Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:37

Президент омонатларни кафолатлади


Ўзбекистонда халқ маблағини банкларга жалб этишга қаратилган уринишларнинг ҳозирча қандай самара бераëтгани номаълум.
Ўзбекистонда халқ маблағини банкларга жалб этишга қаратилган уринишларнинг ҳозирча қандай самара бераëтгани номаълум.

Ўзбекистон президенти молиявий инқироз даврида аҳолининг банкка ишончини мустаҳкамлаш мақсадида фуқароларнинг банклардаги омонатлари ҳимоясини тўлиқ кафолатлаш тўғрисида қонун имзолади.

Президент Каримов “Фуқароларнинг банклардаги омонатлари ҳимояси кафолатлари тўғрисидаги” қонуннинг 10- моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб “Регнум” агентлиги.

Ўзгартирилган қонунга мувофиқ энди фуқароларнинг банкка қўйган ўз омонатларини исталган вақтда, жумладан, банк синган тақдирда ҳам тўлиқ қайтиб олиши ҳукумат томонидан кафолатланди.

Бу ҳақда “Регнум” агентлигига маълумот берган президент матбуот хизмати омонатлар ҳимояси кафолати учун 2002 йилда республикада ташкил қилинган Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш жамғармасини тилга олган.

Аҳоли омонатларини 100 фоиз кафолатлаш маъсулияти юкланган жамғарма ана шу бўйи баланд бинода жойлашган.
Яъни, фуқаро омонатини қўйган банк банкрот бўлса, унинг омонатини шу жамғарма қайтариб беради.

Бу жамғарма қандай қилиб фуқаролар омонати ҳимоясини 100 фоиз кафолатлаши мумкин, деган савол билан биз жамғармага сим қоқдик.

Жамғарманинг овозини ёзиб олишимизни истамаган ходимига кўра, Ўзбекистондаги банклар бу жамғармага ҳар чоракда бир бор ўзида мавжуд жами омонатларнинг 0,5 фоизи миқдорида тўлов тўлайди.

- Яъни содда айтганда, шу тариқа банкларнинг ўз омонатчилари олдидаги мажбуриятлари суғурталанади. Банк омонатни қайтара олмаган пайтда, масалан синганда, омонатчининг ҳаққини жамғарма қайтиб беради, деди жамғарманинг овозини ёзиб олишимизни истамаган ходими.

Аввалги қонунда энг кам иш ҳақининг 100 баробари ҳажмидаги омонатнинг 100 фоизини, агар бундан кўп бўлса, энг кам иш ҳақининг 250 баробари миқдоридаги омонатнинг 90 фоизини қайтиб олиш кафолатган эди.

- Энди эса омонатчи банкка қанча пул қўйган бўлса, қандай турдаги валютада қўйган бўлса, шундай ҳолда тўлиқлигича қайтариб олиши кафолатланди, деди Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш жамғармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Бу бутун дунёда молиявий инқироз кучаяётган, ҳатто, 100 – 150 йиллик банклар ҳам ўз мижозлари олдида ерга қараб қолаётган бир пайтда эшитган қулоққа яхши гап.

Аммо, бу механизм қандай ишлайди?

Дунёдаги молиявий инқироз банкларни бирин-кетин эмас, бирваракайига исканжага олаётганини кузатилаяпти. Агар инқироз Ўзбекистонга ҳам етиб келиб, банклар синса, жамғарама ҳам инқирозга кириб кетиши мумкинку?! У ҳолда жамғарманинг ўз ҳимояси кафолатланганми?

Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати омонатларнинг ҳимояланганига кафолат қилиб кўрсатаётган жамғармадан бу саволларимизга жавоб ололмадик.

Кейин саволларга жавоб излаб, Тошкент шаҳридаги бир неча банкка сим қоқдик. Жумладан, Асака банкининг Тошкент шаҳридаги филиалларидан бири ходими саволларимизга шундай жавоб берди.

- Кафолатланганлиги тўғри¸ ҳақиқат. Қўйсангиз¸ ҳеч қандай тўсиқларсиз¸ ҳеч қандай муаммоларсиз хоҳлаган пайтда олишингиз мумкин.

Озодлик: Дейлик мен 10 миллион сўм пулимни омонатга қўйдим. Мана ҳозир кўриб турибмиз дунëдаги катта-катта банклар инқирозга юз тутаяпти. Одамлар пулига куйиб қолаяпти.

- Сиз айтган банклар¸ унисини тушунмадим¸ лекин ҳозир ҳар хил омонатлар чиққан. Хоҳлаганингизга қўйишингиз мумкин. Пулингизни хоҳлаган пайтингизда нақд қўйган бўлсангиз¸ нақд ола оласиз.

Озодлик: Бунга қандай ишонса бўлади?

- Мана ҳама қўйиб¸ олиб ëтипти. Президентнинг фармони бор¸ мажбурий берилади.

Озодлик: Худо кўрсатмасин банк инқирозга учраб қолса¸ омонатни ола олишим нима билан кафолатланади? Шунақа бўлиши мумкинку тўғрими?

