Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:22

Мустақилликнинг 20 йиллиги Навоий кутубхонасига янги бино берди


1 сентябрга қадар битказилиб, Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига берилиши кутилаётган бино қурилишидан олинган фотосурат.
1 сентябрга қадар битказилиб, Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига берилиши кутилаётган бино қурилишидан олинган фотосурат.

Бисотида 10 миллиондан ортиқ ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарини жам қилган миллий кутубхонанинг 1 сентябрда янги бинода иш бошлаши кутилмоқда.


Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси мамлакат Мустақиллигининг 20 йиллиги баҳонасида янги бинолик бўладиган бўлди.
Шу кунларда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги буюртмаси билан қурилаётган янги бинонинг томини ёпишга ҳозирлик бормоқда.

Агентликнинг Озодлик саволларига жавоб берган ходимига кўра, бинони 1 сентябрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

- Ҳозир янги бинони жиҳозлаш бўйича тендер эълон қилинган. Кейин тендер натижаларига қараб, бино жиҳозланиши бошланади. Хабарингиз бўлса керак, бино қурилиши охирига яқинлаб қолган,- деди вазирлик ходими.

Янги кутубхона биноси Мустақиллик майдони ёнида жойлашган Навоий кутубхонасига қарашли китоблар сақланадиган бинонинг шундоққина ёнида қурилмоқда.

Агентлик расмийлари янги кутубхона ҳажми ва бино лойиҳаси қиймати ҳақидаги саволларимизга жавоб беришдан бош тортди. Аммо биз билан микрофонсиз суҳбатлашган ходимга кўра, янги бино жуда улкан ва жуда муҳташам қилиб қурилмоқда.

Боиси, бу бинода Навоий кутубхонаси билан бирга Халқаро Симпозиумлар маркази ҳам жойлашади.

Озодлик билан суҳбатда кутубхона ходимлари шу кунларда Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида бўлиши кутилаётган янги бинонинг очилиш маромсимига ҳозирлик бораётганини маълум қилишди.

Шу боис, мижозларга хизмат кўрсатиш жуда чекланган ва мижозларнинг сони ҳам чекланган.

Шу йилнинг 4 мартида миллий кутубхонанинг Мустақиллик майдони ёнида жойлашган биноси бузила бошлагани ҳақида хабар берилган эди.

Бу хабарларни тасдиқлаган кутубхона ходимлари китобларнинг бир қисми Тошкент шаҳари Қатортол мавзесидаги АТС биносига кўчирилаётганини айтган эди.

Озодлик мухбири ўшанда боғланишга муваффақ бўлмаган, аммо, бу гал қисқагина суҳбатлашиш имкони туғилган миллий кутубхона директори Абдусалом Умаров март ойида берилган хабарлар, ҳатто, унинг ходимларидан олинган хабарларни ҳам инкор қилди.

Унинг сўзларидан янги бино қурилиши-ю, унинг шаклу-шамойили, шарт-шароити қандай бўлиши ҳақида миллий кутубхона жамоасининг хабари йўқмикан, деган тасаввур пайдо бўлди.

Боиси, Абдусалом Умаров янги бино қурилишига оид ҳеч бир саволимизга жавоб беролмаслигини айтди.

Аммо, у киши март ойидаги бузилишлар масаласига ойдинлик киритди.

- Қурилаëтган объектга тўғри келиб қолган биттагина эски бино бор эди, ошхонанинг ўрни бўлган ва унда баъзи бир китоблар турган эди. Улар дублет китоблар эди. Ўшани бузишди. Чунки бу қурилаëтган объектнинг ичида қолиб кетадиган эди. Ўшани биз бошқа жойга олиб чиқиб турдик. Жуда арзимаган китоб эди. Спорт бўлими. У ерда 51 мингта китоб бор эди. Улар ҳозир обработка қилиниб яхшиланган ҳолатда турибди. Қурилгандан кейин биринчи бўлиб ўша китоблар жойлаштирилади,- деди Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Абдусалом Умаров.

Миллий кутубхона директорига кўра, ёндош бинодан кўчирилган адабиётларга ҳеч қандай зиён етмаган.

Навоий кутубхонаси Марказий Осиёдаги энг йирик кутубхоналардан бири ҳисобланади ва унинг бисотида 10 миллиондан ортиқ ўзбек ва жаҳон адабиёти намунаси, 250 мингдан ортиқ ноёб нашр ва қўлёзма бор.

2003 йилда кутубхона аҳли илмларнинг севимли макони бўлган Мустақиллик майдонидаги қадимий ва муҳташам биносидан айрилганда кўпчиликни бу бино бағридаги китоблар тақдири ташвишга солган эди.

Озодлик сваолларига жавоб берган кутубхона директори бундай хавотирларга асос йўқлигини ва китоблар жуда яхши сақланаётганини айтди.

- Мустақиллик майдонидаги китобларнинг ҳаммаси ҳозир Хоразм кўчаси 51-уйда жойлашган.

Абдусалом Умаровга кўра, ҳозир қурилиши якунланаётган бино мутлақо замонавий ва китобхонлар учун замонавий информацион технологиялар имкониятлари даражасида хизмат кўрсатадиган масканга айланади.

- Энг замонавий қулайликлар китобхонларга яратилади. Автоматлаштирилган ҳолатда, компютерлаштирилган ҳолатда энг янги кутубхоналардаги ахборот-технологияларни жорий этган ҳолатда бўлади,- дейди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори.

Бу қулайликлар китобхонларга манзур келишига шубҳа қилмаслигини қўшимча қилади у.

Ўзбекистонда шу кунларда кутубхоналардаги адабиётларни электронлаштириш жараёни давом этмоқда.

Шу кунга қадар аксар йирик кутубхоналар, хусусан, Навоий кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги кутубхоналардаги анчагина адабиёт электрон шаклга ўтказилгани ҳақида расмий хабарлар берилган эди.

Сўнгги 10 йил ичида илмий тадқиқот билан шуғулланган ва кунларининг каттагина қисмини Тошкент шаҳридаги кутубхоналарда ўтказиб юрган тошкентлик тадқиқотчи Шохиста Каримова электронлаштириш жараёни суръати бироз секин бораётганига гувоҳ бўлганини айтар экан, айниқса, Навоийдек улкан кутубхонани компютерда ўтириб ўқиш имконига эга бўлиш учун яна бир неча ўн йил кетар, деб тахмин қилади.

- Мен кўп бора ишладим ўша электрон нималар билан. Фанлар академияси билан ҳам, Навоий билан ҳам. Ҳали картотекани тўлиқ электронлаштириб улгурилгани йўқ. Масалан, қидирган китобларингиз картотекада бор, қоғозда. Лекин электрон форматида қидирсангиз, чиқмайди. Назоратчига бориб мурожаат қилганимда “Ҳа бу ҳали киритилмаган бўлим” деган жавобларни олган пайтларим бўлган, дейди тошкентлик тадқиқотчи Шохиста Каримова.

Шу кунларда ўқитувчилик қилаётган суҳбатдошимизга кўра, кутубхоналар худди ривожланган ғарб давлатларидаги каби тўлиқ ва тез электронлаштирилган тақдирда ҳам Навоий кутубхонасидек масканларга барибир эҳтиёж сақланиб қолади, деган фикрда.

- Бунинг биринчи сабаби, бизникига ўхшаган давлатларда йиллар давомида энг арзон ва энг қулайи барибир кутубхонанинг ўзи бўлиб қолаверади. Чунки, бу масала кутубхонанинг электронлашигина эмас, китобхонларнинг электрон воситаларига қурби етиши билан боғлиқ, дейди суҳбатдошимиз.
Яна бир сабаби эса ҳар бир давлатнинг ўз миллий кутубхонаси бўлиши ва унинг ичидаги миллий бойликлар ҳамиша аҳоли кўз ўнгида туриши зарурати билан боғлиқ.

Шундай дер экан, Шохиста Каримова Навоий кутубхонасига муҳташам ва қулай бир бино берилиши, кутубхона жамғармаларининг бир неча масканларда эмас, балки айнан бир бинода жойлашишини йиллар давомида орзу қилганини айтади.

- Аввал, кутубхонанинг бир биносида китоб буюртма қилсангиз, уни бошқа биносидан бориб олишга тўғри келар эди. Бу эса вақт, пул талаб қилар эди. Шунинг учун бунақа бир алоҳида бинонинг бўлиши мен қатори ҳаëти китоб билан боғланган, илмий соҳада юрадиган одамлар учун, аллақачондан бери орзу эди.

Хоҳ у келажакда 100 фоиз электрон бўлиб, бу как бир экспонат бинога айланиб қолсин, масалан кўргазмали бино ёки бошқага айланишидан қатъий назар, муҳташам бир бинода Ўзбекистон миллий кутубхонасининг архиви сақланиши менга фақат қувонч бағишлайди, дейди Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида янги бинолик бўлиш имконига муносиб кўрилган Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг доимий мижози Шохиста Каримова.

Эслатамиз, Алишер Навоий номидаги кутубхона илк бор 1870 йилда Тошкентда жамоа кутубхонаси сифатида ташкил қилинган эди. Кутубхонанинг илк фонди 2200та китобни ташкил этган эди.

1948 йилда кутубхонага Алишер Навоий номи берилди ва ўша йили Тошкент марказида қурилган уч қаватли бинога кўчиб ўтди.

2002 йилда бу кутубхонага Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона номи берилди ва бу янги бино, агар 1 сентябрда иш бошласа, кутубхона ташкил этилганининг 140 йиллигига жуда гўзал бир совға бўлади.
XS
SM
MD
LG