Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:53

АҚШ Молия вазирлиги таваккал қилмоқчи


АҚШ Молия вазири Тимоти Гайтнер мамлакатдаги хусусий сектор эгаларини мамлакат банкларини қарз ва қимматбаҳо қоғозлар муаммосидан қутқариб қолиш режасини амалга оширишда ёрдамга чақирди.
АҚШ Молия вазири Тимоти Гайтнер мамлакатдаги хусусий сектор эгаларини мамлакат банкларини қарз ва қимматбаҳо қоғозлар муаммосидан қутқариб қолиш режасини амалга оширишда ёрдамга чақирди.

АҚШ Молия вазирлиги мамлакат банкларини касодга етаклаётган 1 триллион доллар миқдоридаги қарз ва қимматбаҳо қоғозлар муаммосидан қутқариш режасига оид тафсилотларни маълум қилди.

АҚШ ҳукумати “Давлат-xусусий сармоя дастури” орқали бутун молия тизимини фалаж қилган қимматбаҳо қоғозларни сотиб олади.

АҚШ Молия вазири Тимоти Гайтнерга кўра, АҚШ ҳукумати мамлакатдаги хусусий сектор эгаларини бу режани амалга оширишда ёрдамга чақирмоқда.

Режага мувофиқ, махсус “Давлат-xусусий сармоя дастури” ташкил этилади. Номидан ҳам кўриниб турганидек, хусусий сармоядорлар, шу жумладан, катта миқдордаги жамғарамалар ҳам режага жалб этилади.

АҚШ Молия вазирлигининг бу дастур бошланғич амалиёти учун 75 миллиарддан 100 миллиардга қадар маблағ ажратиши ҳамда молиялаш учун зарур бўлган кам фоизли давлат ссудалари бериши айтилмоқда.

Дастур асосида йиғилган инвестицион жамғарма давлат ва хусусий сектор маблағига банкларнинг молиявий инқирозни келтириб чиқарган 500 миллиарддан 1 триллион долларгача бўлган қийматдаги активларини сотиб олади.

Дастурдан кўзланган мақсад, вазир Тимоти Гайтнер таъбири билан айтганда, молия тизимини уни заҳарлаб турган қимматбаҳо қоғозлар юкидан қутқариш ҳамда кредит тақчиллигини орадан кўтаришдир.

Кейинчалик эса ушбу активлар учун янги бозор яратилиши ҳам кўзда тутилган. Муаммо бўлиб турган қимматбаҳо қоғозлардан фориғ бўлган банклар эса яна янгидан иш бошлаши мумкинлигига умид қилинмоқда.

Бу ғоя кўпчилик мутахассислар учун таниш. Бу ғоя аввалги молия вазири бўлган Ҳенри Полсон томонидан илгари сурилган “Касодга олиб келувчи қимматбаҳо қоғозлардан қутулиш дастури”ни ёдга солмоқда. Гайтнер илгари сурган ҳозирги режа асосида эса бу ташаббусга 75 ёки 100 миллиард долларлик ёрдам киритилган.

Гайтнер бу режа ҳақида сўзлай туриб, ўзининг имкон қадар очиқ гапирмоқчилигини айтди:

- Бу стратегия кaттa миқдорда пул талаб қилади. Бу эса ўзига яраша катта таваккал ҳамда унинг амалиёти ҳам вақт талаб қилади.

Бироқ бу саъй-ҳаракатлар қанчалик қиммат бўлмасин, молиявий тизимимизнинг якуний инқирози оилалар, тадбиркорлар ва халқимиз учун бундан-да қимматга тушишини ҳаммамиз яхши биламиз, деди АҚШ Молия вазири.

Гайтнернинг бу режа хусусида феврал ойида қилган чиқиши аслида сармоядорлар томонидан илиқ кутиб олинмаган эди.

Айни пайтда бу режа билан боғлиқ кўпгина масалалар ҳануз мавҳум қолаётгани ва ҳали расман қабул қилинмаганига қарамасдан, душанба куни фонд биржаларида банк активлари нархининг кескин ўсиши кузатилди.

Бироқ эълон қилинган ушбу режага оид очиқ қолаётган саволлар талайгина. Жумладан, "Асосий қисми тўланмай қолган ипотека қарзларига боғланган қимматбаҳо қоғозларга қандай нарх бичилади, бунда хусусий сектор вакиллари иштироки қандай бўлади?" каби саволлар шулар жумласидан.

Ҳозирча “BlackRock” менежмент компанияси бу режа амалиётида иштирок этиш ниятини билдирди. Аммо, бошқа йирик хусусий компаниялар, айниқса, AIG каби мукофотлар бобида жамоатчилик танқидига учраган компаниялар режага унча рўйхушлик бераётгани йўқ.

Охир-оқибатда бу режани амалга ошириш яна солиқ тўловчиларнинг пули эвазига бўлишини айтиб, уни танқид қилаётганлар ҳам бўлмоқда. Жумладан, Нобел мукофотининг иқтисодий йўналиш бўйича лауреати Пол Кругман буни "собиқ Молия вазири Полсон режасини қайта тиклашга уриниш", деб баҳолади.

Полсон режаси ўз вақтида “пулларни ҳавога совуриш”, деб баҳоланган ва танқидлар остида рад этилган эди.

- Банк активларини сотиб олиш билан банкларни қутқаришга уриниш, кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас, деди Пол Кругман.

Унинг фикрича, ҳозир молиявий инқироздан чиқишнинг энг тўғри йўли, гарчи ўта радикал кўринса ҳам – аста-секинлик билан тўлов қобилиятини йўқотган банкларни миллийлаштириш, яъни давлат тасарруфига ўтказишдир.
XS
SM
MD
LG