- Сизга қандай жавоб бериш¸ тўлиқ жавоб бериш керакда. Сиз каттароқ нимага мурожат қилсангиз бўларкан. Биз оддий ходиммиз.

Озодлик: Масалан исталган омонатчи келиб сизга шу саволни бериши мумкинку.

- .............(ходим бу саволдан кейин гўшакни қўйиб қўйди)

Асака банкининг Тошкент шаҳридаги филиалларидан бирининг ходими билан қайта боғлана олмадик.

Шу тариқа Тошкент шаҳридаги бошқа банклар ходимлари билан суҳбатларимиз чоғида ҳам биз омонатимизни банкка обориб қўйсак, исталган вақтда қайтариб олиш имкони кафолатланганига ишона олмадик.

Банк ходимлари нақд пул тақчиллиги, пул тушумларининг ўз эгаларига вақтида берилмаслиги, хорижий валюта тақчиллиги каби муаммолар ҳақида сўзлашдан бош тортдилар.

Биргина Ўзбекистон Саноат қурилиш банкининг Ҳамза туманидаги филиали омонат касса бўлими мудири Ирина Айитқулова барча саволларимизга жавоб берди.

Биринчидан, деди Ирина Айитқулова, банклар жамғармага тўлов тўлашга мажбур.

- Чунки, жисмоний шахсларнинг омонатлари билан ишлайдиган ҳамма банклар Марказий банкдан лицензия олиш учун Аҳоли омонатларини кафолатлаш жамғармасига аъзо бўлиши шарт, дейди Ирина Айитқулова.

Демак, жамғармага йиғиладиган маблағ тайин. Ҳозирги вақтда Республикада фаолият юритаётган 29 та банк — ҳоҳ давлат тасарруфидаги, ҳоҳ шахсий банк бўлсин — ҳар уч ойда бир бор ўз банкидаги омонатлар умумий миқдорининг 0,5 фозини бу жамғармага мажбурий равишда ўтказиб боради.

Иккинчидан, дейди Айитқулова, агар банклар тўловни тўлай олмаса, у ҳолда жамғарманинг давлатдан ссуда олиши ҳам кафолатланган.

- Яъни, агар банклардан келган тўловлар омонатларни қайтариш учун етмаса, у ҳолда жамғармага давлат томонидан ссуда ажратилиши белгиланган.

Аммо, ҳозирча бунга эҳтиёж йўқ. Яъни, бизда ҳали кризис сезилгани йўқ ва биз белгиланган муддатда жамғармага тўловларимизни ўтказаяпмиз, деди “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Тошкент шаҳридаги филиалларидан бири ходими.

Нақд пул тақчиллиги муаммосини эса¸ бу ходим мутлақо инкор қилди.

- Нақд пул тўловлари, тушумлари ва умуман, жисмоний шахслар билан муомала борасида бизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳаммаси жойида, дейди Ўзбекистон Саноат қурилиш банкининг Ҳамза туманидаги филиали омонат касса бўлими мудири Ирина Айитқулова.

Тошкент шаҳридаги биз боғланган банкларнинг ходимлари ўз мижозларининг ишончидан бонг ураяпти. Президент имзолаган янги қонун аҳолининг банкдаги омонатларини тўлиқ кафолатлашига ишонтирмоқда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб хабар тарқатган “Регнум” ахборот агентилигига кўра эса, Ўзбекистонда фуқароларнинг банкларга пул қўйиш кўлами 2008 йилда 1 триллион 700 миллирад сўмга ортган.

Бу расмий рақамлар бор гапми ёки йўқми, буни аниқлаш мушкул. Аммо, бундай рақамлар ўзбекистонликларнинг банкка ишончини ошириш ёки оширмаслигини тахмин қилиш мумкин.

- Биз пулимизни банкка қўймаймиз¸ уйда сақлаймиз. Доллар йўқоларкан¸ доллар синаркан деган миш-миш гаплар юрибди¸ дейди биринчи суҳбатдош.

- Пулдорларнинг банкка ишончи анча вақтлардан бери қолмаган. Ҳар бир пул ўтказиш процесси¸ менинг банкдаги шахсий бойлигим миқдори сир сақланса¸ органлар орқали текширилмаса¸ ана ўшанда мен пулимни банкка қўяман¸ дейди навбатдаги суҳбатдош.

- Банк деган нарсага одамларнинг ишончи йўқолиб кетган. Чунки Ислом Каримов бунақа қарорларни жуда кўп чиқаради¸ ваъдаларни жуда кўп беради. Аммо бу қарорлар хўжакўрсинга чиқарилади холос¸ дейди учинчи суҳбатдош.

Азиз муштарий! Ўзбекистон президенти имзолаган янги қонун¸ сизнинг Ўзбекистон банкларига ишончингизни оширдими? Мабодо қўлингизга ортиқча ақча тушиб қолса¸ уни ўзбек банкларига қўясизми ëки ҳалиям ота-боболардан қолган усулда¸ ëстиқ тагида сақлашни афзал биласизми? Марҳамат¸ мулоҳазаларингизни¸ шарҳ ëзиш орқали¸ бизга йўлланг. Сарфлаган вақтингиз ва фикрларингиз учун олдиндан ташаккур.
XS
SM
MD
LG