Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:59

Шри Ланкада 25 йиллик уруш тўхтади


Шри Ланка расмийларига кўра, ҳукумат қўшинлари "Тамил йўлбарслари" тирик қалқон сифатида фойдаланган тинч аҳоли вакилларини қутқаришга эришган.
Шри Ланка расмийларига кўра, ҳукумат қўшинлари "Тамил йўлбарслари" тирик қалқон сифатида фойдаланган тинч аҳоли вакилларини қутқаришга эришган.

"Тамил йўлбарслари" гуруҳи вакили жангарилар “ўз қуроли овозини ўчиришга қарор қилган”нини маълум қилди. Мамлакат президенти Маҳинда Ражапакса эса 25 йил уруш қилган жангарилар устидан ғалабага эришилганини эълон қилди.

Шри Ланка ҳарбийлари матбуот вакилининг маълум қилишича, сўнгги 3 кун давом этган кураш натижасида жангарилар тамомила яксон қилинган.

Матбуот вакили Бригадиер Удая Нанаяккара ҳукумат қўшинлари тўқнашувлар борган ҳудуддаги аҳоли вакилларининг ҳаммасини қутқарганини айтди. Ҳарбийларга кўра, "Тамил йўлбарслари" тинч аҳоли вакилларидан тирик қалқон сифатида фойдаланган.

Шри Ланка ҳарбийлари ҳукумат қўшинлари жанг ҳаракатлари чоғида 70 та жанггарини ўлдирганини маълум қилди. Лекин "Тамил йўлбарслари" етакчиси Велупиллай Прабҳакараннинг тақдири номаълум қолмоқда.

Сўнгги бор берган баёнотида Прабҳакаран тирик таслим бўлмаслигини айтиб, қасам ичган эди. Шри Ланка ҳукумат қўшинлари тахминича, "Тамил йўлбарслари" етакчилари ҳануз уруш ҳудудида бўлиши ва қўлга олиниши муқаррар бўлган паллада ўз жонига қасд қилишни кўзлаётган бўлиши мумкин.

-"Тамил йўлбарслари" назорат қилган ҳудуднинг асосий қисми жангарилардан тозаланди. Қўшинлар ичкарига кирди ва фуқароларни қутқарди. Ҳозирча, фақат 800 квадрат метр атрофидаги ҳудуд жанггариларнинг қўлди қолди. Бу ерда "Тамил йўлбарслари"нинг бункерлари бор. У ерга яқинлаётган ҳарбийлар у ёқдан портлаш овозлари келаётгани, ёнғин кўринаётганини айтмоқда. Афтидан, улар ўз жонига қасд қилишга уринмоқда”,- деди Шри-Ланка ҳарбийлари матбуот вакили.

Унга кўра, мамлакат ҳарбийлари тез орада "Тамил йўлбарслари" гуруҳи етакчиларини ҳам қўлга олади.

БМТнинг мамлакат пойтахти Коломбо шаҳрида бўлган вакили Гордон Вейс ташкилот вакиллари уруш ҳудудидан олиб чиқилган аҳоли билан учрашишга ошиқаётганини айтди:

- Бизнинг тушунишимизча, пайшанба кунидан буён бу ҳудудни 20 мингга яқин аҳоли тарк этган ва яна 30 мингдан 80 мингга қадар аҳоли ҳануз тўқнашувлар борган ҳудудда қолмоқда. Бу аслида Вашингтондаги Марказий паркка атига учта келадиган ҳудуд. Бу ерда жуда шиддатли отишмалар бўлган. Шу боис, биз бу ҳудудни тарк этаётган аҳоли тақдиридан жиддий хавотирдамиз. Тахминимизча, қурбон бўлган ва жароҳатланганлар сони кўпчиликни ташкил этади,- деди БМТнинг Коломбодаги вакили.

Якшанба куни шри ланкаликлар кўчаларга чиқиб, "Тамил йўлбарслари" батамом мавҳ этилганини нишонлади. Шанба куни мамлакат президенти Маҳинда Ражапакса Иорданияга сафари чоғида “Тамил йўлбарслари” устидан мутлоқ ғалаба қозонилганини эълон қилди.

- Мен бу улуғ йиғин иштирокчиларига ўз ҳукуматим ниҳоят "Тамил йўлбарслари"ни маҳв қилганини маълум қилишдан фахрланаман. Мен энди "Тамил йўлбарслари"нинг ваҳшиёна ҳаракатларидан ҳоли бўлган юртга қайтаман,- деди Шри Ланка президенти.

Ҳукумат қўшинлари ва "Тамил йўлбарслари" гуруҳи ўртасида 25 йил давом этган қуролли тўқнашувлар чоғида 70 мингдан зиёд одам қурбон бўлган ва бу кураш тарих саҳифаларига замонавий дунёнинг энг йирик низоси сифатида муҳрланди.

Бундан ташқари, "Тамил йўлбарслари" зиммасида кўплаб террорчилик хуружлари, суиқасдлар, шу жумладан, Ҳиндистоннинг собиқ Бош вазири Ражив Гандига суиқасд учун масъулият бор.

Бу қуролли гуруҳ АҚШ, Европа Иттифоқи ва Ҳиндистонда террорчи гуруҳ сифатида қайд этилган.
XS
SM
MD
LG