Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:45

Касодга етаклаганлар учун...мукофот?


AIG , Обама фикрича¸ бошқарувчилари калтабинлиги ва нафси боис молиявий жар ёқасига келиб қолди
AIG , Обама фикрича¸ бошқарувчилари калтабинлиги ва нафси боис молиявий жар ёқасига келиб қолди

Касодга учрамаслик учун солиқ тўловчилар пулидан катта миқдорда ёрдам олган АҚШдаги энг йирик суғурта компаниясининг ўз бошқарувчиларига катта миқдорда мукофот пули ажратгани оддий америкаликларни ғазабга келтирди.

Президент Барак Обама йирик суғурта компанияси раҳбариятининг ширкат бошқарувчиларини мукофотлаш тўғрисидаги қарорини жамоатчилик учун “ҳақорат”, дея атади.

Шундай дер экан Обама, бу масала нафақат пул, балки фундаментал қадриятлар билан боғлиқ эканини урғулади. У айнан Америка халқаро гуруҳи - AIG корпорациясини тилга олиб, бу ҳолда америкалик солиқ тўловчилардан ўзини бу тариқа тутган компанияларга ёрдам беришни қай юз билан сўраш мумкин, дея танбеҳ берди.

- Бу корпорация ўзининг калтабинлиги ва нафси боис молиявий жар ёқасига келиб қолди. Шу вазиятда яна AIG даги қимматбаҳо қоғоз савдогарларининг ўз номига 165 миллионлик мукофотни қандай қилиб ҳужжатлаштириб олганини тушуниш жуда қийин.

Улар бу ҳақоратни ўзини чўкишдан сақлаб қолаётган солиқ тўловчиларга қандай қилиб тушунтириб беради, деди президент Барак Обама.

Президент, шунингдек, Молия вазири Тимоти Гайтнерга шу вақтга қадар ўз бошқарувчиларига тўлаган мукофот пулларини қайтариб олиш йўлларини аниқлашни топширганини айтди.

- Сўнгги олти ой ичида AIG АҚШ ғазнасидан каттагина маблағ олди. Мен вазир Гайтнердан барча имконият ва ҳуқуқий воситаларни ишга солиб, ана шу мукофотлар йўлини тўсишни сўрадим, деди АҚШ президенти.

Шунингдек, Обама америкалик солиқ тўловчиларнинг яна шундай қийин аҳволга тушмаслигига амин бўлиш учун бошқарув тизимини ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги бошқарув тизими жуда заиф. Шу боис, уни мустаҳкамлаш масаласини Конгресс билан муҳокама қилиш ниятида эканини билдирди президент Обама.

Президент Обаманинг етакчи маслаҳатчиси Дэвид Акселрод “Ассошиэйтед пресс” агентлигига берган интервьюсида мукофот пуллари борасида жамоатчиликда туғилган ғазаб президент маъмуриятининг мамлакат иқтисодини инқироздан олиб чиқиш ҳаракатларини издан чиқариши мумкинлигидан хавотир қилмоқда.

Акселроднинг сўзларига кўра, миллионлаб фуқароларнинг ғазабланишида асос бор. Чунки улар бу каби йирик корпорацияларнинг масъулиятсизлиги ва “баъзи шахслар пулни ҳамёнга ургани”га кўп бор гувоҳ бўлган.

Молиявий ташкилотларни инқироздан олиб чиқишга қаратилган федерал қутқарув режасининг ўзи ҳам америкалик сайловчилар томонидан у қадар маъқуллангани йўқ. Чунки, миллиардлаб доллар миқдоридаги маблағ чўкиб бораётган банк ва корпорацияларга сарфланаётган паллада оддий америкалик фуқаролар ишидан айрилиб, бошпанаси учун тўлагани пул тополмай юрибди.

Шу кунга қадар федерал бюжетдан 170 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёрдам олган Америка халқаро гуруҳи инқироздан тўлиқ чиқиши учун яна ёрдамга муҳтож.

Ташкилотга яқинда ижрочи директор бўлган Эдвард Лидди эса ширкат бошқарувчилари билан тузилган шартнома шартларига кўра, 2008 йилги мукофотларни тўлашга мажбурлигини айтмоқда. Аммо, Гайтнерга ёзган мактубида Лидди 2009 йилда бундай мукофотлаш тизимини ўзгартиришни ваъда қилмоқда.

Дэвид Акселрод Америка халқаро гуруҳи корпорациясига бўлаётган босимни кўриб, ширкат бошқарувчилари ўз ихтиёри билан мукофот пулини қайтариб берар, деган умидни тилга олди. Бироқ, ҳозирча ширкат бошқарувчиларининг бунга ишорат берувчи бирор бир ҳаракати сезилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG