бўлаяпти. Аслида ахборотнинг ҳаддан зиёдлиги шароитида одамлар учун танқиднинг қизиғи йўқолади¸ дейди Ўзбекистонда таъқиқланган www.uznews.net интернет сайтининг бош муҳаррири Галима Бухорбоева.

Айнан шундан келиб чиққан ҳолда, оддий ўзбекистонликларнинг интернет қудратига бераётган баҳоси ҳам ўзгачадир, дейди мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

- Масалан ўзи интернет нималигини тушунмайди. Интернетга чиқса¸ Каримов ўқирмиш¸ Каримовнинг сайтига ташлаб юборинг¸ деб менга масалан тўрт-беш киши мурожаат қилади. Каримов фақат интернет кўрармиш¸ бошқа нарсага қарамас эмиш деб одамлар афсоналар тўқиб юришади.

Интернетга ëзиб¸ йўқ қилиб юбораман¸ дейдиганлар ҳам бор. Интернет бир бирини қўрқитиш воситасига айланиб бораяпти. Илгарилари партияга ëзаман¸ деган бўлса¸ ҳозир интернетга ëзаман деяпти¸ дейди мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

Бугун Ғарб давлатлари сўз эркинлиги аҳволи учун Ўзбекистонни танқид этар экан, айнан улардан олинган пуллар ва махсус жиҳозлар Ўзбекистонда интернетни чеклаш имконини берганини ҳам унутмаслик керак, дейди Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Икром Ёқубов.

- Биринчидан¸ АҚШ айнан ўша информацион технологиялар орқали бўладиган террористик ҳаракатларнинг олдини олиш учун Ўзбекистон ҳукуматига жуда катта миқдорда маблағ берган. Бу оборудованиеда ўзим ишлаганман.

Иккинчидан¸ НАТО кибер терроризмга қарши¸ деган пункти бор эди. Ўша бўйича Ўзбекистон НАТО дан ҳам пул олган.

Учинчидан¸ Ўзбекистон Германиядан ҳам пул олган.

Қаранг¸ Ғарб технология берди¸ маблағ берди. Ғарб балки бу ерда терроризмга қарши курашиш масаласида ëки хавфсизликни кучайтириш масаласида маблағ бергандир¸ лекин Ўзбекистонда бунинг аксини қилишди.

Ўзбек ҳукумати бу технология ва маблағлардан фойдаланиб оммавий ахборот воситаси энг кўп фойдаланадиган ва назорат қилиб бўлмайдиган интернетни тўлиқ назорат остига олди ва мамлакат аҳолисининг интернетга бўлган доступини чеклаш йўлида фойдаланди ва фойдаланиб келмоқда¸ дейди Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ ходими Икром Ëқубов.

Ниҳоят¸ Ўзбекистонда интернетни чеклаш учун масъул кўриладиган президент Каримов “ўзига хос ва ўзига мос” тарзда интернетни мутлақо ёпиб бўлмаслигини шу тарзда баëн қилган эди.

- Интернет бу – катта бир магазин. Шу магазинга борганда одам хоҳлаган нарсасини сотиб олади. Интернетни ëпиб қўйиш бу мутлақо ахмоқона фикр. Буни ëпиб бўлмайди. Кимки шунга уринадиган бўлса¸ у қип-қизил ахмоқ¸ деган эди Ислом Каримов.
XS
SM
MD
LG