Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:34

Ҳуқуқ ҳимоячилари янги раҳбар сайлади


Ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубовнинг ўрнига “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти” президентлигига Абдужалил Бойматов сайланди.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубовнинг ўрнига “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти” президентлигига Абдужалил Бойматов сайланди.

Францияда рўйхатга олинган “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти” халқаро ташкилоти хориждан туриб Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш ишига самарали ҳисса қўша олишига ишонади.

"Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти" ўз иш услуби ва бошқарув тизимини ўзгартирди.

Францияда рўйхатга олинган “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти” халқаро ташкилот мақомини олгани ҳақида хабар қилган эдик. Эндиликда ташкилотнинг раҳбари ҳам ўзгарди. Аввалги жамият раиси Толиб Ёқубов ўрнига ташкилот аъзоси Абдужалил Бойматов президент этиб сайланди.

Шу тахлит шаклан ва мазмунан ўзгариш билан ташкилот Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни яхшилашга хизмат қилмоқчи. “Бу мақсадни қандай амалга оширмоқчисиз?” деган савол билан ташкилотнинг янги раҳбари — илк президенти Абдужалил Бойматовга мурожаат қилдик.

Абдужалил Бойматов: 6 май куни Франциянинг Анжер шаҳрида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг навбатдаги бешинчи қурултойи бўлиб ўтди. Бизнинг ташкилот халқаро инсон ҳуқуқлари жамиятига айланди. Аммо бизнинг ташкилот халқаро статусга эга бўлгани билан Ўзбекистон ичида фаолият олиб боради. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши тўғрисида мониторинг олиб боради ва буни дунë жамоатчилигига таништиради.

Уставимизга анча ўзгартиришлар киритилди. Ташкилот президенти ҳар икки йилда сайланади. Ташкилот президенти тўрт марта сайланиши мумкин. Ўз вазифасини яхши бажара олмаса¸ у икки йилдан кейин¸ тўрт йилдан кейин алмашиши мумкин. Яъни демократик сайлов йўли билан бошқа одам президент бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда демократик жамият қуриш учун Ўзбекистондаги мухолиф партиялар¸ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари демократик бўлиши керак. Ўзбекистон Конституциясига биноан¸ ташкилотлар ўзларининг низомига биноан раҳбарларини алмаштириб туриши керак.

Каримов 1989 йилдан президент бўлса¸ Абдураҳим Пўлатов ҳам шу йилдан бери Бирлик раҳбари. Ҳеч алмашгани йўқ. Эрк партиясида ҳам худди шундай ҳолат. Муҳаммад Солиҳ 1990 йилдан бери лидер. Лекин бу партиялар тазйиқ остида бўлгани учун низомлар кўпинча бузилган.

Мана, Хитой Коммунистик партиясида ҳам 10 йилдан кейин раҳбарлар алмашади. Хитой Коммунистик партияси ҳам бизнинг Бирликка¸ Эркка қараганда демократик. Мен ташкилотимизнинг демократик ташкилотга айланиши учун ҳамма кучимни сарф қиламан.

Озодлик: "Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти" Ўзбекистонда фаолият юритаëтган пайтда энг катта ташкилот эди. Аъзолари кўп эди. Ҳозир қанча аъзоларингиз бор? Мана, "структурамиз ўзгарди", деяпсизлар. Ташқарида туриб қандай қилиб Ўзбекистон ичкарисидаги аҳволни мониторинг қилиш мумкин?

- Андижон воқеаларигача ташкилотимизнинг тўрт юзга яқин аъзоси бор эди. Андижон воқеаларидан кейин жуда кўп аъзоларимиз қамалди. Ҳозир тўққиз киши қамоқда. Жуда кўплари чет элларга чиқиб кетишди. Кўплари фаолиятини тўхтатишди.

Ўзбекистондан чиқиб кетганлар билан бундан кейин уюшган ҳолатда фаолиятимизни активлаштирамиз. Ўзбекистонда қолган аъзоларимиз билан ташкилотимизнинг филиалини очишга ҳаракат қиламиз.

Бизнинг ташкилотнинг кўп аъзолари ва кўплаб мухолифат вакиллари Европада. Биз шу имкониятдан фойдаланамиз. Яъни Европадаги демократик жамоатчилик билан биргаликда ҳамкорлик қилиб¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишини бутун дунë жамоатчилигига етказамиз.

Шу йўсинда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволининг яхшиланиши учун ҳаракат қиламиз¸ - дейди Абдужалил Бойматов.

Шу кунларда бу ташкилот Ўзбекистонда ўз бўлимини очиш учун Адлия вазирлигига мурожаат қилган. Ташкилотнинг эндиликда собиқ раиси Толиб Ёқубов Ўзбекистон ҳукумати хориж ташкилоти сифатида бу жамият бўлимига Ўзбекистонда ишлаш имконини беришига умид билдирди.

Эслатиш жоиз, "Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти"га мамлакат ичкарисида фаолият юритиш учун ўз вақтида рухсат берилмаган ва ташкилотнинг 9 аъзоси шу кунларда Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтамоқда.
XS
SM
MD
LG